среда, 25 апреля 2018 г.

Мардикор бозори эмас, “Умид дарахти”!



Яқинда таътил олиб, оилам билан қишлоққа бордим. Ота ҳовлига бормаганимга ҳам бир йил бўпти. Ҳа, иш, бола-чақа ташвиши, деб ойларни йилларга улаб юрибмиз. Гоҳида ишнинг кўплиги, гоҳида эса чўнтакнинг “шамолга макон” экани водийга бормасликка важ бўлади.
Қишлоқ ҳали ҳам ўша-ўша. Ёз келиб, рус ўлкасида жавлон ураётган йигитларнинг пулига қурилаётган, таъмирланаётган уйларни, бир неча ҳамқишлоқларимнинг дорилбақога риҳлат қилганини айтмаганда, айтарлик оламшумул ўзгариш сезмадим(доимгидек)...

 Кўчага чиқсанг, хотин-халаж, бола-чақа, кексалар ёки меҳнатга лаёқатсиз касалванд одамлар, қолаверса, тайинли иши бор эркаклардан бўлак ҳеч ким кўринмайди.
Эсимда: болалик чоғларимда тушлик чоғида қишлоғимиз одамлари маҳалла марказидаги катта толнинг тагида, анҳор бўйида салқинлаб ўтирарди. У ер доим гавжум бўлиб турарди. Ким билсин, бугун ҳамма иш билан бандми ёки аввалгилар бекорчи-танбал бўлишганми?! Менимча, биринчи вариант ҳақиқатга яқинроқ...

Бошқа жойларда қанақа билмадиму, лекин биз томонларда қўлидан иш келадиган, аниқроқ айтганда, битта ғиштқолипни кўтаришга қуввати бор бола борки, бекор юрмайди. Қандайдир фойдали меҳнатга бириктирилган. Биз бу ёшда лагерга бориб, таътилни завқли ўтказардик. Бугунги қишлоқ болалари эса лагерь, оромгоҳ нималагини билмайди ҳам...
Хуллас, ҳозирда 14-15 ёшли ўсмирлар ҳам ўз эҳтиёжи, айтайлик, кийим-кечак, китоб-дафтарлар сотиб олиш учун маблағни аксар ҳолларда ўзи топар экан. Энг кенг тарқалган меҳнат тури — бу ғишт қуйиш. Ўсмирларнинг қўлидаги қиммат телефон, устидаги кийим-кечаклар ана шу пуллардан.  Бекор ўтирадиган одамнинг ўзи йўқ!

Узр, бир оз чалғиб кетдим.
Бир куни ўртоғим телефон қилиб, “Зерикмадингми? Юр, Риштонга бориб келамиз, иш бор”, деди. Шаҳарнинг тиғиз ҳаётига ўрганиб қолган мен қишлоқликка ҳам бу таклиф маъқул тушди.
Ўртоғим қишлоқда инглиз тилидан дарс беради. Ҳаётидан мамнун. Ойлиги ҳам яхши. Қишлоқ болаларига репиторлик қилади. Ўқувчилари ҳам кам эмас. Қийналиб ўқиганларининг чарчоғи бугун чиқаётганини айтади. Менга ҳам “Нима қиласан шаҳарда қийналиб, кел, ўзимизда ишла”, дегани-деган. Биз эса ҳали ҳам юксак чўққиларга кўз тиккан, катта одам бўлиш истаги билан 33 ёшдан ошган мағрур. Ҳали-бери қишлоққа қайтиш нияти йўқ...

Хуллас, ўртоғим билан туман марказига бордик. Ўртоғим пластик картасидаги пулини фоизга нақдлаб олиш учун бир катта дўконга кириб кетди. Мен эса уни ташқарида кутишга қарор қилдим.
Бир пайт қаршимдаги вокзал ёнида одамлар тўп бўлиб турган жойга кўзим тушди. Бу ер, бадиийроқ қилиб айтганда, меҳнат бозори, халқона айтганда эса мардикор бозори. Қарасам, одамлар унча кўп эмас. Чинорнинг остида қуёш тиғида ишлаб қорайган, одми кийими хилвираб турган турли ёшдаги одамлар ўтирибди. Нигоҳларидан турмушнинг мингта муаммоси, мингта машаққати мўралаб тургандек. Кимлардир сояга ўтириб олиб, ўткан-кетганга илинж билан қарайди. Кимдир шеригига гап сотади. Яна кимдир катта йўлдан ўтаётган машиналар шовқинига қарамай, дарахтга суянибгина пинакка кетган. Асли оқ бўлса-да, униқиб, қорайиб кетган кепка кийган яна бир йигит эса қўлидаги кичкина тош билан ўзи ҳам тушунмайдиган бир нималарни беихтиёр ерга чизиб ўтирибди. Ўзи шу ердаю, хаёли хонадонида йиғилиб ётган муаммоларда бўлса керак, ҳойнаҳой... 
Эркаклардан ҳийла узоқда эса 5-10 чоғли аёллар ҳам туришибди. Улар ҳам мазкур бозорда ўз меҳнатини сотиб кун кўрадиганлар. Қиларга иш йўқ, қоринни эса тикиб бўлмайди...
“Бу ожизаларни мардикор бозорига чиқариб қўйган эркаклари қани”, деган саволлар турли жавоб вариантлари хаёлимдан ўтади: бири эрсиз, бирининг хўжайини ё қозоқ элида ё рус диёрида бедарак кетган ёхуд уйига бир сўм жўнатмайди. Яна бирининг турмуш ўртоғининг топгани рўзғор базўр етади ё етмайди. Хуллас, бу ердагилар ҳавас учун меҳнат бозорига чиқиб ўтирганлари йўқ...
Шу тобда яна болалик манзаралари кўз олдимдан кино тасмасидек ўтади. Биз мактабда ўқиб юрган кезлари (1991-2000 йилларга қадар) техникум ёки олий ўқув юртларига кира олмаган хотин-қизларнинг аксари туманимиздаги тўқимачилик фабрикасига ишга кирарди. Мактабдан қайтар чоғимизда аёллар бекатда қалдирғоч болаларидек тизилиб турган бўларди ва уларни фабриканинг махсус автобуси олиб кетарди. Айтмоқчи бўлганим, мазкур корхона ўша пайтларда туманимизнинг жуда кўп аёлларини иш билан таъминлаганди. Билишимча, ҳозирда текстиль корхонасининг ишлаб чиқариш қуввати аввалгидек эмас. Айтмоқчи бўлганим, аввалгидек ишлаб турганда меҳнат бозорида турган ана шу аёллар ҳам ўша корхона фаолият юритаётган бўлармиди...

“Зерикиб қолмадингми”, деган овоз хаёлларимни хар томон тариқдек сочиб юборди. Ўртоғим қўлтиғига пакетдаги пулни қистирганча дўкондан чиқарди.
Мен фурсатдан фойдаланиб, “Ўртоқ, бугун мардикор бозори сустми дейман?”, дедим. У эса “Бу ер мардикор бозоримас! Номи ўзгарган”, деди. “Ие, нима деб ўзгартиришди?”, деб сўрадим! “Бу ерни “Умид дарахти”, деб аташади”, деб жавоб қайтарди. Мен эса хайрон бўлиб “Нега энди “Умид дарахти?”, деб сўрадим. “Бир куни шу бозорга чиқадиган танишим айтиб қолди. Ўзлари бу ерни “Умид дарахти” дейишаркан. Шу одамлари ҳар куни тонгда, умид билан, ризқ қидириб, мардикор бозорига, ҳов катта дарахт тагига йиғилишади. 5-10 сўм ишлаб, рўзғорига ул-бул олиб киришади. Четга бора олмайдиганларнинг аксари шу ердан иш топиб, рўзғор тебратади”, деди. Мен “Ҳа, ҳақиқий шоирона ўхшатиш бўпти”, дедим. Албатта, бу ном расмий эмас, шунчаки меҳнат бозоридагиларнинг ўзлари ўйлаб топган таскин холос.

Ҳа, ажойиб халқимиз. Ҳеч ҳам тушкунликка тушмайдиган, ҳар қандай муҳитдан қувонч қидирадиган. “Умид дарахти” деб қўйилган номнинг ўзиёқ бу инсонларнинг яшашга бўлган иштиёқини англатиб тургандек, гўё...

“Қийналиб, тунни тонгга улаб ўқимаганимизда, балки бизам шу “Умид дарахти” тагида ўтирган бўлармидик”, деди ўртоғим. Мен эса уларга қараб туриб, “Ҳа, балки шундайдир”, дедим. Аслида миямда ғужғон ўйнаётган ҳадсиз саволлардан бирортасини ҳам тилимга чиқаришни истамадим. Бу саволларга ўртоғим қайдан жавоб берсин, деб қўя қолдим...
Бу пайтда эса “Умид дарахти” тагидаги одамлар қий-чув қилиб машинада ўтирган ишга ёлловчи одам билан нималарнидир келишишарди...
Юракка чўккан алланечук оғир хўрсиниқ билан “Умид дарахти”дан узоқлашдик...

Муслим Мирзажонов