Яқинда Фарғонага, туғилиб ўсган Риштон туманига
бордим. Маълумотнома олиш учун Дашт-Пандигон маҳалла фуқаролар йиғинига ҳам
кирдим.
Ишни битириб чиқаётган маҳалда қўшни хонадаги кутубхонага ҳам бир бош суқмоқ нияти
туғилди. Қарасам, у ер таъмирланаяпти. Ҳамроҳимдан кутубхонани таъмирлашаяптими, деб
сўрадим. У эса “Йўқ, ҳозир бу жой кутубхона эмас. МФЙга хона қилиб берилди. Кутубхона
қайсидир лицейнинг балансида бўлган экан. Йўқ бўлиб кетди”, деди. Биров бошимга
гурзи билан тушургандек бўлди. Қандай қилиб? Бутун бир бошли маҳаллада энди
кутубхона бўлмайдими? Ахир қанча яхши китоблар бор эди, деган саволлар
хаёлимдан ўтди.
Эсимда: ўқувчилик йилларимизда дарсдан кейин
қишлоғимиз кутубхонасига кўп кирардик. Айниқса, абитуриентлик йилларимда
билимлар базасини шу даргоҳда тўлдирганман. Ҳар душанба сумкамни тўлдириб китоб
олиб кетардим ва бир ҳафта оилавий ўқиб, кейинги душанбага яна олиб бориб
берардим. Шу тариқа ўзбек ва жаҳон адабиётининг жуда кўп дурдона асарларини
собиқ кутубхонадаги китоблардан ўқигандим. Кутубхоначи опалар (Норинисо, Шоира,
Барно опалар) энг нодир, ноёб, хатто уйга бериб юборишга кўзи қиймайдиган
асарларни “Майли, сизга китобни берамиз”, дейишарди. Менинг ҳаётимда бу собиқ кутубхонанинг ўрни жуда катта...
Ҳар сафар кирганимда мактаб болалари ё
газета-журнал ёки китоб титкилаб ўтиришарди. Ҳар-хил халқ сайлларида
кутубхоначи Норинисо опа Хусанова “Маҳалланинг энг яхши китобхони”, “Энг яхши
китобхон оила” номинациялари ташкил қилиб, совғасига китоблар берарди. Бу 13-15
йил аввалги гаплар. Афсуски, бугун эса маҳалламиз кутубхонаси мен каби
китобхонларнинг хотирасида қолди...
Жорий йилнинг 12 январь куни “Китоб
маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва
китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш
тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармойиши эълон қилинди. Бу
китобхонлик тарғиботини аҳоли орасида янада кучайтиришда муҳим қадамлардан бири
бўлди. Шу фармойиш сабаб кутубхоналар фаолияти тартибга солиниб, бу борадаги
ишлар янги босқичга кўтарилишидан умид қиламиз.
Шу ўринда яна бир мулоҳаза: Шаҳар
марказларида қурилаётган бир-биридан кўркам ва бой китоб фондига эга
кутубхоналар ва китоб дўконларининг кўпайиб бораётган яхши. Ўз навбатида олис
қишлоқларда ҳам шу каби масканлар фаолиятини йўлга қўйилса(агар йўқ бўлса ёки
тугатилган бўлса), айни муддао бўларди. Чунки қишлоқ одамларининг ҳаммасида ҳам
марказга бориб, китоб дўконини оралашга ёки кутубхонага киришга имкон йўқ.
Аввалгидек кутубхоналар фаолияти жонланса, китобхонлар сафи ўз-ўзидан
кенгайишига ишонаман...
P/S: Айтганча, Чингиз Айтматовнинг
“Алвидо, эй Гулсари!” қиссасини, Эрнест Хеменгуейнинг “Алвидо, қурол!” романини,
Тоҳир Маликнинг “Алвидо, болалик” қиссасини ҳам айнан ўша (тугатилган) кутубхонадан
олиб, ўқиб чиққандим...
Муслим Мирзажонов