среда, 30 мая 2018 г.

Панегиризм

(“Биз ёшлар кутгандик, билгандик” эпидемияси хусусида)

Шу кунларда ижтимоий тармоқларда аёвсиз танқид қилинаётган бир ҳолатга кўп тўқнаш келавердим. Бу маддоҳлик, сохта мулозамат, ялтоқиланиш, мақтов ёхуд панегирик чиқишларга бетоқатлик. 
Қадимги Юнонистондаги халқ йиғинларида нотиқлар маълум бир шахс ҳақида ёки воқеа-ҳодиса юзасидан панегирик чиқишлар қилишган. Бу махсус нутқлар мақтов, ҳайрат, васф, ҳамду сано руҳида бўлиб, майдонга йиғилган халқ жамоасини ўзига маҳлиё этган. Бу борада камолотга эришган нотиқлар сифатида Перикл, Лисия, Исократ, адабиётда Траян кичик Плия, Тациталар эътироф этилади.
 XIX асрдан бошлаб эса, бу сўз “Реал асосларга эга бўлмаган ҳаддан ортиқ мақтов, мадҳ” мазмунидаги атама сифатида қўлланила бошлади. Мазмун эътибори билан бу сўз шарқ адабиётидаги қасидага яқин, дейиш мумкин.
Энди асосий масала хусусида:
Бундан бир йил муқаддам Ёшлар иттифоқи тузилганда Зулфия мукофоти соҳибаси бўлган фаол қизлардан бири ўз мулоҳаза ва таассуротларини тележурналистга сўзлаб берди. Унинг завқу шавқи ва кайфияти шунчалар юқори эдики, мазкур интервью ижтимоий тармоқларда обдон муҳокама қилинди. Қизнинг панегирик руҳдаги “биз ёшлар кутгандик, билгандик” ёки “бахтнинг манзили” каби фикрлари ҳажв ва мазах нишонига айланди. Нима сабабдан ёш қизнинг атиги бир ярим дақиқалик мулоҳазалари кўпларнинг ғазабига учради? Нима учун бир қизчанинг давлат раҳбари сиёсатига бўлган хайрихоҳлиги, олиб бораётган ишларини қўллаб-қувватлаши оддий қабул қилинмади? Ёки бошқа мамлакатларда бундай ёшлар йўқми?
Аслида, юртимиздаги мавжуд вазият ва асл ҳаётдан бохабар ҳар қандай одамга бундай сохта гаплар ёқмаслиги аниқ. Бу ерда жамоатчиликнинг эътирози айнан бир шахсга эмас, балки бир неча йиллар мобайнида шаклланган, давом этиб келаётган нотабиий кўтаринкилик ва ортиқча шижоат билан гапирувчи ёшлар қатлами, умуман барчага қаратилганди. Боиси, телевизорда урчиган ҳаяжонли нутқи иродлар, газета ва радиодаги тантанавор чиқишлар одамларнинг меъдасига тегиб кетганди. Мамлакат ёшларининг катта қисмини ўзида бирлаштирган “Камолот” ЁИҲ фаолияти қониқарсиз баҳоланиб, тугатилган ва янги ташкилот тузилганида кейин ҳам ана шундай  кайфиятдаги ёшларнинг “минбар”га чиқиб олаётгани кўпларнинг қаҳру ғазабига сабабчи бўлди, холос.
Атоқли адиб Мурод Муҳаммад Дўст яқинда “Фейсбук”даги ўз шахсий саҳифасида “Ёшликда комсомол қизларимизнинг шиддат ва сохта ҳаяжонга тўла нутқларини эшитганмиз. Лекин бу қизимизнинг олдида эски комсомолкалар ип ҳам эшолмас экан”, дея изоҳ қолдирди. Бу мулоҳаза ҳам шу тоифа ёшларга берилган ўзига хос баҳодир. Тарихга айланиб улгурган коммунизмнинг “боқий” ғояларига садоқатли “комсомолка”лар ҳам айни пайтда улар олдида ип эша олмаётган экан, демакки, биз маддоҳлик ва сохтакорликнинг юксак чўққисига чиқиб улгурибмиз. Тан олиш керак, мамлакат эртаси бўлган қатламдан тортиб, казо-казоларгача бу “дард”га мубтало, “кўпик кайфият”га асир бўлиб қолди.
Хўш, жамиятда панегиризмнинг авж олиши сабаблари нима? Кимлар асир? Нега?
