воскресенье, 22 января 2017 г.

Ахлатни сувга ташламанг, Онахон!



Ҳар куни Нурафшон кўчасидан анҳор ёқалаб юраман. Тоза, саришта жойлар. Айниқса, ёз фаслида у ердан юришнинг гашти бўлакча. Ишдан қайтишда анҳор бўйлаб юраман. Бир танишим айтганидек, “ўйлаб олиш учун” ҳам пиёда юришни яхши кўраман.
Яқинда сув ёқалаб, ҳаёлларга чўмиб кетаётгандим. Бир пайт “чалоп” этган овоз эшитилди. Қарасам, анҳорда катта қора целлофан пакет ётибди. Ичи тўла ахлати билан сувда қалқиб, сузиб кетаяпти. Не кўз билан кўрайки, анҳорнинг нариги қирғоғида тахминан 60-65 ёшлардаги супурги кўтарган онахон қолган-қутган чиқиндиларни сувга улоқтираяпти. Тўғриси, бундан қаттиқ жаҳлим чиқди. Бир кўнглимда гапирсаммикан, деб хаёл қилдим. Лекин ўзбекона андиша устун чиқди айтолмадим. Бир қарорга келгунимча, онахон дарвозасидан кириб кетди.
Бу ҳолат кўнглимни хира қилди. Умуман, дуч келган жойга чиқинди ташлайдиган, айниқса, сувга ахлат оқизадиган одамларга тоқат қила олмайман. Бу, менимча, болаликдаги тарбиянинг таъсири. Уйимизнинг яқинидан катта зовур оқиб ўтган. Ёз фаслида болалар билан маза қилиб чўмилардик. Идиш-товоқ, мол-қўй ва рўзғорга ҳам шу анҳорнинг сувидан фойдаланилар эди. Айримлар учун ичимлик суви ҳам эди. Биз эса маҳалламизга махсус сув ташиш машинасида олиб келинадиган сувдан сотиб олиб, ичардик. Уни Оқсув дердик. Тоғлардан оқиб келадиган бу сув жуда ширин, таъми ҳам бошқача. Ердан сизиб чиққан анҳордаги зах сувидан кескин фарқ қилади. Хуллас, шу зовурнинг яқин атрофдаги хонадонлар учун аҳамияти катта эди (ҳозир ҳам шундай).
Махсус чиқинди ташлаш жой бўлмагани учун қўни-қўшниларимиз кўприк ёнига, анҳор ёқасига ахлат ташлашни ўрганиб олди. Ўша пайтда раҳматли бобом шифохонада даволанаётган эдилар. Шифохонадан қайтиб, уни кўриб қолдилар. Кейин фаросатсизларча сув ёқасига ахлат ташлаган одамларни бўралатиб сўкдилар. Қанақа бефаҳм одамлар бор-а. Ўзи фойдаланади, болалари чўмилади, идиш-товоғини ювади, керак бўлса, ичади. Ахлатни турган-битгани касаллик, микроб-ку!, дедилар. Ва бизни чақириб, тозаллатирдилар. Табиийки, бундан ҳамма қўшнилар бохабар бўлди. Кейин бизга: “Ким ахлат ташлаганини кўрсанглар, менга айтасизлар. Ўзим гаплашаман ўша бефаросат билан”, дедилар. Шундан кейин ахлат ташлаш тўхтади. Бобомнинг шу каби тутумлари бизга синггандир, эҳтимол.
Ана энди анҳорга ахлат ташлаган онахон ҳақида. Наҳотки, бир умр шу анҳорни бўйида яшаб, шу ёшга кириб, сувга чиқинди ташламаслик ҳақида билмайдилар? Бунга ишониш қийин. Чунки ҳамма ўзбек хонадонида бу ҳақида обдон уқтирилади. Хўш, хонадоннинг улуғлари шундай иш қилса, болалари қандай бўлади? Жавобини ўзингиз яхши биласиз: Катта арава қаердан юрса, кичиги ҳам шу ердан юради.
Балки ташлашга жой йўқдир, дерсиз. Менинг ҳаёлимдан ҳам шундай фикр ўтди. Лекин кеча “Махсустранс”нинг чиқинди ташийдиган транспортини кўрдим. Йигитлар маҳалланинг чиқиндиларини ортишаётганди. Гапларим исботи сифатида расмга ҳам тушириб олдим.
Ҳукумат миллион-миллион пул ажратиб, Нурафшон кўчасини очди. Одамларнинг бахри дили очилсин, деб атрофини кўкаламзорлаштирди, атрофини обод қилди. Буларнинг ҳаммаси биз учун, шу эл, шу халқ учун. Лекин ҳамма ҳам буни англамайди, қадрига етмайди. Ваҳоланки, дунёдаги қанча-қанча жойлар сувга зор, турган-битгани саҳро, чўл. Олдингдан оққан сувнинг қадри йўқ, дегани шу-да.
Эътибор қилсам, онахонга ўхшаб анҳорга ёки унинг четига ахлат ташлайдиганлар кам эмас экан. Сувдан оқиб келадиган ёки анҳор бўйи ташланган чиқиндилар гапимнинг исботи.
Азизлар, чиқиндиларнинг табиатга ва одамларнинг ўзларига қанчалар зарар эканини айтиб, турли рақамлару статистикалар билан бошингизни қотирмоқчи эмасман. Интернетга кирсангиз, бу ҳақда истаганча маълумот ўқишингиз мумкин. Бобом кўп бор таъкидлардилар: “Ит ҳам ҳатто жойини думи билан супириб, кейин ётади”, деб. Ўзимиз яшайдиган, болаларимиз ўйнайдиган жойни озода тутайлик. Айниқса, анҳорларга чиқинди оқизмайлик, илтимос. Ҳеч ким кўрмагани билан жазодан қутулиб қола олмайсиз. Сиз ташлаган ахлат сабаб бўлиб, кимдир озор топса, касал юқтирса, гуноҳи сизнинг бўйнингизда. Бу аниқ!

Комментариев нет: