(БОЛАЛИК ХОТИРАЛАРИ)
Бугун қарийб 80 ёшлар атрофидаги нуроний отахонни масжидга етаклаб олиб
кираётган 5-6 ёшлардаги болакайга кўзим тушди. Ўзбекнинг ажойиб тарбиясидан хурсанд бўлдим.
Балки отахон ҳам болаликларида бобосига ана шундай тиргак бўлгандир?! Қайтар дунё, дейдилар ахир. Болалигим ёдимга тушди.
Бобом жуда тартибли, қаттиққўл ва
билимли инсон эдилар. Бувим эрта вафот этганларидан сўнг, бобомга кўмаклашиш
фарзанд ва набиралар зиммасига тушди. Бобомнинг қон босими бўлгани боис, кечалари кўтарилиб, кўп безовта қиларди. Бунақа ҳолатда,
табиийки, одам қийналади ва тажанглиги ортади, инжиқланади. Шу сабаб, акам
“кирмайман, бобом бекорга сўкаверади” деб кирмас, укам эса кичкина эди. Ўртанча
ўғил эканимданми ёки сал ювошлигим учунми, ота-онам аксар ҳолларда кечалари
бобомни ёнига мени киритишарди.
"Чиқдингми,
Чимбой?", дердилар. Болалигимда эркалаб мени Чимбой деб чақирардилар.
Дастурхонда доим магиз, ёнғоқ, бодом, асал, лимон, марвартак тут талқони, беҳи, хуллас,
ўзимизнинг чорбоғда етиштирилган барча маҳсулотлар, ҳатто қишда ҳам бўларди. Биринчи
ва муҳим ишим оёқларини устига чиқиб, уқалаш эди. Ёзган шеърларини ўқиб
берардилар. Кечаси соат 1-2 да қон босимлари ошиб кетса, қўшни дўхтирни чақириб
чиқар эдим. Қўлларини, елкаларини уқалаб қўйсам, “Чимбойни қўли енгил. Яхши
дўхтир чиқади бундан”, дердилар ота-онамга. Шунданми бир муддат шифокор бўлиш
орзу-нияти билан юргандим. Бироқ бобомдан ўтган ижодкорлик мени журналистика
оламига тортиб кетди.
Бобом шифохонада қон босимидан даволанадиган бўлганда ҳам уларга қараш,
доимгидек, менинг чекимга тушди. Кўп йиллар катта лавозимларда ишлаганлари,
дунёқарашларининг кенглиги боис кўпчилик танирди, ҳурмат қилишарди. Ўз
навбатида тўғрисўз ва ҳалоллиги одамларга ёқмас эди. Шифохонада ҳам сезиларди
бу. Мен палатади катта ёшлилар “Бобонг яхши одаму бир оз инжиқроқ-да”, деб
гапириб қўйишарди. Айниқса, сериалчи хотинлар бобомни, менга очиқ айтишмаган
бўлса-да, унча ёқтирмасликларини билар эдим. Айни аллақайси сериаллар пайти (1996-1997
йиллар) бобом чиқиб, “Шу сериалдан нима фойда? Ундан кўра “Ахборот”
кўрмайсизларми” деб, ўзлари ҳар куни “Ахборот” кўрардилар. Бечора хотинлар эса,
бир сўз демай, палаталарига кириб кетишарди.
Касалхонада даволаниб чиқдилар. 1998 йил сентябрь ойида яна шифохонага
ётадиган бўлдилар. Отам-онамнинг “Бу гал ким қарайди?”, деган саволларига “Мен
мактабдан қолиб кетаман”, деб унамадим. Бу гал укам қарайдиган бўлди.
Касалхонада ҳаёт билан видолашдилар. Машъум хабарни эшитгач, мактабдан уйгача йиғлаб
келганман. Ўшандан буён “Нега ўшанда рози бўлмаганман”, деб кўп афсусланаман. “Мендан
ҳафа бўлмаганмилар” деб кўп ўйлайман. “Хали изимни ҳам қидириб, топа
олмайсизлар”, деганлари эсимда. Аллоҳ умр бериб, кўпроқ яшаганларида улардан яна
ҳам кўпроқ ўрганармидим?!
“Кексаларни эъзозлаш йили” якунида бир гапхонам очилди-да. Маъзур
тутасиз! Бобонгиз, бувингиз ҳаёт бўлса, уларнинг дуосини олинг!