понедельник, 3 августа 2015 г.

“Селфипараст этдинг мани...”

(Охирги икки-уч йил ичида эпидемия мисол кенг тарқаган “селфипарастлик”дан илҳомланиб, бир нимарса қоралаб эдим. Каму кўстига роза бўласиз!)

Бу кун кангулда не мурод, гурлар гумонлар гулхани,
Айтгин, нечун, «дилифоним», селфипараст этдинг мани?

Қаён борсам, телбавордек селфига ракурс изладим,
Топсам, яйрар тану жоним, селфипараст этдинг мани.

Юриб тушдим, туриб тушдим, ҳар мақомга йўрғалабон,
Қолмади ҳеч бир имконим, селфипараст этдинг мани.

Тўю тўйчиқ, маракалар, азаларда ҳеч тинмадим,
“Селфия”га тўла оним, селфипараст этдинг мани.

Питболчими, машшоқми у, шоиру хофиз мубтало,
Воҳ, не дардга тўлди қоним, селфипараст этдинг мани.

Йўлда тушдим, рулда тушдим, сўнг ГАИда қўлга тушдим,
Куйди роса хону моним, селфипараст этинг мани.

Ошпаз тушар шўрва бирлан, гадо тушар тўрва бирлан,
Сочдин бошлаб то товоним, селфипараст этдинг мани.

Уч савдои темир йўлда селфи чоғи хазон бўлди,
Шокка тушди Ҳиндистоним, селфипараст этдинг мани.

Бу не савдо, бу не ҳасрат, кечмоққа борму чоралар,
Эй, айфону смартфоним, селфипараст этдинг мани.

Тоғу тошлар ҳамроҳ ўлди, қолмади ҳеч касу нокас,
Холим расво, ярим ноним, селфипараст этдинг мани.

Аё, Муслим, бу дардимни еткур ўшал “ишқ ахли”га,
Ойда тушсам йўқ армоним, селфипараст этдинг мани.


Комментариев нет: