вторник, 4 апреля 2017 г.

Дард устига чипқон ёхуд Сотволди сомсанинг саргузаштлари...

Солижон Маматқулов ижод намунаси
(ҳажвия)
Сотволди сомса яхши одам. Уни маҳалласидан ташқари қўшни қишлоқдагилар ҳам жуда яхши танишади. Сотволди ёпган сомсаларнинг харидори ҳисобсиз. Маҳалласидаги катта йўл бўйига сомсахона очган. Хўррандаларнинг кети узилмайди. Бунинг биринчи сабаби, у ёпган сомсаларнинг мазали экани, иккинчиси, насияга ҳам савдо қилавериши. Кўнгил бўш-да, ишонувчан. Хотини нечи йилдан бери “Насияга савдо қилманг, барака бўлмайди”, деб қулоғини қоқиб, қўлига беради. Бечора Сотволдининг кўнгли бўш эмасми, “Сомсани ейиш учун сўраб тургандан кейин, йўқ деб бўладими, хотин? Камига таниш, ўзимизни маҳалладошлар. Еса, шулар ебди-да”, деб қўя қолади.
Ҳа айтганча, Сотволди сомса футболнинг ашаддий ишқибози. Футбол деса, тандирдан ташлайди..йўғе, томдан ташлайди. Ўйин бор куни иш тушликкача давом этади. Нари-беридан сомсани ёпади, тушликкача сотиб тугатади. Тугамаса, хотинига ташлайди-да, “хотинжон, бу ёғи сизнинг ихтиёрда”, деб уйига кириб кетади. Ўйиндан 5 олти соат олдин, ошларни тайёрлаб, паловхонтўранинг кучи билан бақириб-чақириб (ва албатта сўкиниб) мухлислик қилади.  Ютқизиб қўйса, тамом. Эртанги куни сомасаларининг тузи ё шўр бўлиб кетади ёки таги куйиб кетади. Хуллас, мағлубият шу Сотволди сомсанинг сомсаларига ҳам зарар қилади нуқул...
Бугун унинг эрта тонгдан яхши кайфиятда сомса ёпти. Харидорлар ҳам ёмон эмас. Сабаби, бугун футбол бор. Боз устига Сотволди биринчи марта футболни телевизордан эмас, стадионга бориб кўрмоқчи. Неча йиллик орзуси бугун рўёбга чиқадиган бўлиб турибди. Тошкендаги синфдош ўртоғига айтиб, билет олдирган. Сомсаларни узиб, саватга солди-да, “пост”ни хотинга ташлаб, охирги марта никоҳ тўйида кийган костюм-шими кийиб, шаҳарга отланди.  “Шундоқ пўрим кийимда таксига осилиб юраманми”, деб отасидан қолган “Москвич” машинасини миниб боришга қарор қилди. Ёқилғи қуйиш шаҳобчасига борса, берк. Бензиндан асар ҳам йўқ. Иложсиз, бир оз қиммат бўлса ҳам, машина бокини қўшнисидан сотиб олган бензин билан тўлдирди ва “хаё хуйт” деб Тошкент сари йўлга чиқди.  
