вторник, 21 февраля 2017 г.

Йўллар—кўллар!


Sof.uz фотоси
Ёмғир ёғса, бизга Худо беради. Агар бир сутка тинмай ёғиб турса борми, чуқурман деган ҳамма жой сувга тўлади-қолади. Боз устига кўчаларимизда чуқурдан кўпи йўқлиги аниқ. Буни автомобиль минган ҳам, минмаган ҳам яхши билади. Энг камида йўловчи бўлиб, чуқурларнинг жафосини чекканмиз. (Ҳа, айтганча, эсимга тушди. Ўтган йили Нурафшон кўчада қаттиқ ёмғирдан ҳосил бўлган кўлмакда бир ўпкаси йўқ ҳайдовчи сувга чўмилтириб кетганди. Бу ҳам бир факт) Хуллас, гап нима ҳақида бораётганини англадингиз!
Sof.uz фотоси
Куни кеча анча ноқулай ҳолатга тушдим. Белорусиялик журналистлар “СССРсиз 25 йил” деган материал тайёрлаш учун Тошкентга келганди. Уларни бир кун давомида бириктирилган манзиллар билан таништиришга тўғри келди. Биринчи маротаба Ўзбекистонда бўлган тенгқур журналистларда юртимиз яхши таассурот қолдирди, чамамда. Айниқса, миллий таомларимизнинг таъмига юқори баҳо беришди. Сомса, кабоб, ош... (Чалғиб кетдим, узр)

Ўша куни ёмғир тинимсиз ёғиб турганди. Шаҳар бўйлаб машинада белгиланган манзиллар томон кетиб борар эканмиз, сув остида қолган чуқурлар билан “саломлашиш”га тўғри келарди. Тажрибали ҳайдовчи қанча ҳаракат қилмасин ҳеч “ чуқурлар зиёрати”дан қоча олмасди. Тез-тез машина ойнасига лойқа сувни кўллатиб сочиб кетишарди. Бир хижолат бўламан. Бир ноқулай бўламан. Аммо имкон қадар  меҳмонларни чалғитишга ҳаракат қилиб, гапга тутардим. Қурмағур уддабурон ҳайдовчилар ҳам “чўмилтириш”ни канда қилмасди. Гап орасида улардан бири “Шумахерлар кўп экан-а”, деб ҳазиллашиб ҳам қўйди. “Кўриб турибсиз, машина кўп. Хушёр бўлмасям бўлмайди”, деб қўяқолдим. Суҳбат чоғида барибир йўл мавзусида “Нега йўлга сув тўпланган? Оқиб кетадиган канализация йўллар йўқми”, деб савол берди. Мен эса “Бор, албатта. Ҳозир Тошкентдаги йўлларда махсус қарорга мувофиқ катта таъмирлаш бошланган. Ноқулайликлар шундан”, деб жавоб бердим. Аслида эса эътибор берсам, кўп йўлларда сувлар оқиб чиқиб кетадиган махсус сув йўли-ариқ(кювет)лар йўқ экан. Бечора сув нима қилсин, сал нишаброқ жойни топиб, макон тутади-да. Қарабсиз, кучли ёмғирдан сўнг Тошкент Венецияга айланади-қолади. Кечаги ёмғирдан кейин интернетда тарқалган расмлар гапим исботи (мободо ишонмайдиганлар бўлса)
Кемалар, бор, кемалар! (Sof.uz фотоси) 
Ҳеч нарса ўз ўзидан содир бўлмайди. Айтайлик, мен бекатда турсам, бир машина сув сачратиб ўтиб кетди. Бу учун унга маъмурий жазо берилади. Бироқ ҳайдовчи буни ўзи хоҳлаган дейсизми? Сувдан машинани олиб қочса, кимгадир урилади, икки ҳисса қоидабузарлик ва 10 ҳисса зарар! Умуман олганда, йўлдаги носозликлар сабаб мудҳиш йўл транспорти ҳодисалари рўй бериши ҳолатлари ҳам кам эмас.

Юқоридаги гапга қайтсам. Ватанимиз ҳақида хорижлик журналистларга тўлиб-тошиб айтган гапларим (Бор гапларни айтдим. Ўйламанг ошириб-тоширибди, деб ўйламанг) бир тарафу йўлдаги носозликлар бир тараф бўлди. Ҳар ҳолда меҳмон “пойтахт йўллари” деган жойига маълум бир “хулосалар”ни ёзиб олгани эҳтимолдан ҳоли эмас. (Чуқурга тушиб чиққан машина қиррасига бошини уриб олгани, йўл четидаги кўлмакка тушиб кетгани ҳақидаги хотиралар ҳам ёзиб қўйилса, ажабланмайман)
Куни кеча Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2017-2018 йилларда минтақавий автомобиль йўлларини ривожлантириш дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Дастурга мувофиқ, биргина Тошкент шаҳри бўйича 332 километр йўллар ва кўчаларни таъмирланиши назарда тутилган. Умумий ҳисобда эса 2017-2018 йилларда 5454 километр, жумладан, 2017 йилда – 2700 километр, 2018 йилда – 2754 километр хўжаликлараро қишлоқ автомобиль йўллари, шаҳарлар, шаҳар посёлкалари, қишлоқ ва овулларнинг кўчаларини капитал ва жорий таъмирлаш белгиланди. Ана шуларни инобатга олиб, яқин йилларда йўл носозлиги муаммолар барҳам топади, деб умид қилсак бўлади.

Хуллас, гап кўп, кўмир оз. Кўп соҳаларда кузатилаётган ўзгаришлардан мамнунмиз ва биз ҳам ўз сўзимиз, касбимиз билан бу жараёнларда иштирок этишга тайёрмиз.   
Венеция эмас! (Sof.uz фотоси)

Муслим Мирзажонов