среда, 10 августа 2016 г.

ПОЛЬ ИСМЛИ "ТУЛПОР" ҲАҚИДА АФСОНА



Бу ердан ҳийла узоқ маконда Алекс исмли ковбой-фермер яшарди. У ўз минтақасида донгдор, чопқир ва музаффар тулпорлар эгаси сифатида ном қозонганди. Ковбой Алекс ёш, асов тулпорларни харид қилиб, пойгаларга тайёрларди ва улар билан кўп мусобақаларда ғолиб чиқарди.

Ковбой Алекс кучга тўлган, оёғи қувватга бой учқур тулпорларини уни сотиб олиш истагини билдирган пойгачи фермерларга катта миқдордаги пулга сотиб юборарди. Орадан икки-уч йил ўтиб, ҳудди ўшандек сара тулпорлар етиштирарди.

Бир куни Алекс қўшни қишлоққа бориб, қоп-қора тойчоқни кўриб қолади. Унинг исми Поль эди. Алекс Полнинг туёқлари ва жуссасини кўриб, унинг келажакда яхши пойгачи тулпор бўлишига амин бўлди. Шундан сўнг, қора тойчоқни эгасидан сотиб олиб, ўз фермасига келтирди ва тойчоқлар тўдасига қўшиб қўйди.  Ўз тенгқурлари ичида ажралиб турувчи Поль тез ўса бошлади. Тойчоқларнинг яйловдаги пойгаларида у зафар қучарди. Орадан кўп вақт ўтмай, Алекс баланд бўйли, бақувват, аммо ёш тойчоқ Полни катта тулпорлар қўрасига ўтқазди. Пойгаларга тайёрлади. Поль қишлоқдаги кичик-кичик мусобақаларда, умумий гуруҳда қатнашиб юради.

Анча кексайиб қолган ковбой Алекснинг негадир Полга эътибори суст эди. Балки қариянинг кўзи Пол, Уэйн, Райан, Луиш, Хавиер сингари учқур пойгачи тулпорларга қамашгандир?! Ҳар ҳолда Полнинг келажаги ҳақида кўп ҳам ўйламай қўйганди. Ўзи умуман сўнгги йилларда кекса Алекснинг тулпорлари катта мусобақалардаги ғалабалар сони камайиб кетганди.


Шундай қилиб, қора тойчоқ Поль бундай эътиборсизликдан ранжиб, фермадан қочиб кетишга қарор қилди. Кунларнинг бирида у қўшни қишлоққа кетиб қолди. Алекс эса унинг йўқолиб қолганини билса-да, қаттиқ қайғуга тушмади, эътибор ҳам қилмади.

Аламзада Поль қўшни қишлоқда номи чиққан кекса синьоранинг фермасидан қўним топди. У ерда Полга жуда катта эътибор беришди, меҳр-муҳаббатларини аяшмади. Уни катта тулпорлар билан бирга йирик мусобақаларга тайёрлашди. Поль бу ерда ҳар томонлама улғайди, кучга тўлди. Номи қўшни қишлоқларгача етиб борди. Уни харид қилишни истаганлар сони ортиб борди.    

Бу шов-шувлар, албатта, қария Алекснинг ҳам қулоғига етиб борди. Аммо у мағрур эди. Бунга эътибор қилмасликка ҳаракат қиларди. Ахир у кимсан ковбой Алекс. Хоҳласа, бундай тулпорлардан яна қанча-қанчасини тайёлаши мумкин.

Поль доим тойлик йиллари ўтган фермани соғинарди, қайтгиси келарди ва ҳаммага қандай кучли тулпор бўлганини кўрсатгиси келарди. Бироқ унга кекса синьора фермасида ҳамма нарса етарли эди: ем-ҳашак, алоҳида қўра, меҳр-эътибор...
        
Алекс анча қартайиб қолганди. Энди аввалгидек қуввати йўқ эди. Фермадан кетиб, тинч-осуда кексалик гаштини суришни истарди. Бироқ ўрнига ким тулпорларни парвариш қилишини ўйлаб, эзиларди. Кетишидан аввал ўз тулпорлари билан маҳаллий мусобақада иштирок этиб, биринчи ўринни қўлга киритди. Яна унинг ҳурмати ошди. Шу чоғда, ҳурмат борида фермани тарк этишга қарор қилди. Ўз ўрнига Девид исмли ковбойни чақиришларини маслаҳат бериб, “У менинг зафарли йўлимни давом эттиришига ишонаман”, деди. Шундай қилиб, афсонавий ковбой Алекс узоқ йиллик фаолиятдан сўнг, фермадан нафақага чиқди ва ўрнига у айтган Девид келди.

Айтиш керакки, Девиднинг фермада ишлари юришмади. Чунки машҳур кекса Алекснинг ишини унинг даражасида юргизиш қийин ва кўп вақт талаб қиларди. Ана шу кучли босим ва масъулият юки Девидга оғирлик қилди. Маҳаллий мусобақаларда Алекснинг музаффар тулпорлари билан ғалаб қозона олмади.

Ферма эгалари эса бундай муваффақиятсизликдан сўнг унга ишонмай, хатто вақт ҳам бермай, ишдан озод этди. Унинг ўрнига нариги қишлоқда тулпорлари билан кўп пойга мусобақаларда ғолиб чиққан Луи исмли олифта ковбойни ишга чақирди. 
          
Пўрим йигит Луи жуда хотиржам равишда ўз фалсафий қарашлари билан фермага янги об-ҳаво олиб киришга ҳаракат қилди. Қўшни фермалардан учқур тулпорлар ҳарид қилди ва шу йўл билан пойгаларда ғолиб чиқиб, ферманинг аввалги нуфузини қайтаришга астойдил ҳаракат қилди. Луи қўшни фермада айни кучга тўлган Полни ҳам сотиб олишга уринди. Бироқ кекса синьора Поль қайтишни ич-ичидан хоҳлаётган бўлса-да, қўйиб юбормади.

Луининг пойгалардаги натижалари ферма эгаларини қониқтирмади ва шу боис, уни ишдан бўшатмай туриб, бошқа ковбой қидиришга тушди. Улар бир неча ойдан бери ишсиз юрган Жозе исмли қайсар ковбойни мўлжал қилишарди.

Жозе чиндан ҳам жуда оғир табиатли инсон эди. Фақат ўз ҳисоб-китоби, ўз фикри билан иш кўрарди. Бу кўпчликка ёқмаса-да, аммо у пойгаларнинг доимий ғолиби эди. Кўплаб қишлоқ фермаларида ишлаб, тулпорлари билан муваффақиятга эришган кеккайма Жозенинг ўзи ҳам шу донгдор фермага нисбатан айрича муҳаббати борлиги инкор қилмасди.            

Ферма эгалари “олифта файласуф” Луига қилган хизматлари учун раҳмат айтиб, камига қилмаган ишлари учун ҳам товон пули тўлаб, ишдан озод қилишади. Унинг ўрнини узоқ кутилган ковбой Жозе эгаллайди. 

“Мен доим бу ферма билан ўзимда қандайдир боғлиқлик сезардим. Қачондир афсонавий ковбой Алекснинг ўрнини эгаллашимни ўйламаган бўлсам-да, хаёлимнинг қайсидир қисмидан бу фикр зарралик чақиндек ўчиб ёнганини инкор қила олмайман”, деди ўзини “Биринчи рақамли ковбой” деб атовчи “камтаргина” Жозе.

Шундай қилиб, у ўзи қатнашмоқчи бўлган барча пойга ва мусобақаларда ғолиб чиқиш орқали ферманинг нурай бошлаган нуфузини тиклашга ваъда берди.

Жамоага ўзи мусобақаларга олиб борган Златан лақабли асов, ёвқур тулпорни, Генрих исмли чаққон пойгачи отни, Эрик исмли қоп-қора ёш тулпорни фермага олиб келди. Ўзига ёқмаган, пойгада умиди кам бўлган эски отларни эса “бозор”га тайёрлаб қўйди...

Полга нима бўлди, дерсиз?  Асов тулпорга Жозенинг ҳам ишқи тушганди. У ферма эгасига “Пойгада ғолиб чиқшимизни истасанг, пулнинг бетига қарамай, менга қора тулпор (Пол)ни олиб кел”, дейди.

Бу пайтда асов тулпор олисдаги яйловларни кезиб, кенг далаларда ҳордиқ чиқариб юрарди. Кўнгли  “биринчи муҳаббати”, яъни эски фермада ва хаёли эса кекса синьора фермаси атрофида кечаётган мулоқотларда эди.
                
Кўпчилик Полнинг сотилишига ишонмаётганди. Бироқ кекса синьоранинг фермаси катта мақсадлар билан Гонсало исмли чопқир тулпорни катта пул (90 млн оврў)га харид қилди.  Албатта, бунча харажатни қоплаш учун “совчи”си кўпайган Полни пуллаш энг мақбул вариант эди. Бир томондан ферма Полнинг эски “уйи”га меҳри бўлакча эканини ва уларга чиндан ҳам яхши пойгачи эканини исботлаш истаги аланга олганини биларди. Жозедек машҳур ковбой чорлаб турган бир пайтда, албатта, асов тулпорнинг хаёли бузилганди.

Узоқ давом этган “барака-барака” савдоларидан сўнг, Поль эски фермасига катта пул эвазига сотилди. У пойгачи отлар тарихидаги энг қиммат (105 млн оврўлик) тулпорга айланди.    

Шундай қилиб, учқур тулпор Поль “Олд Траффорд” қўрасига қайтди. У бу кунларни узоқ кутди, қадрдон фермасида тупроқ чангитишни кўп туш кўрди...

Бундан чексиз қувонган жаноб Жозе “У фермамизнинг келажаги. Унда энг зўр пойгачи от бўлиши имкони бор ва у бу учун кўп меҳнат қилиши керак...”, деди.

Поль эса ўз олдига шундай мақсад қўйди: “Мен яна ўз фермамдаман. Қадрдон фермага қайтганимдан хурсандман. Бу ферма доим юрагимда бўлган. Ковбой Жозе билан ишлашни сабрсизлик билан кутаяпман. Кекса синьора фермасида ажойиб дамларни ўтказдим, жуда кўплаб отлар билан дўстлашдим. Бироқ энди «Олд Траффорд» қўрасига, жонажон охуримга қайтишга қарор қилдим. Бу ерда пойгадаги барча нарсага эришишим мумкин...”

Дайди тулпор яна ўз фермасига қайтди ва мусобақаларни сабрсизлик билан кутмоқда... 

(Муаллиф: Афсонада Умар Момани карикатуралари ва интернетдаги расмлардан фойдаланилди. Айрим ўзим тайёрлаган, ўхшаб-ўхшамаган ўхшатишлару расмлар учун узр!)