Кайфият аъло. Хуштагни чалиииб, оғиз оғриганда магнитофонни баралла қўйиб, футбол ўйинига ошиқди. Жадалроқ ҳаракат қилмаса, ўйинга кеч қоладиган. Ўртоғи “Камида 2 соат олдин стадионда бўл. Акс ҳолда, одамлар кўпайиб кетади, бир-биримизни топа олмаймиз”, деб қаттиқ тайинлагани учун оёқни деярли газдан олмади. “Москвич” бўлгани билан унча-мунча машиндан қоладиган эмас. Отаси уни тойдек гижинглатиб мингган. 30 ёшга кирган бўлса ҳам, машинанинг кўриниши ёмон эмас. Ҳар замонда Ҳар ҳолда пиёда юрмаяпману”, деб ўзига ўзи тасалли бериб қўяди. Хуллас, амаллаб шаҳарга етиб келди. Шошганда бир-икки марта қизил чироққа ўтиб кетди. Яна бир вазиятда катта чорраҳада ҳамма светофорга тўхтаб турибди. Қарама-қарши томонда на машина бор, пиёдалар йўлакчасида на бир пиёда. Камига йўл четида ДАН ходимлари ҳам кўринмади. Ҳеҳ, одамлар ҳам жаа бир содда-е шаҳарда”, деди-да, яшил ёнишини кутмай, машинасини ҳайдаб кетди. Бу каби ҳолатлар яна бир неча марта содир бўлди...
Сотволди сомса айтилган соатда айтилган жойга етиб борди. Ўзининг бундай абжирлигидан кўп қувонди ва яхши кайфиятда дўсти билан стадионга кирди. “Оооо, мана буни стадион деса бўлади, ўзиям боплаб ташабдия”, деди ҳайратини яшира олмай. “Илоҳо омийн, ишқилиб, бугун ютайлик. Атай келдим қишлоқдан”, деб юзига фотиҳа тортди. Дўсти илтимос қилгани учун шахсий томорқасида етиштирилган, хотини қовуриб берган бир халта пистани “додини беришди”. Бироқ натижа Сотволди кутганидек бўлмади. Севимли жамоаси яна ютқизди. Бўралаб-бўралаб сўкди ҳаммасини. Футболчиларнинг “эсланмаган” қариндоши қолмади. Асаби бузилган Сотволдини дўсти “Майли, кўп куйинма. Зато негатив энергияларни чиқариб олдинг”, деди. Сотволди дўстининг гапига кўпам тушунмади. Лекин анча кўнглини бўшатиб олди. Бироқ асабийлик ҳадеганда ёзилмади. Уйига тезроқ етиб олиш мақсадида оёғини газ педалига “бойлаб олди”...
Орадан уч-тўрт кун ўтди. Почтадан чиройли конвертда хат келди. Ичини очса, бир-биридан чиройли расмлар. “Ие, мени мошинамни расми-ку. Қойил-е, нўмирлариниям эринмай олишибди расмчилар”, деб суюнди.  Бироқ хурсандчилик узоққа чўзилмади. Хатда шаҳарда неча марта қоида бузганию қанча миқдорда жарима тўлаши лозимлиги ёзилган экан...
Сотволди сомса мажбур бўлиб, “Москвич” машинасини сотди, етмаганига қишлоқда уйма-уй юриб, қарзга сомса еганлардан пулларини олди. Сўнгги маълумотларга кўра, Сотволди ҳозир хатто хотин-бола-чақасига ҳам қарзга сомса бермай қўйибди...
Муслим Мирзажонов

четверг, 9 марта 2017 г.

Алвидо, эй Гулсари.. йўғе.. Алвидо, кутубхона!


Яқинда Фарғонага, туғилиб ўсган Риштон туманига бордим. Маълумотнома олиш учун Дашт-Пандигон маҳалла фуқаролар йиғинига ҳам кирдим. 

Ишни битириб чиқаётган маҳалда қўшни хонадаги кутубхонага ҳам бир бош суқмоқ нияти туғилди. Қарасам, у ер таъмирланаяпти. Ҳамроҳимдан кутубхонани таъмирлашаяптими, деб сўрадим. У эса “Йўқ, ҳозир бу жой кутубхона эмас. МФЙга хона қилиб берилди. Кутубхона қайсидир лицейнинг балансида бўлган экан. Йўқ бўлиб кетди”, деди. Биров бошимга гурзи билан тушургандек бўлди. Қандай қилиб? Бутун бир бошли маҳаллада энди кутубхона бўлмайдими? Ахир қанча яхши китоблар бор эди, деган саволлар хаёлимдан ўтди.   

Эсимда: ўқувчилик йилларимизда дарсдан кейин қишлоғимиз кутубхонасига кўп кирардик. Айниқса, абитуриентлик йилларимда билимлар базасини шу даргоҳда тўлдирганман. Ҳар душанба сумкамни тўлдириб китоб олиб кетардим ва бир ҳафта оилавий ўқиб, кейинги душанбага яна олиб бориб берардим. Шу тариқа ўзбек ва жаҳон адабиётининг жуда кўп дурдона асарларини собиқ кутубхонадаги китоблардан ўқигандим. Кутубхоначи опалар (Норинисо, Шоира, Барно опалар) энг нодир, ноёб, хатто уйга бериб юборишга кўзи қиймайдиган асарларни “Майли, сизга китобни берамиз”, дейишарди. Менинг ҳаётимда бу собиқ кутубхонанинг ўрни жуда катта...

Ҳар сафар кирганимда мактаб болалари ё газета-журнал ёки китоб титкилаб ўтиришарди. Ҳар-хил халқ сайлларида кутубхоначи Норинисо опа Хусанова “Маҳалланинг энг яхши китобхони”, “Энг яхши китобхон оила” номинациялари ташкил қилиб, совғасига китоблар берарди. Бу 13-15 йил аввалги гаплар. Афсуски, бугун эса маҳалламиз кутубхонаси мен каби китобхонларнинг хотирасида қолди...

Жорий йилнинг 12 январь куни “Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармойиши эълон қилинди. Бу китобхонлик тарғиботини аҳоли орасида янада кучайтиришда муҳим қадамлардан бири бўлди. Шу фармойиш сабаб кутубхоналар фаолияти тартибга солиниб, бу борадаги ишлар янги босқичга кўтарилишидан умид қиламиз.

Шу ўринда яна бир мулоҳаза: Шаҳар марказларида қурилаётган бир-биридан кўркам ва бой китоб фондига эга кутубхоналар ва китоб дўконларининг кўпайиб бораётган яхши. Ўз навбатида олис қишлоқларда ҳам шу каби масканлар фаолиятини йўлга қўйилса(агар йўқ бўлса ёки тугатилган бўлса), айни муддао бўларди. Чунки қишлоқ одамларининг ҳаммасида ҳам марказга бориб, китоб дўконини оралашга ёки кутубхонага киришга имкон йўқ. Аввалгидек кутубхоналар фаолияти жонланса, китобхонлар сафи ўз-ўзидан кенгайишига ишонаман...

P/S: Айтганча, Чингиз Айтматовнинг “Алвидо, эй Гулсари!” қиссасини, Эрнест Хеменгуейнинг “Алвидо, қурол!” романини, Тоҳир Маликнинг “Алвидо, болалик” қиссасини ҳам айнан ўша (тугатилган) кутубхонадан олиб, ўқиб чиққандим...
Муслим Мирзажонов     

вторник, 21 февраля 2017 г.

Йўллар—кўллар!


Sof.uz фотоси
Ёмғир ёғса, бизга Худо беради. Агар бир сутка тинмай ёғиб турса борми, чуқурман деган ҳамма жой сувга тўлади-қолади. Боз устига кўчаларимизда чуқурдан кўпи йўқлиги аниқ. Буни автомобиль минган ҳам, минмаган ҳам яхши билади. Энг камида йўловчи бўлиб, чуқурларнинг жафосини чекканмиз. (Ҳа, айтганча, эсимга тушди. Ўтган йили Нурафшон кўчада қаттиқ ёмғирдан ҳосил бўлган кўлмакда бир ўпкаси йўқ ҳайдовчи сувга чўмилтириб кетганди. Бу ҳам бир факт) Хуллас, гап нима ҳақида бораётганини англадингиз!
Sof.uz фотоси
Куни кеча анча ноқулай ҳолатга тушдим. Белорусиялик журналистлар “СССРсиз 25 йил” деган материал тайёрлаш учун Тошкентга келганди. Уларни бир кун давомида бириктирилган манзиллар билан таништиришга тўғри келди. Биринчи маротаба Ўзбекистонда бўлган тенгқур журналистларда юртимиз яхши таассурот қолдирди, чамамда. Айниқса, миллий таомларимизнинг таъмига юқори баҳо беришди. Сомса, кабоб, ош... (Чалғиб кетдим, узр)

Ўша куни ёмғир тинимсиз ёғиб турганди. Шаҳар бўйлаб машинада белгиланган манзиллар томон кетиб борар эканмиз, сув остида қолган чуқурлар билан “саломлашиш”га тўғри келарди. Тажрибали ҳайдовчи қанча ҳаракат қилмасин ҳеч “ чуқурлар зиёрати”дан қоча олмасди. Тез-тез машина ойнасига лойқа сувни кўллатиб сочиб кетишарди. Бир хижолат бўламан. Бир ноқулай бўламан. Аммо имкон қадар  меҳмонларни чалғитишга ҳаракат қилиб, гапга тутардим. Қурмағур уддабурон ҳайдовчилар ҳам “чўмилтириш”ни канда қилмасди. Гап орасида улардан бири “Шумахерлар кўп экан-а”, деб ҳазиллашиб ҳам қўйди. “Кўриб турибсиз, машина кўп. Хушёр бўлмасям бўлмайди”, деб қўяқолдим. Суҳбат чоғида барибир йўл мавзусида “Нега йўлга сув тўпланган? Оқиб кетадиган канализация йўллар йўқми”, деб савол берди. Мен эса “Бор, албатта. Ҳозир Тошкентдаги йўлларда махсус қарорга мувофиқ катта таъмирлаш бошланган. Ноқулайликлар шундан”, деб жавоб бердим. Аслида эса эътибор берсам, кўп йўлларда сувлар оқиб чиқиб кетадиган махсус сув йўли-ариқ(кювет)лар йўқ экан. Бечора сув нима қилсин, сал нишаброқ жойни топиб, макон тутади-да. Қарабсиз, кучли ёмғирдан сўнг Тошкент Венецияга айланади-қолади. Кечаги ёмғирдан кейин интернетда тарқалган расмлар гапим исботи (мободо ишонмайдиганлар бўлса)
Кемалар, бор, кемалар! (Sof.uz фотоси) 
Ҳеч нарса ўз ўзидан содир бўлмайди. Айтайлик, мен бекатда турсам, бир машина сув сачратиб ўтиб кетди. Бу учун унга маъмурий жазо берилади. Бироқ ҳайдовчи буни ўзи хоҳлаган дейсизми? Сувдан машинани олиб қочса, кимгадир урилади, икки ҳисса қоидабузарлик ва 10 ҳисса зарар! Умуман олганда, йўлдаги носозликлар сабаб мудҳиш йўл транспорти ҳодисалари рўй бериши ҳолатлари ҳам кам эмас.

Юқоридаги гапга қайтсам. Ватанимиз ҳақида хорижлик журналистларга тўлиб-тошиб айтган гапларим (Бор гапларни айтдим. Ўйламанг ошириб-тоширибди, деб ўйламанг) бир тарафу йўлдаги носозликлар бир тараф бўлди. Ҳар ҳолда меҳмон “пойтахт йўллари” деган жойига маълум бир “хулосалар”ни ёзиб олгани эҳтимолдан ҳоли эмас. (Чуқурга тушиб чиққан машина қиррасига бошини уриб олгани, йўл четидаги кўлмакка тушиб кетгани ҳақидаги хотиралар ҳам ёзиб қўйилса, ажабланмайман)
Куни кеча Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2017-2018 йилларда минтақавий автомобиль йўлларини ривожлантириш дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Дастурга мувофиқ, биргина Тошкент шаҳри бўйича 332 километр йўллар ва кўчаларни таъмирланиши назарда тутилган. Умумий ҳисобда эса 2017-2018 йилларда 5454 километр, жумладан, 2017 йилда – 2700 километр, 2018 йилда – 2754 километр хўжаликлараро қишлоқ автомобиль йўллари, шаҳарлар, шаҳар посёлкалари, қишлоқ ва овулларнинг кўчаларини капитал ва жорий таъмирлаш белгиланди. Ана шуларни инобатга олиб, яқин йилларда йўл носозлиги муаммолар барҳам топади, деб умид қилсак бўлади.

Хуллас, гап кўп, кўмир оз. Кўп соҳаларда кузатилаётган ўзгаришлардан мамнунмиз ва биз ҳам ўз сўзимиз, касбимиз билан бу жараёнларда иштирок этишга тайёрмиз.   
Венеция эмас! (Sof.uz фотоси)

Муслим Мирзажонов

вторник, 24 января 2017 г.

