пятница, 21 декабря 2018 г.

Янада баланд, янада улкан бўлсин...

2018 йилнинг 22 июль куни Тошкентга улкан байроқ ўрнатилди. Баландлиги 65 метр, ўлчами эса 20 метрга 10 метрга тенг. Янгилик бўлгани учун ҳам буни кўпчилик яхши қабул қилди. Ҳар ҳолда пойтахт—ярашади, дедик. Чунки нисбатан оргинал таклиф эди бу. Бироқ буни кўриб, бошқаларнинг ҳам бирдан ташаббускорлиги қистаб қолдию. Ана энди қўяверасиз. “Улоқ”ни вилоятликлар илиб кетди.
Орадан бир ҳафта ўтар-ўтмас, “Бизнинг пойтахтдан нима камимиз бор?!”, деган ташаббус билан чиқди наманганлик бир халқ вакили (депутат). Буни шаҳар ҳокимлиги бажону дил қўллаб-қувватлади. Шаҳар марказидаги тепаликка 35 метрлик байроқни ҳилпиратиб қўйишди. Э, қойил! Депутат акага гап йўқ лекин! (Бошқа ишингиз қолмабди-да) Ёрворибсиз!
Баланд туғ шов-шувининг шамоли Бухорои шарифгача етиб борди. Орадан 11 кун ўтиб, 12 август куни баландлиги 35 метр, ҳажми 7х3 метр бўлган Давлат байроғи Бухоро вилояти Қоракўл тумани ҳокимлиги олдидаги майдонга ўрнатилди.
Бухорода бўлганда, кимсан рўйи замин сайқали, темурийларнинг пойтахти Самарқандда бўлмайдими?! Керак бўлса, уларникидан икки баравар баландроққа иламиз салтанат байроғини. Ҳабба!
Шундай қилиб, 2018 йилнинг 7 декабрь куни Кўксарой майдонидаги 60 метрлик устунга узунлиги 20 метр, эни 10 метрлик байроқ ўрнатилди! Ома қойил! Боплабсизлар!
Эртак тугади, десам ишонманг! “УзА” деган “жарчи” куни кеча, 18 декабрь куни Навоий музофотидан бир хабар келтирди. Айтилишича, Навоий шаҳридаги Алишер Навоий номидаги маданият ва истироҳат боғи ҳудудига баландлиги тутқичи ва устуни билан биргаликда 62,5 метр, оғирлиги 20 тонналик улкан байроқ илинган. Ўрнатиш ишларига оз эмас, кўп эмас, жами 1,5 миллиард сўм маблағ ажратилган.
Атиги 1,5 миллиард сўм нима деган гап?! Тўғрими? Нима қипти, 15-20 та одамни иш билан таъминлайдиган бирор ишлаб чиқариш қилмасак-қилмабмиз-да! (Затў бизда улкан байроқ бор) Бир ярим миллиард қаёқларда қопкетмайди. Туристлар бу байроқни кўрса, “ўўўў” дейишади, қойил қолишади. Ёшларимиз янаям ватанпарвар бўлишади! Яшанглар!
Та-а-а-а-к, энди кимлар қолди? Довонни у ёғида фарғоналик ва анжанликлар. Наҳотки, буни эшитмай қолишган бўлса-а?! Ё мен бехабар қолдиммикан?!
Воҳалик дўстларам негадир “жим-м-м”. Жиззах, Сирдарё, Хоразм, Қорақалпоғистондаги ташаббускорлар, ҳойнаҳой, бири тахта йўниб тўсин, бири игна-ип олиб, матодан байроқ тикишга киришганов. Янги йилгача битириб юборишсин-да ишқилиб азаматлар! Байрамга ажойиб совға бўларди-қоларди. Россиядан, Қозоғистондан қайтган ака-укаларимиз байроқни кўриб, тан берворишсин: “Э, мунақаси Москўпдаям, Остонадаям йўқ”, деворишсин оғизларидан тупик сачратиб...
Байроқилиш пойгасида мусобақалашинг, азизларим! Бунга кучингизам, ақлингизам, пулингизам етади, чўчиманг!
Ахир аждодларингизнинг кўпи байроқдор: бири муҳаддислар султони Имом Бухорий, бири ҳисоб илми саркардаси Ал- Хоразмий, яна бири тиб илми султони Ибн Сино, бири илм нужум байроғини осмон тоқига илган Мирзо Улуғбек. Санайверсам, оғзим қуриб, тилим танглайимга ёпишади...
Хуллас, байроқвозликни бардавом қилингизлар, шунқорлар! Энди ҳар битта туман, қишлоққа илиб чиқинг! Иложи бўлса, янада баланд, янада улкаааан бўлсин! 💪😎👍

Муслим Мирзажонов @RakursUz

вторник, 17 июля 2018 г.

Хўжа кўрса-кўрмаса...


Кеча мобиль телефонимга қўнғироқ бўлди. Гўшакни олсам, нотаниш аёл:
-Ассалому алайкум! Бу Муслимжонни рақамими?
-Ва алайкум ассалом! Ҳа, шундай!
-Рақамингиз опам берди. Сизга катта раҳмат айтмоқчиман. Уйимизга Тошкентдан, вилоятдан одамлар келишди. Катта ёрдам бериб кетишди...

Бу мен айтмоқчи бўлганларимнинг лид(интернет лахжасида) қисми. Энди кенгроқ баёнига ўтсам. 

Мободо тасодиф билан кўзингиз тушган бўлса, шу йилнинг 9 июль куни шахсий блогимда “Ҳисоботни қўйинг, мана факт, мана муаммо” номли материал эълон қилгандим. Унда мендан ёрдам сўраб мурожаат қилган Андижон вилояти Балиқчи туманида истиқомат қилувчи иккинчи гуруҳ ногирони, 3 нафар фарзандини ёлғиз тарбиялаётган Наргиза Жўраеванинг оғир шароити ҳақида ёзган эдим. Бу блогпост эртаси куни uz24.uz сайтида ҳам эълон қилинди. 

Тўғрисини айтсам, бу мақола ёки ташбеҳ тўнини кийдириб айтганда “ҳайқириқ” кўлда сапчитилган тошнинг изидек сув ичра ғойиб бўлади ва бесамар кетади, деб ўйлаган эдим. Ва ана шундай бўлган тақдирда, бундан-да баландроқ “овоз”да “гапирмоқчи” эдим. Бироқ бунга эҳтиёж қолмади. 

Маълум бўлишича, мақола эълон қилинганидан 2 кун ўтар-ўтмай, 12 июль куни Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг биринчи ўринбосари Э.Мухитдинов бошчилигидаги ишчи гуруҳ аъзолари Наргиза Жўраеванинг аҳволидан хабар олиш мақсадида унинг хонадонига боришади. Ўзининг ва вояга етган болаларининг бандлигини таъминлаш, шунингдек “Ҳар бир оила-тадбиркор” давлат дастури доирасида Наргиза Жўраевага бандликни таъминлашнинг бир неча вариантлари таклиф этилади: мини печни жиҳозлаш, иссиқхона қуриш, тикув иши ёки чорвачилик. 

