Кеча мобиль телефонимга қўнғироқ бўлди. Гўшакни олсам, нотаниш аёл:
-Ассалому алайкум! Бу Муслимжонни рақамими?
-Ва алайкум ассалом! Ҳа, шундай!
-Рақамингиз опам берди. Сизга катта раҳмат айтмоқчиман. Уйимизга Тошкентдан, вилоятдан одамлар келишди. Катта ёрдам бериб кетишди...
Бу мен айтмоқчи бўлганларимнинг лид(интернет лахжасида) қисми. Энди кенгроқ баёнига ўтсам.
Мободо тасодиф билан кўзингиз тушган бўлса, шу йилнинг 9 июль куни шахсий блогимда “Ҳисоботни қўйинг, мана факт, мана муаммо” номли материал эълон қилгандим. Унда мендан ёрдам сўраб мурожаат қилган Андижон вилояти Балиқчи туманида истиқомат қилувчи иккинчи гуруҳ ногирони, 3 нафар фарзандини ёлғиз тарбиялаётган Наргиза Жўраеванинг оғир шароити ҳақида ёзган эдим. Бу блогпост эртаси куни uz24.uz сайтида ҳам эълон қилинди.
Тўғрисини айтсам, бу мақола ёки ташбеҳ тўнини кийдириб айтганда “ҳайқириқ” кўлда сапчитилган тошнинг изидек сув ичра ғойиб бўлади ва бесамар кетади, деб ўйлаган эдим. Ва ана шундай бўлган тақдирда, бундан-да баландроқ “овоз”да “гапирмоқчи” эдим. Бироқ бунга эҳтиёж қолмади.
Маълум бўлишича, мақола эълон қилинганидан 2 кун ўтар-ўтмай, 12 июль куни Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг биринчи ўринбосари Э.Мухитдинов бошчилигидаги ишчи гуруҳ аъзолари Наргиза Жўраеванинг аҳволидан хабар олиш мақсадида унинг хонадонига боришади. Ўзининг ва вояга етган болаларининг бандлигини таъминлаш, шунингдек “Ҳар бир оила-тадбиркор” давлат дастури доирасида Наргиза Жўраевага бандликни таъминлашнинг бир неча вариантлари таклиф этилади: мини печни жиҳозлаш, иссиқхона қуриш, тикув иши ёки чорвачилик.
Хонадон эгалари шароитга кўра чорвачиликни маъқул топишгач, 2018 йилнинг 13 июль куни Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан уларга 5 та қўй (бепул) берилади ва улар учун махсус қўйхона ҳам қуриб битказилади. Шунингдек, беш кун ичида хонадонга 50 та товуқ етказиб беришга ҳам қарор қилинган. Қолаверса, хонадонда ободончилик ва оҳаклаш ишлари ҳам олиб борилган...
Кеча телефонимга Наргиза Жўраеванинг кекса онасининг миннатдорлик билдирилган овозини юборишди. Наргиза опанинг ўзи ҳам қўнғироқ қилиб, раҳмат айтиб, дуо қилди. Ишқилиб, бир неча ҳафта олдин ҳам умидсиз ва чорасиз бўлган ногирон аёл қалбига ва унинг хонадонига бугун шодлик оралагани рост бўлсин! Ҳар ҳолда хонадонда шундай баланд руҳият ва ишонч қарор топиб бораётганга ўхшади...
Давлатимиз раҳбари деярли ҳар бир маърузасида раҳбарларга кабинет қоровулламай, пастроққа тушиш, одамларнинг дарди-ҳасрати, муаммоларини ўрганиш кераклиги ҳақида кўп айтади. Бугун “пастга тушиб” ишлаётган, одамларнинг дардини хўжакўрсин, ҳисобот учун эмас, балки чин дилдан тинглаб, амалий ёрдам бераётган раҳбарлар сони кўпайиб бораётгани кишини хурсанд қилади. Тўғри, ҳали ҳам оёғи ердан узилган, бурнининг тагидан нарини билмайдиган, эскича фикрлайдиган мутасаддилар кам эмас. Бироқ Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги улардан фарқли ўлароқ, муаммоларга реал кўз билан қараб, максимал даражада ечим топаётгани кўриниб турибди. Шу ишда фаоллик кўрсатган мазкур вазирлик ва бошқа маҳаллий ташкилотларга раҳмат!
Нафсиламрини айтганда, инсонлар муаммосининг катта-кичиги бўлмайди. Ҳаммаси бирдек муҳим ва эътиборга молик. Чунки муаммоларда одамлар тақдири, эҳтимолки, сўнаётган умидлари, дарду ҳасрати ва илинжи бор. Уларни яхшилик томон буриш, фикри ожизимча, “хўжанинг кўриши”дан кўра фойдали ва савоблидир...
Комментариев нет:
Отправить комментарий