Дўстим


Ажойиб кунларнинг бирида...
У билан “Ёшлар” радиосида танишганмиз. Биринчи учрашувдаёқ чапани, билмаганини сўрашдан уялмайдиган, киришимли, тортинчоқликдан асар ҳам йўқ йигит сифатида таассурот қолдирганди. Орадан қарийб 10 йил ўтди ва бу йиллар давомида унинг кўп жиҳатларини кашф қилдим. У анча камтар, жойи келганда эса бунинг акси. Ҳаққини ерда қолдирмайди. Тан берадиган томони, ўз олдига мақсад қўйдими, албатта эришади. Кейин у орзу-мақсад борасида ҳам майдалашиб ўтирмайди. Бирданига чўққини кўзлайди ва у томон дадил от солади.

Радиога келганда, “Қараб тур, мен радиога директор бўламан”, деганди. Албатта, мен бунга кулиб қўя қолгандим. Лекин орадан 2 йиллар ўтиб, чиндан ҳам радиога бошлиқ бўлди. Шу пайтгача нимани-ки, менга айтган бўлса, кўз ўнгимда барчасига бирин-кетин эришиб келаяпти.

Отасидан жуда эрта етим қолган. Онаси 3 ўғлини ёлғиз боши билан тарбиялади. Дўстимнинг бугунги ютуқларида Онасининг хизмати беқиёс. Шунинг учун дўстим турмуш ташвишини эртароқ бўйнига олган. Керак бўлса, косиблик қилган, нонвойлик, антенна ўрнатиш, устачилик ва ҳаказолар. Кейинроқ, бир пайтлар водийда ном қозонган “Дийдор” радиосида бошловчи сифатида элга танилган.  Тошкентга келиб, журналист, радио ва телебошловчи сифатида ўз ўрнига эга бўлди.
Х.Далиев "Давр"нинг байрам сонида
Унда туғма лидерлик бор. Ҳар қандай муаммони “ҳал қиламиз”, дейди ва албатта, унга ечим топади. Ёрдам сўрасанг, “йўқ”, демайди. Буни уни яқиндан таниган ҳамма одамлар билади. Радиода бошлиқ бўлган пайтлари қанча-қанча ёшлар келди, ўрганди, малака оширди. У ёшларга ёрдам, маслаҳат ва имкон беришни канда қилмайди. Унинг ёнига келиб, иш ўрганган ва шу соҳада ўз ўрнини топган кадрлар телевидение ва радиода фаолият олиб бормоқда.
Хуршид Далиев шогирди Илҳом Абдураҳимов билан 
Уни ҳамма бирдек ёқтиради, ҳурмати қилади, десам муболаға бўлади. Сўзи сўзига, диди дидига ва фикрлаши тўғри келмаганлар ҳам йўқ эмас. Бу табиий ҳол. Ҳаммага бирдек ёқиш қийин. Ҳар ким ўзича ҳақ ва ўзича тўғри. Буни ёқтирмайдиганларга бутун умр исботлашга уриниш шарт эмас.

Мен дўстимни борича қабул қилганман. Камчилигу ютуғи билан. Кимларнингдир у ҳақидаги турли фикрлари мен учун аҳамиятли эмас. У ҳақида ўз хулосам бор. Энг муҳими, шу.

Бугун ҳикоям қаҳрамони, дўстим Хуршид Далиевнинг туғилган куни. Шу бахонаи сабаб билан гапхонам очилиб қолди-да. Дўстим, табриклайман! Сен туғилганингда раҳматли отанг ва онанг роса қувонишгани аниқ. Доим, одамларга ана шундай қувонч улашиб юр! 

Оиланг, яқинларинг, дўстларинг бахтига омон бўл! Умринг узоқ бўлсин! Кўп яхши ниятларингдан бохабарман. Ана шу ниятларингни Яратган зиёди билан берсин! 100 кирганингда сенга “Дўстим” деган мемуар асарнинг китобини совға қилиш насибасига етказсин!