понедельник, 25 апреля 2016 г.

БИР КУНЛИК ЯХШИ ОДАМ



Бир одатим бор. Бунга қандай нисбат беришни ҳам билмайман: бу яхшими ёки ёмон?!
Шу одатим ҳеч қолмади-қолмади. Болалигимдаям уйқудан аввал “эртага яхши бола бўламан, ҳамма ҳавас қилади”, деб ўзимга ўзим кўўўўп сўз берганман. Бунинг устидан чиқанмидим-йўқми, тўғриси, айта олмайман. Эсимда ҳам йўқ.
Ўзи яхши одам қандай одам? Тартиблими? Меҳрибонми? Қоидага амал қиладиганми? Ёки қадриятларга ҳурмати баланд инсонми? Билимли, ўз ишини яхши биладиганми?!
Келинг, ҳаммасини тўғри, дея қолайлик.
Бугун ҳам эртага рисоладагидек одам бўламан, деб ният қилдим. Шу пайт қайсидир ақли кўп одамнинг “Эрта бугундан бошланади”, деган пурҳикмат гапи ёдимга тушиб қолди. Тўғри-да, яхши одам бўлиб уйғониш учун яхши одам бўлиб ухлаш керак(бу ўзим ўйлаб топган афоризм :) ).
Хуллас, қўлимдаги смартфон будильнигининг соатини тонгги олтига қўйдим.
-Аяси, эртага вақтли туришим керак! Мободо эшитмай қолсам, 6 да уйғотиб қўярсиз!
Э, қойил, ярим кечагача телефон кавламай, вақтлироқ ухласа ҳам бўларкан!    
*       *       *
Тонг. Рафиқам ошхонада нонуштага ҳаракат бошлаб юборган. Юз қўлимни ювиб чиқаман. Хўп, мен яхши одам бўлмоқчи эдим-а?!
-Ассалому алайкум! Онаси, яхши дам олдиларми? Мободо ёрдам керакмасми? (яхши одамлар шунақа бўладию)
Хотиним “Ассалому алайкум, йўқ, йўқ, раҳмат” деб бир оз ҳайрат билан тикилди.
-Бугундан бошлаб, ҳар куни бир соат югураман! Соғлиққа қарамасам бўлмайди. Чойхонама-чойхона юравериб, қоматам беўхшов бўпкетаяпти. Эрталаб югуриш кун давомидаги яхши кайфият, дегани. Калла ҳам яхши ишлайди, меҳнат унумдорлигиям ошади. Буни кеча интернетда ўқидим. Чойни келиб, ичаман!
Эшикни очишим билан подъездаги сассиқ ҳид бурнимга урилади, оёғим юмшоқ нарсага тегади. Оббо, яна тўғридаги бефаросат қўшним ахлатини эшик тагига қўйибди. Э, сани фаросатингга….
“Ҳай-ҳай-ҳай, тилга эрк берманг, биродар! Сиз ахир яхши одам бўлмоқчисиз-ку”, деди ичимдаги кимдир.
Хўп, яхши одам нима қилади бу вазиятда? Албатта вазиятни анализ қилади: Демак, қўшнимнинг эри яна хизмат сафарида. Ёш боласи билан кечаси ахлат ташлашга чиқа олмайди. Тўғри тушуниш керак одам деган. Ундан кўра, индамасдан олиб чиқиб, ахлат идишга ташлаб келмайдими?! Қўни-қўшни деган шунақа пайтларда синалади. Одамга савобам керак, биродар. Келин эрталаб чиқади ва кўрса-ки, чиқинди йўқ. “Барака топгур қўшни олиб чиқиб ташлабди”, деб алқайди…
Ҳа, майли, шундай бўла қолсин! Ахлатни қўлимга олиб, чиқиндилар тўпланадиган жойга қараб йўл оламан. Хийла узоқ. Боришга эринаман. Мен ахлат ташлашга эмас, югургани чиққанман ахир.
У ёқ бу ёққа қарайман, ҳеч ким йўқ.  Секин йўл четига ўтиб, чакалакзор бўлиб ётган жойга бораман ва…
“Хой, жигит, ахир сиз ваъда берувдингиз. Яхши одам унақа бўлмайди-да. Қани виждон? Атиги 500 метрга ҳам эринадими? Шу яқин атрофдагиларни ўйламайдими? Ақл жойидами ишқилиб?”
Бу ички овозни ҳудди биқинимга учли бармоғи билан нуққандек бўлади. Ахлатни олиб, махсус идишга ташлайман.
Кейин енгил югуришни бошлайман…
*       *       *
         Нонушта. Эрталаб бир тўғрам нон ҳам ўтмайди. Одатда иссиқ чой ичиб, ишга кетардим. Бугун-чи? Яхши одам нима қилади? Албатта, эрталаб яхши нонушта қилади.
-Аяси, атаганларингизни дастурхонга қўйинг!
Яхши одам бўлиб, чойга новот қўшаман (аслида эса ширинликка сира хушим йўқ). Қувват бўлади. Кетидан колбаса, пишлоқ… Мажбурлаб ейман!
        -Дадаси, қизимизнинг боғчаси нима бўлаяпти?
        -Бўлди, ҳужжатлар тайёр. Топширсам, рухсат беришса бас. Қатнайверади.
    -Мудирани қўлига беш-ўн сўм берсангиз, ўзи тўғрилаб бераркан. Бўлмаса, рухсат йўқ, деб чўзармиш. Қўшнимам 100 доллар бериб, жойлабди боласини.
     Пул ошиб-тошиб турмаган бир вазиятимда бу гаплар мойдек ёқди, деб ўйлайсизми? Лекин болангиз учун мажбурсиз.
         -Ҳа, тўғри. Бир нима қилармиз!
“Шошма, шошма! Яхши одам шунақа бўладими? Пора берарканми? Олгангаям, бергангаям қонуний жазо бор. Диндаям бу қаттиқ қораланади. Нима деяпсиз, акаси?! Коррупцияни боғчадан бошласангиз, қачон тонг отади?! Ҳужжатлар ҳаммаси жойидами? А, яшанг, демак ҳаммасини қонуний қиласиз! Гап тамом! Бирорта муаммо чиқса, прямой вазирига ёзинг! Ҳукумат порталига ёзинг! Нега билмайсиз ҳақ-ҳуқуқингизни? Берадиган бўлмаса, оладиганам бўлмайди!”
Ички овознинг жахли қаттиқ чиққан кўринади. Бўлди, ҳаммаси у айтгандек қиламан!