Одатда янги уйни қуришга киришган одам иморатнинг мустаҳкам ва кўркам бўлиши учун пулни аямайди. Керак бўлса, бировдан қарз олиб бўлса-да, ўзи истаганидек чиқишига ҳаракат қилади. Кимдир эса иморатни ҳоли қудрати ва чўнтагига қараб, кўтаради. Унга бировдан қарз бўлмаслик, тили қисилмаслик муҳим. Иморати битгунига қадар фақат шу билан овора бўлади. Уй битиб, яшай бошлагач, дўппини бир четга қўйиб, ўз иморатини яхшилаб кўздан кечиради. Камчиликлар, нуқсонларни кўради – кўз юмади. Қиш келиб, бу уйида совқотади—кўникади, томидан чакки ўтади – тоғора тутади. “Ҳар ҳолда ўз кучим билан қурган уйим бор, кимлардадир бу ҳам йўқ”, деб ўзига таскин беради. Эҳтимол, ўз хатоларини шу билан хаспўшлар...  
Мустақилликнинг дастлабки йилларида янги тизим ва янги жамият барпо этиш билан банд бўлган одамларнинг ҳавойи гапларга вақти бўлмагани аниқ. Оммавий ахборот воситалари, жамият кўзгуси  ўлароқ, нисбатан жонли ва баландпарвоз гаплардан йироқ бўлгани учунми, одамларнинг кайфияти унда борича акс этарди. Бироқ сўнги 10-15 йилликда бу кайфият ўзгара борди. Ҳайбаракаллачилик, хаспўшлаш, сичқонни филдек кўрсатиш, сохтакорлик, мадҳ, ҳисоботбозлик авж ола бошлади...
 Мен ўз ишларимни бошлиғимга отнинг калласидек катта ҳажмда кўрсатишга уриндим, бошлиғим бошлиғига, катта бошлиқ ундан каттасига. Хуллас, занжир мисол бир-бирига уланган бу халқа “кўпик” муваффақиятларимизнинг сонини ошираверди. Муқобили йўқ кадрлар тайёрлаш тизимининг кутилган самара бермагани, иқтисодиётдаги депсиниш, коррупция, бюрократия, миллионлаган одамларимизнинг иш излаб хорижга чиқиб кетгани – буларнинг барчасига парда тортиб, саҳнада алёру лапарга, оташин нутқларга андармон бўлдик. Бу борада бизга саҳна вазифасини оммавий ахборот воситалари ўтади. “Катталар”нинг доимий диққат эътиборида бўлган медиа-майдондан ўғрию тўғри, узуну қисқа, ёшу қари бирдек фойдаланди. Уларнинг орасида сиз ҳам, мен ҳам бўлишим мумкин...
Журналистик фаолиятим мобайнида бу каби ҳолатларга жуда кўп дуч келганман. Эҳтимол, мен ҳам масъул муҳаррирлар қайчисидан омон қоладиган, ҳеч бир кесишларсиз эфирга кетадиган интервьюлар тайёрлаган бўлишим мумкин. “Давр” информацион дастурида мухбир бўлиб ишлаган пайтда (2012-2015 йилллар) “биз яратиб берилган шароитлардан унумли фойдаланиб” деб бошланадиган ялтироқ фикрларни ёдлаб олган ёшларга кўп бора микрофон тутишга тўғри келган. Бундай кезларда ёдланган шаблон гапларни бас қилиб, шахсий қарашларини айттиришга бўлган уринишларим бир неча бор зое кетган. Демакки, ёшларнинг суяги ана шундай сохта фикрлар билан қотган, кўзлари ана шундай баландпарвоз нутқларга кўниккан, мияси интервьюнинг мазмуни шундай бўлиши кераклиги ҳақидаги нотўғри фикр билан тўлган эди. Бундай мазмундаги гапларни оммага олиб чиқиб, ёшлар онгини шундай кайфият билан заҳарлаганлар мен ва мен каби журналистлар...
  Бошлаган гапга қайтаман: “Бахт манзили” ҳақида тўлқинланиб гапирган қиз бизга бегона эмас, у ҳам сизу биз билан бир ҳаводан нафас оляпти. У шундай муҳитда униб ўсган, шу таълим тизимида савод чиқарган. Демакки, рангни ҳам сизу биздан олган. Унинг устози ана шундай руҳ берди, у буни акс эттирди. Зеро, катта арава қаердан юрса, кичиги ҳам шу ерда юради. Ерга тариқ сепиб, буғдой олинмайди.   
Бу “маром”, ҳайбаракаллачилик барча соҳаларда, барча йўналишлар мавжуд. Ҳаммамиз панегиризм билан оғридик. Бу хасталик одамзоднинг ўзи каби кўҳна, дейишади. Лекин кўнгилда бир илинж бор: “дард”ни берган худо давосиниям беради. Умидимиз шундан: энди бу ёғига эски хатоларни такрорламасак бўлгани...  

Муслим Мирзажонов


вторник, 1 мая 2018 г.

Кетга тепишнинг фойдаси


(фантастик жанрдаги аччиқ истеҳзо)


Психологларнинг (исмлари эсимда йўқ) фикрича, кетга тепиш бошлиқнинг ўзига, ўз кучига бўлган ишончини оширишдаги энг муҳим жараён экан. Қолаверса, тартибни йўлга қўйиш, буйруқларнинг ўз вақтида бажарилишини таъминлаш, қаттиққўл сиёсат юритишда кетга тепиш энг мақбул амал саналади. Узоқ-узоқ ўтмишнинг гувоҳлик беришича, бу бошқарилмиш (ҳозирги тил билан айтганда, ходим)нинг хушёрлигини оширади, вазифаларга юксак масъулият билан ёндошишга ундайди. Қачонлардир занжилар учун кетга тушган хўжайиннинг зарбаси мукофотдек гап бўлган экан (ҳар ҳолда қамчининг аччиқ ва оғриғи суяккача етадиган зарбаси ёнида тепки авлиёдек кўринади-да) "Так чтў", бу анъана тарих синовидан ўтган, тажриба майдонларида ишонч қозонган бошқарув услуби эканини унутмаслик лозим ва лобуд!    
Ҳурматли, зоти шариф, ўртоқ бошлиқ! Сизни тушунамиз: ҳозир 4 та одамга бошлиқ бўлиш осонмас. Одамлар оиласини, битта хотинини тартибга сола олмаётган бир даврда, жамоани гапирмаса ҳам бўлади (жуда зўр иш берадиган, катталарга мойдек ёқадиган шаблон гап-да). Сизнинг “урганингиз ур оши, сўкканингиз сўк оши”. Сўкканингиз сўкилиб, урганингиз урилиб қолмайди. Биламиз: ишда тартиб-интизом, масъулият бўлсин, дейсиз! Нима қипти, мана, сизам тепадагилардан тепки еб, кам бўлдингизми? Йўқ! Кимсан “Фалончи Пистончиевич”сиз! Ҳайбатингиздан эшак ҳуркийди. Одам сўкиш эшитиб, тепки еб улғаяди-да! Сиз, албатта, бу қадимий анъанани баралла, шараф билан давом эттириб, муқаддас занжир ҳалқасини узмаслигингиз керак. Сизни юқорироқдаги раҳбарингиз тепади, сиз ходимингизни, ходимингиз ходимини тепади (бу ёғи “шолғом тортиш”). Шу тахлит асрий анъана бардавом. Ахир бунинг жаҳонда муқобили, ўхшаши йўқ-ку!
Сиз ҳеч иккиланмай, ишонч билан, зарбни муборак оёғингизнинг юзига тўплаб, ходимнинг юмшоқ жойига расамади билан тепиш ҳадисини шундай олингки, шимидаги оёқ изи баданига уриб юборсин, қиммат ботинкангиз излари орқасида тамғадек муҳрлансин! Йиллар ўтиб, набираларига буни эртак қилиб, айтиб юради улар. Ўртоқ бошлиқ, яна бир бор айтаман: бу йўлда собитқадамлик ва давомийликни сақланг! Одамлар, жамоатчилик, хорижнинг иғвогар журналистлари ва бошқа демагогларнинг фикрларига юракдан тупуринг! Сиз консерватив услублар эгаси ўлароқ, ўз вазифангизни рисоладагидек бажаряпман, деб ўйлашда давом этинг!
Ҳурматли, йўқ-йўқ, сариқ чақалик ҳурмати йўқ ходим! Тўғри қиласан: кетингга тепса, индама! Бошлиқ деган шу-да: сўкади, уради, тепади. Одам калтакдан ўлмайди. Орият, ғурур, шаън деган нарсалар баландпарвоз гаплар холос. Зато, ўша жойдан қора қозонинг қайнаяпти, тўғрими? Ҳеҳ, ана, одамлар чет элларда сарсон ишлаб юрибди. Сен шукр қилмайсанми? Озгина чидасанг, сал оғрийди, но ўтиб кетади, бошлиқ хумордан чиқади. Ҳа, айтганча, кетга тепадиган бошлиқларнинг ҳаммаси ҳам тошбағирмас. Тепишга тепадию, кейин виждони қийналиб юрадиганлари ҳам бор. Шу учун кетингга тепса, шукр қил! 5-10 йилда сен ҳам ходимингни кетига тепиб, дуранг қиласан, ничего! Қулдорлик тузуми даврида туғилмаганингга "раҳмат" де...
Эшитдингми, бир-иккита “козёл” ўқитувчилар, солиқчилар бошлиғининг ходимларини тепаётган видеоларни интернетга чиқариб юборибди. Э, бу эркакнинг ишимас-да, жўра! Арзимаган ишларни элга дастурхон қилиб юрадими?! Шу бошлиқлар ҳам сени одам бўлсин, деб уриб-тепади-да, тўғрими?!
Хуллас, бошлиғинг сўкса, кетингга тепса, оламга жар солмай, “кўзингни” қисиб юр! Бу текин маслаҳат!
Ўсмоқчимисан? Унда кетинг бошлиқнинг муборак оёқларини тез-тез “зиёрат қилишига” йўл қўйиб бер! Шиоринг “Бошлиқнинг тепкиси – келажагинг учун муҳим зарб”, бўлсин!

Ҳурмат билан,
Муслим Мирзажонов