Хонадон эгалари шароитга кўра чорвачиликни маъқул топишгач, 2018 йилнинг 13 июль куни Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан уларга 5 та қўй (бепул) берилади ва улар учун махсус қўйхона ҳам қуриб битказилади. Шунингдек, беш кун ичида хонадонга 50 та товуқ етказиб беришга ҳам қарор қилинган. Қолаверса, хонадонда ободончилик ва оҳаклаш ишлари ҳам олиб борилган... 




(Барча расмлар Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги фейсбукдаги расмий саҳифасидан олинди)

Кеча телефонимга Наргиза Жўраеванинг кекса онасининг миннатдорлик билдирилган овозини юборишди. Наргиза опанинг ўзи ҳам қўнғироқ қилиб, раҳмат айтиб, дуо қилди. Ишқилиб, бир неча ҳафта олдин ҳам умидсиз ва чорасиз бўлган ногирон аёл қалбига ва унинг хонадонига бугун шодлик оралагани рост бўлсин! Ҳар ҳолда хонадонда шундай баланд руҳият ва ишонч қарор топиб бораётганга ўхшади... 

Давлатимиз раҳбари деярли ҳар бир маърузасида раҳбарларга кабинет қоровулламай, пастроққа тушиш, одамларнинг дарди-ҳасрати, муаммоларини ўрганиш кераклиги ҳақида кўп айтади. Бугун “пастга тушиб” ишлаётган, одамларнинг дардини хўжакўрсин, ҳисобот учун эмас, балки чин дилдан тинглаб, амалий ёрдам бераётган раҳбарлар сони кўпайиб бораётгани кишини хурсанд қилади. Тўғри, ҳали ҳам оёғи ердан узилган, бурнининг тагидан нарини билмайдиган, эскича фикрлайдиган мутасаддилар кам эмас. Бироқ Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги улардан фарқли ўлароқ, муаммоларга реал кўз билан қараб, максимал даражада ечим топаётгани кўриниб турибди. Шу ишда фаоллик кўрсатган мазкур вазирлик ва бошқа маҳаллий ташкилотларга раҳмат!

Нафсиламрини айтганда, инсонлар муаммосининг катта-кичиги бўлмайди. Ҳаммаси бирдек муҳим ва эътиборга молик. Чунки  муаммоларда одамлар тақдири, эҳтимолки, сўнаётган умидлари, дарду ҳасрати ва илинжи бор. Уларни яхшилик томон буриш, фикри ожизимча, “хўжанинг кўриши”дан кўра фойдали ва савоблидир...

понедельник, 9 июля 2018 г.

Ҳисоботни қўйинг: мана, факт, мана, муаммо!


Сиз ҳам эътибор қилгандирсиз: сўнгги вақтларда ахборот  сайтларида тез-тез аёллар билан боғлиқ нохуш воқеа-ҳодисалар, жиноятлар хусусида хабарлар бериляпти. Боласини бўғиб ўлдирган аёл, икки боласи билан ўзини сувга ташлаган она, эрини пичоқлаган аёл, таҳқирланган аёл ва ҳаказо. Аслида, бу каби воқеалар жуда қўрқинчли ва юракнинг энг ости қатларигача оғриқ етказадиган даражада зарбли...
Жамиятимизда долзарб масалалар қалашиб ётганида, айниқса аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасидаги муаммолар тинимсиз бўй кўрсатиб турган бир пайтда, афсуски, ҳали-хунуз ёлғон статистикалару “осмонўпар” ҳисоботларга андармонмиз. Тўғриси, микрофонга “ўранишиб” олиб, “Биз инсон ҳуқуқларини таъминлаш борасида фалон ишлар қилдик, пистон чора-тадбирларни амалга оширдик, ана бундоқ ютуқларга эришдик”, деган баландпарвоз гапларни киприк қоқмай айтиш учун одам ё виждонсиз, ё кўзи кўр ва қулоғи кар бўлиши керак. Тупик сачратиб баландпарвоз ҳисоботлар бериш даври аллақачон тарихга айланганини айримлар ҳали ҳам англамагани кишини хуноб қилади...    
Умумий шаблон фикрлар тугади. Энди муддаога ўтаман:
Яқинда “Фейсбук”даги шахсий саҳифамга бир аёл ёрдам сўраб, мактуб ёзди. Хатда муаллиф Андижон вилояти, Балиқчи тумани, Хўжаобод қишлоғи, Гузар маҳалласи, “Халқлар дўстлиги” кўчаси, 13-уйда истиқомат қилувчи ногиронлиги бор синглиси Наргизанинг оғир ҳаёти ҳақида ёзган. Маълум бўлишича, Наргиза турмуш ўртоғи билан бирга яшамайди. 11 йил аввал эри қорнидаги боласи билан уни уриб, моматалоқ қилиб юборганда зўрға ота уйига қочиб келади. Эрининг зулмига чидай олмай, бирга яшамасликка қарор қилади ва  фарзандлари билан ота уйида қолади. Турмуш ўртоғи турли баҳоналар билан 4 фарзандига алимент тўламайди, ёрдам ҳам бермайди. Аёл фарзандларини боқиш учун тузук-қуруқ иш топа олмагач, Россия федерациясига ишлагани кетади. У ерда бахтсиз ходиса рўй беради. Яъни Наргизани Екатеринбургда катта тезликда келаётган машина уриб юборади ва бир ойдан зиёд касалхонада бехуш ётади, бир амаллаб Ўзбекистонга қайтади. Ҳозирда аёл 2-гуруҳ ногирони, соғлигини йўқотган, тез-тез даволаниб туради. Қолаверса, хомиладорликдаги калтакларнинг асорати ўлароқ, кенжа фарзандининг қовурғалари яхши ривожланмаган, соғлигида муаммо бор. Хатда ёзилишича, улар бир ховлида сиқилишиб қолишган. Ногирон аҳволида яқинлари кўмаги билан 4 фарзандни тарбиялаётган аёлнинг уйга, шунингдек моддий ёрдамга эхтиёжи бор. Мутасаддиларга қилинган мурожаатлар эса самарасиз ва жавоблар “хўп-хўп”дан нарига ўтмаган.
Муоммонинг объекти ва субъекти аниқ. Воқеалар марказида ҳимояга мухтож ногиронлиги бор аёл ва вояга етмаган 4 нафар бола. Хўш, Худо кўрсатмасину, бирор фожиа юз бермагунича, яна “кўр” ва “кар” бўволиб ўтираверамизми? Яна “хўп-хўп ашуласи”ни айтишда давом этамизми? Бўлар энди шунча кулфат, етар энди шунча фожиа.
Хуллас, мана сизга факт ва муаммо! Мана сизга ёрдамга мухтож оғир шароитдаги ногирон аёл ва унинг фарзандлари!
Умид қиламизки, бу мақолани ўқиб, Андижон вилояти ҳокимлиги, Хотин-қизлар қўмитаси, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ёшлар иттифоқи ва бошқа тегишли барча муассасалар муаммони ижобий ҳал қилишга кўмаклашади! 
Мавзу ёпилмади...

Муслим Мирзажонов

четверг, 21 июня 2018 г.

Диққат, селфи!

Селфи—эски янги мавзу. Ҳозирча трендда. Балки “сохта табассум ила смартфон камерасига қараш” анъанаси вақт ўтиб, жонга ҳам тегар. Ким билсин, тез ўзгараётган замонда бир нима дейиш мушкул. Аммо ҳозирча у барчани ўзига оҳанграбодек тортмоқда.
Маълумотларга кўра, интернетга жойлганган селфи суратларининг энг кўпи Осиё қитъасига тегишли. Дунёдаги энг машхур селфи фотоси телебошловчи Эллен Дедженерисга тегишли. Унинг “Оскар”-2014 маросимида олган селфисида бирданига 12 та киноюлдузни сиғдира олган. Улар орасида Мэрил Стрип, Жулия Робертс, Бред Питт ва Кевин Спейсиларни кўриш мумкин.
«Селфимания» тобора ривожланмоқда. Оғзаки нутқда фаол қўлланила бошлаган “Селфи” сўзи 2013 йилда тасдиқланди ва ҳар йили тузиладиган Оксфор луғатида энг машҳур атамалар рўйхати пешқадамига айланди.
«Бу ижтимоий тармоқлардаги кичик маргиналь гуруҳлар жаргонидан кенг қўлланувчи ва барчага тушунарли атамага айланди»,- деб изох берилади селфига руйхатда.
Селфи: қаерда қанча?
Ҳар куни 1 миллион селфи глобал тармоққа юкланмоқда.
• 30% фоизи 18-24 ёшлилар томонидан олинади.
• 23,7—селфисеварларнинг ўртача ёши.
• 14% фоиз селфи рақамли қайта ишловдан ўтади.
• 36% фоиз одамлар селфини таҳрир қилади. Эркаклар аёллардан икки марта кўпроқ таҳрир қилиниши тахмин этилаяпти.
Селфи учун энг машҳур шаҳарлар:
1. Лондон
2. Нью-Йорк
3. Амстердам
4. Париж
5. Барселона
Ижтимоий тармоқлардаги 6,3 млн пост таҳлили шуни кўрсатди.
Жой танла, суратга ол, жўнат
Селфи учун энг зўр жой лондон пейзажлари саналса-да, кўпчилик селфилар Лондонда олинмаган.
“Time” журнали кенг миқёсда тадқиқотлар ўтказиб, дунёнинг “селфи-пойтахти”ни аниқлади.
Бунинг учун журнал «Инстаграм»даги #selfie теги остида қўйилган 400 минг суратни географик минтақаси бўйича таҳлил қилди ва 459 та шаҳар рўйхатини тузиб чиқди.
Рўйхатнинг биринчи қаторини Филиппин пойтахтининг иқтисодий маркази—Макати банд этди: 100 минг одамдан 258 селфи. Унинг яқин таъқибчилари – Манхэттен (202) ва Майами (155).
Мамлакатнинг умумий аҳолисига нисбатан ҳисобланганда “селфипарастлар шаҳри” сифатида Мексиканнинг Монтеррей ва Коста-Рика пойтахти Сан-Хосе эътироф этилган.
Топ-10 ликка Доха, Дубай, Куала-Лумпур, Сингапур ва Деҳли кирган.
Кимда кўпроқ селфи: аёллардами ёки эркакларда?
Аёллар эркакларга нисбатан кўпроқ ўзларини суратга олади. Бу кўрсаткич 80 % фоизни ташкил этган.
-Москвада эркакларга нисбатан аёллар 4,6 маротаба кўп селфи сурат олади;
-Сан-Паулудаги селфи-фотоларнинг 65,4% фоизи аёлларга тегишли;
-Банкокда 55,2% фоиз.
30 ёшдан ошган эркаклар аёлларга нисбатан кўпроқ селфи-фотоларни пост қилиши маълум бўлди.
Селфи: ким билан, қанча?
34% фоиз: оила аъзолари билан;
29% фоиз: дўстлар билан;
19% фоиз: уй ҳайвонлари билан;
13% фоиз: бино ва манзаралар фонида;
10% фоиз: турли таомлар билан.
Муслим Мирзажонов

пятница, 15 июня 2018 г.

Ёмонмас: 3-ўрин...


         Журналистикада расман фаолият бошлаганимга 11 йил бўлди. 10 йил телерадиожурналистика соҳасида ишладим, малака ва тажриба тўпладим. Вақти келиб, фаолиятим йўналишини бироз ўзгартиришга тўғри келди. Ортга назар ташласам, фаолиятимда рағбат учун бир дона “қошиқ” ҳам олмаган эканман. Эҳтимол, ютуқ оладиган даражада ёрқин ижод қилмагандирман?! Балки менгача гал келмагандир?! У ёки бу сабаблари бор, хуллас...
         Блогерлар чемпионатидаги кичик ютуғим мен учун, албатта аҳамиятли ва муҳим. Энг камида ўзимга бўлган ишончимни ортишига сабаб бўлди.
         Тўғриси, финалгача боришимга ишонмаган эдим. Ҳамма қатори оддий “юриш” билан “жанг”га кирдим. Иккинчи босқичда ростмана ижод қилиб, финалга йўл олдим. Учинчи босқичда эса анча йиллардан буён ўйлантириб келаётган оққон касалиги ҳақида влог тайёрладим ва ғолиблар қаторидан ўрин олдим. Бу чемпионат нимани қандай хоҳласам, шудай ёзиш учун қулай майдон вазифасини ўтади.  
         Фурсатдан фойдаланиб, Мустақил босма ОАВ ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди, хусусан унинг директори Саид Абдулазиз Юсуповга, жонкуяр ва виждонли журналист, “Хабар.уз” портали раҳбари Жамшид Ниёзовга ва шунча танқидларга қарамай, блогерларни қўллаб-қувватлаган Ўзбекистон ёшлари иттифоқи ва барча мутасадди ташкилотларга раҳмат айтаман!
Энди муҳим гапга ўтаман! (ёмммон чўздим-а, ўзи дисерт шунақа сўнггида келади) Кечаги куннинг қувончлари бир тараф, эрталабки қувонч бир тараф бўлди.
Қўл телефонимга қўнғироқ бўлди. Қарасам, дўстим Дима Қаюм. Ҳол-аҳвол сўрашгач, “Ака, тошкентлик саховатпеша тадбиркор акалар хайрия учун деб катта миқдорда(1.800 АҚШ доллари) пул юборди. 500 долларни Онангга, қолганини эҳсон қил, муаммо чиқса, мен билан боғлан, дейишди. Мени мўлжалим: 300 долларини бир кўчага шоғол ташлашга, қолган 1000 долларини риштонлик оққон касалига чалинган болаларга тарқатмоқчиман. Шунга сиз билан маслаҳатлашмоқчи эдим”, деди. 
Энди айтинг-чи, бир оддий журналист учун бу ҳам мукофот эмасми? Бировга қилинган яхшилик учун сабабчи бўлишнинг ҳам завқи бор ва ажридан ҳам умидвормиз. Аниқ айта оламанки, агар шу чемпионат бўлмаганида, мен бундай мавзуларда ижод қилмаган, ёзган тақдиримда ҳам, бунчалик таъсир доираси кенг бўлмас эди.  
         Юқорида таъкидлаганимдек, бу эркин ижодкор сифатидаги биринчи ютуғим ва тўхтаб қолмаслигим учун стимул! Аллоҳ ҳар бир ишимизни икки дунё учун ҳам фойдали бўлиши учун ўзи илҳом ва ғайрат берсин! 
         ©Муслим Мирзажонов 

среда, 6 июня 2018 г.

Ўнгланишлар...


(фақат негатив, фақат танқид қиласан, деганлар учун)

Қизим маълум танаффуслар сабабли боғчага кирмай қўйганди. Кунлар исиб, яна боғчага қўйишга қарор қилдик. Боғчасига кирсам, тартиб бир оз ўзгаргани ҳақида айтишди. Яъни “Боғчада жойимиз бор. Ҳужжатларни аввалгидаек РайОНОга эмас, Давлат хизматлари маркази(ДХМ)га топширасиз”, дейишди. Аввалги сафар ҳам болани боғчага жойлашда унчалик қийналмагандим. Фақат кўпроқ вақт сарфлаган эдим. Бу ҳақида 2016 йилнинг 23 май куни блогимга “Тушимдамас, ўнгимда” номли пост жойлагандим...

Эртаси куни эрталаб ота-она паспорти ва қизимнинг туғилган ҳақидаги гувоҳнома билан ДХМга бордим. Аслида аризани ўзингиз интернет орқали юборсангиз ҳам бўлади. Фақат сизда Электрон рақамли имзо(ЭРИ) бўлиши керак. ЭРИ йўқлиги учун Марказга боришга тўғри келди. Олдим. Энди бу билан интернет орқали кўплаб интерактив хизматлардан фойдалансам бўлади.
*
ДХМда таҳминан (навбатлар билан) 1 ярим соат ишим битди. Тайёр бўлган йўлланмани 2 кундан сўнг олиб, боғчага топширдим. Кичкинтой боғчага яна қатнай бошлади...
*
Ойлик тушди. Ишдан сўнг, соат 20.10да “Ипак йўли”банкига кирдим. Банкомат ёнида одам зоти кўринмайди. 800 минг сўмни ечиб олдим. Баъзи жойларда 1 ярим миллион сўмгача ечиш мумкин.. 
*
Конверцион карта очдирмоқчи бўлиб, яна ўша банкка кирдим. Таҳминан ярим соатларда ишим битди. 30 минг сўм тўлов қилдим. “Эртага обеддан кейин келинг, тайёр бўлади”, деди ходим хушмуомалалик билан... Айтилган кунда пластик картани олиб келдим.

Хуллас, ҳаммаси хамирдан қил суғургандек осон кечди. 

Ўнгланишларимиз бардавом бўлаверсин ишқилиб!

©Муслим Мирзажонов

среда, 30 мая 2018 г.

Панегиризм

(“Биз ёшлар кутгандик, билгандик” эпидемияси хусусида)

Шу кунларда ижтимоий тармоқларда аёвсиз танқид қилинаётган бир ҳолатга кўп тўқнаш келавердим. Бу маддоҳлик, сохта мулозамат, ялтоқиланиш, мақтов ёхуд панегирик чиқишларга бетоқатлик. 
Қадимги Юнонистондаги халқ йиғинларида нотиқлар маълум бир шахс ҳақида ёки воқеа-ҳодиса юзасидан панегирик чиқишлар қилишган. Бу махсус нутқлар мақтов, ҳайрат, васф, ҳамду сано руҳида бўлиб, майдонга йиғилган халқ жамоасини ўзига маҳлиё этган. Бу борада камолотга эришган нотиқлар сифатида Перикл, Лисия, Исократ, адабиётда Траян кичик Плия, Тациталар эътироф этилади.
 XIX асрдан бошлаб эса, бу сўз “Реал асосларга эга бўлмаган ҳаддан ортиқ мақтов, мадҳ” мазмунидаги атама сифатида қўлланила бошлади. Мазмун эътибори билан бу сўз шарқ адабиётидаги қасидага яқин, дейиш мумкин.
Энди асосий масала хусусида:
Бундан бир йил муқаддам Ёшлар иттифоқи тузилганда Зулфия мукофоти соҳибаси бўлган фаол қизлардан бири ўз мулоҳаза ва таассуротларини тележурналистга сўзлаб берди. Унинг завқу шавқи ва кайфияти шунчалар юқори эдики, мазкур интервью ижтимоий тармоқларда обдон муҳокама қилинди. Қизнинг панегирик руҳдаги “биз ёшлар кутгандик, билгандик” ёки “бахтнинг манзили” каби фикрлари ҳажв ва мазах нишонига айланди. Нима сабабдан ёш қизнинг атиги бир ярим дақиқалик мулоҳазалари кўпларнинг ғазабига учради? Нима учун бир қизчанинг давлат раҳбари сиёсатига бўлган хайрихоҳлиги, олиб бораётган ишларини қўллаб-қувватлаши оддий қабул қилинмади? Ёки бошқа мамлакатларда бундай ёшлар йўқми?
Аслида, юртимиздаги мавжуд вазият ва асл ҳаётдан бохабар ҳар қандай одамга бундай сохта гаплар ёқмаслиги аниқ. Бу ерда жамоатчиликнинг эътирози айнан бир шахсга эмас, балки бир неча йиллар мобайнида шаклланган, давом этиб келаётган нотабиий кўтаринкилик ва ортиқча шижоат билан гапирувчи ёшлар қатлами, умуман барчага қаратилганди. Боиси, телевизорда урчиган ҳаяжонли нутқи иродлар, газета ва радиодаги тантанавор чиқишлар одамларнинг меъдасига тегиб кетганди. Мамлакат ёшларининг катта қисмини ўзида бирлаштирган “Камолот” ЁИҲ фаолияти қониқарсиз баҳоланиб, тугатилган ва янги ташкилот тузилганида кейин ҳам ана шундай  кайфиятдаги ёшларнинг “минбар”га чиқиб олаётгани кўпларнинг қаҳру ғазабига сабабчи бўлди, холос.
Атоқли адиб Мурод Муҳаммад Дўст яқинда “Фейсбук”даги ўз шахсий саҳифасида “Ёшликда комсомол қизларимизнинг шиддат ва сохта ҳаяжонга тўла нутқларини эшитганмиз. Лекин бу қизимизнинг олдида эски комсомолкалар ип ҳам эшолмас экан”, дея изоҳ қолдирди. Бу мулоҳаза ҳам шу тоифа ёшларга берилган ўзига хос баҳодир. Тарихга айланиб улгурган коммунизмнинг “боқий” ғояларига садоқатли “комсомолка”лар ҳам айни пайтда улар олдида ип эша олмаётган экан, демакки, биз маддоҳлик ва сохтакорликнинг юксак чўққисига чиқиб улгурибмиз. Тан олиш керак, мамлакат эртаси бўлган қатламдан тортиб, казо-казоларгача бу “дард”га мубтало, “кўпик кайфият”га асир бўлиб қолди.
Хўш, жамиятда панегиризмнинг авж олиши сабаблари нима? Кимлар асир? Нега?
Одатда янги уйни қуришга киришган одам иморатнинг мустаҳкам ва кўркам бўлиши учун пулни аямайди. Керак бўлса, бировдан қарз олиб бўлса-да, ўзи истаганидек чиқишига ҳаракат қилади. Кимдир эса иморатни ҳоли қудрати ва чўнтагига қараб, кўтаради. Унга бировдан қарз бўлмаслик, тили қисилмаслик муҳим. Иморати битгунига қадар фақат шу билан овора бўлади. Уй битиб, яшай бошлагач, дўппини бир четга қўйиб, ўз иморатини яхшилаб кўздан кечиради. Камчиликлар, нуқсонларни кўради – кўз юмади. Қиш келиб, бу уйида совқотади—кўникади, томидан чакки ўтади – тоғора тутади. “Ҳар ҳолда ўз кучим билан қурган уйим бор, кимлардадир бу ҳам йўқ”, деб ўзига таскин беради. Эҳтимол, ўз хатоларини шу билан хаспўшлар...  
Мустақилликнинг дастлабки йилларида янги тизим ва янги жамият барпо этиш билан банд бўлган одамларнинг ҳавойи гапларга вақти бўлмагани аниқ. Оммавий ахборот воситалари, жамият кўзгуси  ўлароқ, нисбатан жонли ва баландпарвоз гаплардан йироқ бўлгани учунми, одамларнинг кайфияти унда борича акс этарди. Бироқ сўнги 10-15 йилликда бу кайфият ўзгара борди. Ҳайбаракаллачилик, хаспўшлаш, сичқонни филдек кўрсатиш, сохтакорлик, мадҳ, ҳисоботбозлик авж ола бошлади...
 Мен ўз ишларимни бошлиғимга отнинг калласидек катта ҳажмда кўрсатишга уриндим, бошлиғим бошлиғига, катта бошлиқ ундан каттасига. Хуллас, занжир мисол бир-бирига уланган бу халқа “кўпик” муваффақиятларимизнинг сонини ошираверди. Муқобили йўқ кадрлар тайёрлаш тизимининг кутилган самара бермагани, иқтисодиётдаги депсиниш, коррупция, бюрократия, миллионлаган одамларимизнинг иш излаб хорижга чиқиб кетгани – буларнинг барчасига парда тортиб, саҳнада алёру лапарга, оташин нутқларга андармон бўлдик. Бу борада бизга саҳна вазифасини оммавий ахборот воситалари ўтади. “Катталар”нинг доимий диққат эътиборида бўлган медиа-майдондан ўғрию тўғри, узуну қисқа, ёшу қари бирдек фойдаланди. Уларнинг орасида сиз ҳам, мен ҳам бўлишим мумкин...
Журналистик фаолиятим мобайнида бу каби ҳолатларга жуда кўп дуч келганман. Эҳтимол, мен ҳам масъул муҳаррирлар қайчисидан омон қоладиган, ҳеч бир кесишларсиз эфирга кетадиган интервьюлар тайёрлаган бўлишим мумкин. “Давр” информацион дастурида мухбир бўлиб ишлаган пайтда (2012-2015 йилллар) “биз яратиб берилган шароитлардан унумли фойдаланиб” деб бошланадиган ялтироқ фикрларни ёдлаб олган ёшларга кўп бора микрофон тутишга тўғри келган. Бундай кезларда ёдланган шаблон гапларни бас қилиб, шахсий қарашларини айттиришга бўлган уринишларим бир неча бор зое кетган. Демакки, ёшларнинг суяги ана шундай сохта фикрлар билан қотган, кўзлари ана шундай баландпарвоз нутқларга кўниккан, мияси интервьюнинг мазмуни шундай бўлиши кераклиги ҳақидаги нотўғри фикр билан тўлган эди. Бундай мазмундаги гапларни оммага олиб чиқиб, ёшлар онгини шундай кайфият билан заҳарлаганлар мен ва мен каби журналистлар...
  Бошлаган гапга қайтаман: “Бахт манзили” ҳақида тўлқинланиб гапирган қиз бизга бегона эмас, у ҳам сизу биз билан бир ҳаводан нафас оляпти. У шундай муҳитда униб ўсган, шу таълим тизимида савод чиқарган. Демакки, рангни ҳам сизу биздан олган. Унинг устози ана шундай руҳ берди, у буни акс эттирди. Зеро, катта арава қаердан юрса, кичиги ҳам шу ерда юради. Ерга тариқ сепиб, буғдой олинмайди.   
Бу “маром”, ҳайбаракаллачилик барча соҳаларда, барча йўналишлар мавжуд. Ҳаммамиз панегиризм билан оғридик. Бу хасталик одамзоднинг ўзи каби кўҳна, дейишади. Лекин кўнгилда бир илинж бор: “дард”ни берган худо давосиниям беради. Умидимиз шундан: энди бу ёғига эски хатоларни такрорламасак бўлгани...  

Муслим Мирзажонов


вторник, 1 мая 2018 г.

Кетга тепишнинг фойдаси


(фантастик жанрдаги аччиқ истеҳзо)


Психологларнинг (исмлари эсимда йўқ) фикрича, кетга тепиш бошлиқнинг ўзига, ўз кучига бўлган ишончини оширишдаги энг муҳим жараён экан. Қолаверса, тартибни йўлга қўйиш, буйруқларнинг ўз вақтида бажарилишини таъминлаш, қаттиққўл сиёсат юритишда кетга тепиш энг мақбул амал саналади. Узоқ-узоқ ўтмишнинг гувоҳлик беришича, бу бошқарилмиш (ҳозирги тил билан айтганда, ходим)нинг хушёрлигини оширади, вазифаларга юксак масъулият билан ёндошишга ундайди. Қачонлардир занжилар учун кетга тушган хўжайиннинг зарбаси мукофотдек гап бўлган экан (ҳар ҳолда қамчининг аччиқ ва оғриғи суяккача етадиган зарбаси ёнида тепки авлиёдек кўринади-да) "Так чтў", бу анъана тарих синовидан ўтган, тажриба майдонларида ишонч қозонган бошқарув услуби эканини унутмаслик лозим ва лобуд!    
Ҳурматли, зоти шариф, ўртоқ бошлиқ! Сизни тушунамиз: ҳозир 4 та одамга бошлиқ бўлиш осонмас. Одамлар оиласини, битта хотинини тартибга сола олмаётган бир даврда, жамоани гапирмаса ҳам бўлади (жуда зўр иш берадиган, катталарга мойдек ёқадиган шаблон гап-да). Сизнинг “урганингиз ур оши, сўкканингиз сўк оши”. Сўкканингиз сўкилиб, урганингиз урилиб қолмайди. Биламиз: ишда тартиб-интизом, масъулият бўлсин, дейсиз! Нима қипти, мана, сизам тепадагилардан тепки еб, кам бўлдингизми? Йўқ! Кимсан “Фалончи Пистончиевич”сиз! Ҳайбатингиздан эшак ҳуркийди. Одам сўкиш эшитиб, тепки еб улғаяди-да! Сиз, албатта, бу қадимий анъанани баралла, шараф билан давом эттириб, муқаддас занжир ҳалқасини узмаслигингиз керак. Сизни юқорироқдаги раҳбарингиз тепади, сиз ходимингизни, ходимингиз ходимини тепади (бу ёғи “шолғом тортиш”). Шу тахлит асрий анъана бардавом. Ахир бунинг жаҳонда муқобили, ўхшаши йўқ-ку!
Сиз ҳеч иккиланмай, ишонч билан, зарбни муборак оёғингизнинг юзига тўплаб, ходимнинг юмшоқ жойига расамади билан тепиш ҳадисини шундай олингки, шимидаги оёқ изи баданига уриб юборсин, қиммат ботинкангиз излари орқасида тамғадек муҳрлансин! Йиллар ўтиб, набираларига буни эртак қилиб, айтиб юради улар. Ўртоқ бошлиқ, яна бир бор айтаман: бу йўлда собитқадамлик ва давомийликни сақланг! Одамлар, жамоатчилик, хорижнинг иғвогар журналистлари ва бошқа демагогларнинг фикрларига юракдан тупуринг! Сиз консерватив услублар эгаси ўлароқ, ўз вазифангизни рисоладагидек бажаряпман, деб ўйлашда давом этинг!
Ҳурматли, йўқ-йўқ, сариқ чақалик ҳурмати йўқ ходим! Тўғри қиласан: кетингга тепса, индама! Бошлиқ деган шу-да: сўкади, уради, тепади. Одам калтакдан ўлмайди. Орият, ғурур, шаън деган нарсалар баландпарвоз гаплар холос. Зато, ўша жойдан қора қозонинг қайнаяпти, тўғрими? Ҳеҳ, ана, одамлар чет элларда сарсон ишлаб юрибди. Сен шукр қилмайсанми? Озгина чидасанг, сал оғрийди, но ўтиб кетади, бошлиқ хумордан чиқади. Ҳа, айтганча, кетга тепадиган бошлиқларнинг ҳаммаси ҳам тошбағирмас. Тепишга тепадию, кейин виждони қийналиб юрадиганлари ҳам бор. Шу учун кетингга тепса, шукр қил! 5-10 йилда сен ҳам ходимингни кетига тепиб, дуранг қиласан, ничего! Қулдорлик тузуми даврида туғилмаганингга "раҳмат" де...
Эшитдингми, бир-иккита “козёл” ўқитувчилар, солиқчилар бошлиғининг ходимларини тепаётган видеоларни интернетга чиқариб юборибди. Э, бу эркакнинг ишимас-да, жўра! Арзимаган ишларни элга дастурхон қилиб юрадими?! Шу бошлиқлар ҳам сени одам бўлсин, деб уриб-тепади-да, тўғрими?!
Хуллас, бошлиғинг сўкса, кетингга тепса, оламга жар солмай, “кўзингни” қисиб юр! Бу текин маслаҳат!
Ўсмоқчимисан? Унда кетинг бошлиқнинг муборак оёқларини тез-тез “зиёрат қилишига” йўл қўйиб бер! Шиоринг “Бошлиқнинг тепкиси – келажагинг учун муҳим зарб”, бўлсин!

Ҳурмат билан,
Муслим Мирзажонов

среда, 25 апреля 2018 г.

Мардикор бозори эмас, “Умид дарахти”!



Яқинда таътил олиб, оилам билан қишлоққа бордим. Ота ҳовлига бормаганимга ҳам бир йил бўпти. Ҳа, иш, бола-чақа ташвиши, деб ойларни йилларга улаб юрибмиз. Гоҳида ишнинг кўплиги, гоҳида эса чўнтакнинг “шамолга макон” экани водийга бормасликка важ бўлади.
Қишлоқ ҳали ҳам ўша-ўша. Ёз келиб, рус ўлкасида жавлон ураётган йигитларнинг пулига қурилаётган, таъмирланаётган уйларни, бир неча ҳамқишлоқларимнинг дорилбақога риҳлат қилганини айтмаганда, айтарлик оламшумул ўзгариш сезмадим(доимгидек)...

 Кўчага чиқсанг, хотин-халаж, бола-чақа, кексалар ёки меҳнатга лаёқатсиз касалванд одамлар, қолаверса, тайинли иши бор эркаклардан бўлак ҳеч ким кўринмайди.
Эсимда: болалик чоғларимда тушлик чоғида қишлоғимиз одамлари маҳалла марказидаги катта толнинг тагида, анҳор бўйида салқинлаб ўтирарди. У ер доим гавжум бўлиб турарди. Ким билсин, бугун ҳамма иш билан бандми ёки аввалгилар бекорчи-танбал бўлишганми?! Менимча, биринчи вариант ҳақиқатга яқинроқ...

Бошқа жойларда қанақа билмадиму, лекин биз томонларда қўлидан иш келадиган, аниқроқ айтганда, битта ғиштқолипни кўтаришга қуввати бор бола борки, бекор юрмайди. Қандайдир фойдали меҳнатга бириктирилган. Биз бу ёшда лагерга бориб, таътилни завқли ўтказардик. Бугунги қишлоқ болалари эса лагерь, оромгоҳ нималагини билмайди ҳам...
Хуллас, ҳозирда 14-15 ёшли ўсмирлар ҳам ўз эҳтиёжи, айтайлик, кийим-кечак, китоб-дафтарлар сотиб олиш учун маблағни аксар ҳолларда ўзи топар экан. Энг кенг тарқалган меҳнат тури — бу ғишт қуйиш. Ўсмирларнинг қўлидаги қиммат телефон, устидаги кийим-кечаклар ана шу пуллардан.  Бекор ўтирадиган одамнинг ўзи йўқ!

Узр, бир оз чалғиб кетдим.
Бир куни ўртоғим телефон қилиб, “Зерикмадингми? Юр, Риштонга бориб келамиз, иш бор”, деди. Шаҳарнинг тиғиз ҳаётига ўрганиб қолган мен қишлоқликка ҳам бу таклиф маъқул тушди.
Ўртоғим қишлоқда инглиз тилидан дарс беради. Ҳаётидан мамнун. Ойлиги ҳам яхши. Қишлоқ болаларига репиторлик қилади. Ўқувчилари ҳам кам эмас. Қийналиб ўқиганларининг чарчоғи бугун чиқаётганини айтади. Менга ҳам “Нима қиласан шаҳарда қийналиб, кел, ўзимизда ишла”, дегани-деган. Биз эса ҳали ҳам юксак чўққиларга кўз тиккан, катта одам бўлиш истаги билан 33 ёшдан ошган мағрур. Ҳали-бери қишлоққа қайтиш нияти йўқ...

Хуллас, ўртоғим билан туман марказига бордик. Ўртоғим пластик картасидаги пулини фоизга нақдлаб олиш учун бир катта дўконга кириб кетди. Мен эса уни ташқарида кутишга қарор қилдим.
Бир пайт қаршимдаги вокзал ёнида одамлар тўп бўлиб турган жойга кўзим тушди. Бу ер, бадиийроқ қилиб айтганда, меҳнат бозори, халқона айтганда эса мардикор бозори. Қарасам, одамлар унча кўп эмас. Чинорнинг остида қуёш тиғида ишлаб қорайган, одми кийими хилвираб турган турли ёшдаги одамлар ўтирибди. Нигоҳларидан турмушнинг мингта муаммоси, мингта машаққати мўралаб тургандек. Кимлардир сояга ўтириб олиб, ўткан-кетганга илинж билан қарайди. Кимдир шеригига гап сотади. Яна кимдир катта йўлдан ўтаётган машиналар шовқинига қарамай, дарахтга суянибгина пинакка кетган. Асли оқ бўлса-да, униқиб, қорайиб кетган кепка кийган яна бир йигит эса қўлидаги кичкина тош билан ўзи ҳам тушунмайдиган бир нималарни беихтиёр ерга чизиб ўтирибди. Ўзи шу ердаю, хаёли хонадонида йиғилиб ётган муаммоларда бўлса керак, ҳойнаҳой... 
Эркаклардан ҳийла узоқда эса 5-10 чоғли аёллар ҳам туришибди. Улар ҳам мазкур бозорда ўз меҳнатини сотиб кун кўрадиганлар. Қиларга иш йўқ, қоринни эса тикиб бўлмайди...
“Бу ожизаларни мардикор бозорига чиқариб қўйган эркаклари қани”, деган саволлар турли жавоб вариантлари хаёлимдан ўтади: бири эрсиз, бирининг хўжайини ё қозоқ элида ё рус диёрида бедарак кетган ёхуд уйига бир сўм жўнатмайди. Яна бирининг турмуш ўртоғининг топгани рўзғор базўр етади ё етмайди. Хуллас, бу ердагилар ҳавас учун меҳнат бозорига чиқиб ўтирганлари йўқ...
Шу тобда яна болалик манзаралари кўз олдимдан кино тасмасидек ўтади. Биз мактабда ўқиб юрган кезлари (1991-2000 йилларга қадар) техникум ёки олий ўқув юртларига кира олмаган хотин-қизларнинг аксари туманимиздаги тўқимачилик фабрикасига ишга кирарди. Мактабдан қайтар чоғимизда аёллар бекатда қалдирғоч болаларидек тизилиб турган бўларди ва уларни фабриканинг махсус автобуси олиб кетарди. Айтмоқчи бўлганим, мазкур корхона ўша пайтларда туманимизнинг жуда кўп аёлларини иш билан таъминлаганди. Билишимча, ҳозирда текстиль корхонасининг ишлаб чиқариш қуввати аввалгидек эмас. Айтмоқчи бўлганим, аввалгидек ишлаб турганда меҳнат бозорида турган ана шу аёллар ҳам ўша корхона фаолият юритаётган бўлармиди...

“Зерикиб қолмадингми”, деган овоз хаёлларимни хар томон тариқдек сочиб юборди. Ўртоғим қўлтиғига пакетдаги пулни қистирганча дўкондан чиқарди.
Мен фурсатдан фойдаланиб, “Ўртоқ, бугун мардикор бозори сустми дейман?”, дедим. У эса “Бу ер мардикор бозоримас! Номи ўзгарган”, деди. “Ие, нима деб ўзгартиришди?”, деб сўрадим! “Бу ерни “Умид дарахти”, деб аташади”, деб жавоб қайтарди. Мен эса хайрон бўлиб “Нега энди “Умид дарахти?”, деб сўрадим. “Бир куни шу бозорга чиқадиган танишим айтиб қолди. Ўзлари бу ерни “Умид дарахти” дейишаркан. Шу одамлари ҳар куни тонгда, умид билан, ризқ қидириб, мардикор бозорига, ҳов катта дарахт тагига йиғилишади. 5-10 сўм ишлаб, рўзғорига ул-бул олиб киришади. Четга бора олмайдиганларнинг аксари шу ердан иш топиб, рўзғор тебратади”, деди. Мен “Ҳа, ҳақиқий шоирона ўхшатиш бўпти”, дедим. Албатта, бу ном расмий эмас, шунчаки меҳнат бозоридагиларнинг ўзлари ўйлаб топган таскин холос.

Ҳа, ажойиб халқимиз. Ҳеч ҳам тушкунликка тушмайдиган, ҳар қандай муҳитдан қувонч қидирадиган. “Умид дарахти” деб қўйилган номнинг ўзиёқ бу инсонларнинг яшашга бўлган иштиёқини англатиб тургандек, гўё...

“Қийналиб, тунни тонгга улаб ўқимаганимизда, балки бизам шу “Умид дарахти” тагида ўтирган бўлармидик”, деди ўртоғим. Мен эса уларга қараб туриб, “Ҳа, балки шундайдир”, дедим. Аслида миямда ғужғон ўйнаётган ҳадсиз саволлардан бирортасини ҳам тилимга чиқаришни истамадим. Бу саволларга ўртоғим қайдан жавоб берсин, деб қўя қолдим...
Бу пайтда эса “Умид дарахти” тагидаги одамлар қий-чув қилиб машинада ўтирган ишга ёлловчи одам билан нималарнидир келишишарди...
Юракка чўккан алланечук оғир хўрсиниқ билан “Умид дарахти”дан узоқлашдик...

Муслим Мирзажонов


вторник, 4 апреля 2017 г.

Дард устига чипқон ёхуд Сотволди сомсанинг саргузаштлари...

Солижон Маматқулов ижод намунаси
(ҳажвия)
Сотволди сомса яхши одам. Уни маҳалласидан ташқари қўшни қишлоқдагилар ҳам жуда яхши танишади. Сотволди ёпган сомсаларнинг харидори ҳисобсиз. Маҳалласидаги катта йўл бўйига сомсахона очган. Хўррандаларнинг кети узилмайди. Бунинг биринчи сабаби, у ёпган сомсаларнинг мазали экани, иккинчиси, насияга ҳам савдо қилавериши. Кўнгил бўш-да, ишонувчан. Хотини нечи йилдан бери “Насияга савдо қилманг, барака бўлмайди”, деб қулоғини қоқиб, қўлига беради. Бечора Сотволдининг кўнгли бўш эмасми, “Сомсани ейиш учун сўраб тургандан кейин, йўқ деб бўладими, хотин? Камига таниш, ўзимизни маҳалладошлар. Еса, шулар ебди-да”, деб қўя қолади.
Ҳа айтганча, Сотволди сомса футболнинг ашаддий ишқибози. Футбол деса, тандирдан ташлайди..йўғе, томдан ташлайди. Ўйин бор куни иш тушликкача давом этади. Нари-беридан сомсани ёпади, тушликкача сотиб тугатади. Тугамаса, хотинига ташлайди-да, “хотинжон, бу ёғи сизнинг ихтиёрда”, деб уйига кириб кетади. Ўйиндан 5 олти соат олдин, ошларни тайёрлаб, паловхонтўранинг кучи билан бақириб-чақириб (ва албатта сўкиниб) мухлислик қилади.  Ютқизиб қўйса, тамом. Эртанги куни сомасаларининг тузи ё шўр бўлиб кетади ёки таги куйиб кетади. Хуллас, мағлубият шу Сотволди сомсанинг сомсаларига ҳам зарар қилади нуқул...
Бугун унинг эрта тонгдан яхши кайфиятда сомса ёпти. Харидорлар ҳам ёмон эмас. Сабаби, бугун футбол бор. Боз устига Сотволди биринчи марта футболни телевизордан эмас, стадионга бориб кўрмоқчи. Неча йиллик орзуси бугун рўёбга чиқадиган бўлиб турибди. Тошкендаги синфдош ўртоғига айтиб, билет олдирган. Сомсаларни узиб, саватга солди-да, “пост”ни хотинга ташлаб, охирги марта никоҳ тўйида кийган костюм-шими кийиб, шаҳарга отланди.  “Шундоқ пўрим кийимда таксига осилиб юраманми”, деб отасидан қолган “Москвич” машинасини миниб боришга қарор қилди. Ёқилғи қуйиш шаҳобчасига борса, берк. Бензиндан асар ҳам йўқ. Иложсиз, бир оз қиммат бўлса ҳам, машина бокини қўшнисидан сотиб олган бензин билан тўлдирди ва “хаё хуйт” деб Тошкент сари йўлга чиқди.  
Кайфият аъло. Хуштагни чалиииб, оғиз оғриганда магнитофонни баралла қўйиб, футбол ўйинига ошиқди. Жадалроқ ҳаракат қилмаса, ўйинга кеч қоладиган. Ўртоғи “Камида 2 соат олдин стадионда бўл. Акс ҳолда, одамлар кўпайиб кетади, бир-биримизни топа олмаймиз”, деб қаттиқ тайинлагани учун оёқни деярли газдан олмади. “Москвич” бўлгани билан унча-мунча машиндан қоладиган эмас. Отаси уни тойдек гижинглатиб мингган. 30 ёшга кирган бўлса ҳам, машинанинг кўриниши ёмон эмас. Ҳар замонда Ҳар ҳолда пиёда юрмаяпману”, деб ўзига ўзи тасалли бериб қўяди. Хуллас, амаллаб шаҳарга етиб келди. Шошганда бир-икки марта қизил чироққа ўтиб кетди. Яна бир вазиятда катта чорраҳада ҳамма светофорга тўхтаб турибди. Қарама-қарши томонда на машина бор, пиёдалар йўлакчасида на бир пиёда. Камига йўл четида ДАН ходимлари ҳам кўринмади. Ҳеҳ, одамлар ҳам жаа бир содда-е шаҳарда”, деди-да, яшил ёнишини кутмай, машинасини ҳайдаб кетди. Бу каби ҳолатлар яна бир неча марта содир бўлди...
Сотволди сомса айтилган соатда айтилган жойга етиб борди. Ўзининг бундай абжирлигидан кўп қувонди ва яхши кайфиятда дўсти билан стадионга кирди. “Оооо, мана буни стадион деса бўлади, ўзиям боплаб ташабдия”, деди ҳайратини яшира олмай. “Илоҳо омийн, ишқилиб, бугун ютайлик. Атай келдим қишлоқдан”, деб юзига фотиҳа тортди. Дўсти илтимос қилгани учун шахсий томорқасида етиштирилган, хотини қовуриб берган бир халта пистани “додини беришди”. Бироқ натижа Сотволди кутганидек бўлмади. Севимли жамоаси яна ютқизди. Бўралаб-бўралаб сўкди ҳаммасини. Футболчиларнинг “эсланмаган” қариндоши қолмади. Асаби бузилган Сотволдини дўсти “Майли, кўп куйинма. Зато негатив энергияларни чиқариб олдинг”, деди. Сотволди дўстининг гапига кўпам тушунмади. Лекин анча кўнглини бўшатиб олди. Бироқ асабийлик ҳадеганда ёзилмади. Уйига тезроқ етиб олиш мақсадида оёғини газ педалига “бойлаб олди”...
Орадан уч-тўрт кун ўтди. Почтадан чиройли конвертда хат келди. Ичини очса, бир-биридан чиройли расмлар. “Ие, мени мошинамни расми-ку. Қойил-е, нўмирлариниям эринмай олишибди расмчилар”, деб суюнди.  Бироқ хурсандчилик узоққа чўзилмади. Хатда шаҳарда неча марта қоида бузганию қанча миқдорда жарима тўлаши лозимлиги ёзилган экан...
Сотволди сомса мажбур бўлиб, “Москвич” машинасини сотди, етмаганига қишлоқда уйма-уй юриб, қарзга сомса еганлардан пулларини олди. Сўнгги маълумотларга кўра, Сотволди ҳозир хатто хотин-бола-чақасига ҳам қарзга сомса бермай қўйибди...
Муслим Мирзажонов