понедельник, 23 мая 2016 г.

Тушимдамас, ўнгимда...



Ортиқча қоғозбозлик, вақт исрофи ва яна сиз билган “қоғозбозлик”... Қизимни боғчага беришга қарор қилганимизда худди шу фикрлар миямда ғужғон ўйнарди. Ўйласам, юрагим сиқиларди. Иш билан оввора бўлиб, буни анча вақт ортга суриб юрдим.
“Қизим яқинда икки ёшга тўлади, ана шундан кейин бемалол бораман. Ҳақ талашишга ҳам юридик асосим бўлади”, деб вазият етилишини кутдим.
Ўша вақт келиб, уйим яқинидаги боғчалардан бирига кириб, тўғри мудирага учрашдим. Хаёлимда мингта фикр: “Қанча сўраркан, қимматмасмикан, мободо шунақа деса, унга қарши қандай қонуний гапларим бор?”. Ҳар ҳолда журналистман. Агар пулнинг ҳиди чиқса, ёвлашишга тайёр эдим...
Хуллас, мудира аёлга мен қизимни боғчага бермоқчи эканимни айтдим. У аёл гапларимни диққат билан эшитиб, бир парча қоғоз берди ва “Мана шу ҳужжатлар билан РайОНОга боринг, йўлланма олиб келинг. Жон деб қабул қиламиз”, деди. Юз-кўзидан зиёли, инсофли аёл экани кўриниб турарди.
Керакли ҳужжатларни йиғиб, боғчага йўлланма олиш учун РайОНОга бордим. Қабулдагилар очиқ чеҳра билан кутиб олишди, икки дақиқада анкета тўлдирдим. Ҳужжатларимни олиб, “жума куни хабар олинг, жавоби чиқади”, дейишди. Наҳотки ишим тез, осон ва рисоладагидек битса, деб ўйладим ва раҳмат айтиб, чиқиб кетдим.
Жума куни айтилган вақтга бордим. Одам кўп, навбатга турдим. Муддатим келиб, кирдим ва йўлланмани сўрадим. Қидириб, топишди ва қўлимга тутқазишди.
-Мана йўлланма, соғ бўлинг!
Мен уни оларканман, хайрон бўлиб бир оз туриб қолдим.
-Мендан ҳеч нарса керак эмасми?
-Нега энди, керакли нарсаларни олдик, ҳужжатингиз тайёр. Йўлланмани бериб, болангизни олиб кираверинг.
        Кўчада кетиб борар эканманман кўнгилда хотиржамлик ўрмалади. Тугунлар ечилгандек бўлди: “Бўларкану одам сарсон-саргардон бўлмай иш битирса ҳам”... 
       Ўзимни чимчилаб ҳам кўраман, мободо, туш кўрмаяпманми, деб. Ана шундай ортиқча овворагарчиликларсиз иши тез ва осон битадиган одамларнинг қанчалик бахтиёр эканини ҳис қилдим.
    Ўзи шу кунларда барча ишим ҳамирдан қил суғургандек осон битди. Натариусда ҳам шартномани ҳеч қандай муаммосиз, тез ва осон туздим, вақтинчалик рўйхатга қўйиш масалаласи ҳам ана шундай ортиқча овворагарчиликларсиз ҳал бўлди.
Ўйлаб қолдим: менинг омадим чопдими ёки чиндан ҳам ана шундай даврлар келаяптими?! 

Комментариев нет: