“Ўзгарибсиз” дейсан. Бўлиши мумкин:
ахир бошдан оёқ ўзгарди дунё.
Одам, ҳаво, тупроқ аввалгидекмас,
Менда ўзгаришлар бўлмайди ё?
Оқибатни кўмдик охир-оқибат,
Ҳуқуқлар ҳақида кимдир чертар соз...
Хов иссиқ юртларда полапонлар оч,
Менинг эса сочим тўкилган бир оз...
Гўдаклар, гўдаклар, маъсум гўдаклар,
Балиққа айланиб кетди қанчаси...
Ерталаш, зарталаш—сарсон-саргардон
эрта манзилига етди қанчаси...
“Ўзгарибсиз”, дейсан. Ҳа, мен ўзгардим:
дийдам қотди анча, кечдим рўёдан.
Саҳрои Кабирга қор ёғди, ахир,
Ўзгармай бўларми шундай дунёда?!
Ўзгардим. Сезибсан. Аввалги “мен” йўқ,
Ишга кўмилганман эртадан то кеч.
Музтоғ эримоқда, мен худбин эса,
Онамни кўргани вақт топмайман ҳеч.
Майли, хайрон бўлма, ҳаммаси яхши
Ҳеч кимнинг айби йўқ—ўзимдан гинам.
Кўп нарса ўзгарди, тўғри ва лекин
Меҳрим ўзгармади сенга биргина...
Комментариев нет:
Отправить комментарий