среда, 14 декабря 2016 г.

“Одночи”лар армияси


Кейинги йилларда саводсизлик авж олиб кетди. Айниқса, ёшлар орасида. Бундай саводсиз, дунёқараши тор қатламга “Одночи” деган атама қўлланила бошланди. Боиси, дастлаб “Одноклассники” ижтимоий тармоғи ана шундай саводи ҳаминқадар бўлган навқирон қатламнинг паккасига айланди. “Одночилар” армияси ҳозир барча ижтимоий тармоқларга мўрмалақдек бостириб кирмоқда. Гуруҳлар, саҳифалар очишмоқда. Оҳо, у ердаги хатолар, у ердаги савиянинг даражаси... Мен гапирмай, сиз ўқиманг! Лекин мен гапирмасам, сиз ўқимасангиз бўлмайди.   
Кимга қанақа, билмадим, лекин шундай имловий хатоларни кўрсам, асабим бузилади, жаҳлим чиқади. Ҳатто ўз исм-шарифини тўғри ёза олмайдигани қанча. (Э, ақли расо! Биламан, миянг тўла ғиж-ғиж фикр. Қўйиб берса, отангга маслаҳат берадиган даражадасан. Тилинг бир қарич. Қўлингда сўнгги русумдаги телефон, эгнингдаги кийимларни олиб бергунча отангни чўнтаги шилинган. Ҳеч бўлмаса, шуларни оқла. Ҳеч бўлмаса, ўз исм-шарифингни тўғри ёзишни ўрган!)  
Ҳозирги мактабни битираётган болаларга бир қатор гап ёздирсангиз, камида 4-5 та хато қилади. Хўш, нега шундай? Бошланғич синф ўқитувчиси уларга қандай таълим берган? Дарсига виждонан ёндошиб, ўқувчисига тўғри ёзишни ўргатганми? Ёки тўғри ёзишга мажбур қилганми?  
Биринчи навбатда, бунга бошланғич синф ўқитувчиси айбдор! Вақтида қаттиқ турмаган, саводини кучли назоратга олмаган. Бунинг оқибатини шаклланган “саводсизлар армияси” мисолида кўриб турибмиз. (Ёки буни бошқачароқ талқин қилиш мумкин: Савод ўргатадиган ўқитувчиларнинг ўзи саводсиз! Бошқача хулоса йўқ.)
Ўқитувчилар мендан хафа бўлишмасин! Тўғри, бу ерда тирикчиликка андармон бўлиб қолган ота-оналарнинг ҳам масъулиятсизлиги ва лоқайдлиги бор. Бироқ энг катта жавобгарликни шахсан сизнинг зиммангизга юклаган бўлардим. Чунки шунинг учун ўқигансиз, шунинг учун ойлик оласиз, шунинг учун сизга ишониб, фарзандларимизни қўлингизга топширамиз. Илтимос, саводсиз шогирдлар етиштиришни бас қилинг!
Менинг биринчи ўқитувчим Иноятхон Алимова бўлганлар. Ҳозир ҳам Риштон туманидаги 39-ўрта мактабда ишлайдилар. Шу инсон савод масаласига қаттиқ қарардилар. Агар дафтаримизда хато кўпайса, “лолазор” учун қўлга ёғоч чизғич билан бир-иккита туширардилар. “О, бу қандай даҳшат, қандай ёввойилик”, деб соч юлишга шошилманг. Боланинг бундай жисмоний жазодан бир жойи камайиб қолмайди. Айбини ҳис қилади. Кейинги сафар хатолар такрорланмаслиги учун кўпроқ машқ қилади, кўпроқ китоб ўқийди, ҳуснихатини тартибга келтиради. Ўшанда ўқитувчим тўғри ҳам қилган эканлар. Бўлмаса, камида “одночи”лар армияси “офицери” бўлишим тайин эди.
Биламан, “Ҳа, энди журналист бўлганингдан кейин тўғри ёзишни билишинг шарт-да”, дейдиганлар ҳам йўқ эмас. Гапингизда жон бор. Бироқ савод масаласи фақат бир касб ва соҳага тааллуқли эмас. Бу ҳаммага бирдек тегишли масала. Савод банк ходимига муҳиммасми? Шифокорга? Ҳуқуқшунос, ҳайдовчига? Ишонинг, савод касбидан қатъий назар, эртага ота-она бўладиган, фарзандининг таълимини, саводини назорат қиладиган ҳар бир одам учун муҳим.
Вақт оқар сувдек ўтиб кетади. Бугун сиз ўтирган мансаб курсисида, сиз ишлаётган жойда ана шу “одночи”лар ярмияси вакили бўлмаслигини кафолатлай олмайсиз. Бу жойларни бир умр сизга боғлаб қўймаган. Бир авлод ўрнини, кейингиси тўлдириб боради. Бу табиий қонуният. Масаланинг оғриқли томони шундаки, кексайганимизда Ватан, миллат тақдири ана шу чаласавод авлод қўлида қолади.  Шунинг учун бу масалага беписанд бўлиш, панжа орасидан қараш керак эмас.
Ҳурматли, ука-сингиллар! Айтган гапларимни оғир олманг! Сиз бундай хатолардан ҳоли бўлсангиз, ўша “армия”нинг вакили бўлмасангиз, унда хурсандман. Эътирозларим айнан ўшаларга. Сиз хаёлни жойга қўйиб, ўқишда, изланишда давом этинг. “Ўшалар” ҳам эртасига бефарқ бўлмаса, қалби “тирик” бўлса, уялиб саводини тўғрилашга интилар...
Тенгдошларга, ота-оналик мақомидаги инсонларга ҳам илтимосим бор: Болаларингизни саводига бефарқ бўлманг. Дафтарини текширишга, бирга дарс тайёрлашга вақт топинг. “Болам эртага кааааатта одам бўлади”, деб хаёл қиласизу, пойдеворини шунга яраша қўймайсиз. Илтимос, “одночи”лар ярмияси”га “аскар” тайёрламанг!
Ҳурматли ўқитувчилар! Биламан, болалар билан ишлаш осон эмас. Лекин бу масъулиятнинг сусайишига баҳона бўлолмайди. Илтимос, асабларимга раҳмингиз келсин! Болаларнинг саводига қаттиқ туринг! Шахсий муаммоларингиз кам эмаслигини, мактабдаги ўқитувчилар “йиғ-йиғ”ларини, асабингизга тегадиган ортиқча ёзув-чизувлар кўплигини ҳам биламан. Шундай бўлса ҳам, эртанги кунни, Ватан тақдирини ўйланг.
P.S: Савод ҳақида ёзиб, хато ўтиб кетмаганмикан, деб қайта-қайта ўқидим. Таҳрир илми нуктадонлари хатолар топишига ишонаман! Шундай бўлса, бунинг учун узр сўрайман. Бироқ бу ҳақида ёзмасам бўлмасди.                   

1 комментарий:

Bekzod комментирует...

Assalomu alaykum. Muhim mavzuni ko'taribsiz, tashakkur. Bolaning savodi chiqishida ota-onaning o'rni ustoznikidan kam emas nazarimda.