         *       *       *
Бекатдаман. Автобусни кутиб турганимга ярим соат бўлди. Ҳеч келгиси йўқ. Нима бало қирон келганми ярамасларга? Ишга кеч қоламану бунақада! Э, сени, ўша…
“Ўўўў, яхши одам. Дунёда сабр-тоқат деган гаплар бор. Тилни тош қўрғонга қаманг, акаси. Ҳозир келади. Уларнинг ҳам ўз вақти бор. Ҳудди ишни қойил қиладигандек шошиласиз. Ундан кўра, яхши ният қилинг: автобус кутган кунларам ҳали ширин тарих бўлади. Машина ҳайдаб ҳам чарчайман, деб…”
Тўғри айтасан, бир умр автобусга осилиб юрмайману!
Тошбақадек судралиб келаётган автобуснинг қораси, йўғе, яшили кўринади. Энди бир амаллаб чиқиб олсам…
Автобус бекатда тўхтайди. Бир гуруҳ ёш-яланглар қатор бўволиб ойлик йўл чиптасини кўрсатиб тушишади. Чиптачи аёлнинг шу пайтдаги юзига қараганмисиз? Уч йилдан бери берган қарзини ололмаётган одамнинг гезарган юзига ўхшайди? Пичирлаб алланималар дейди.
Бироз бўшаган автобусга чиқаман. Эх, хотин бечора саҳар туриб дазмоллаган шим, тозалаган туфли… Бекор кетарканда.
“За проезд, пажалиста”, деб шанғиллаб қолади қулоғимни тагида бир эркаксифат аёл.
“Оббоооо, секинроқ э, кенейи! Қулоғимни тешвордизу”, демоқчи бўлиб, энди оғиз жуфтласам, “Ўзингизни босинг, тақсир! Яхши одам унақа бўлмайди. У ўз ишини қилаяпти. Бақириб, ҳозир пул олмаса, сизга ўхшамаган ёмон одамлар кўзини шамлағат қилиб,  пул тўламай, секин суриб қолади. Бунақаларнинг таъзирини бериш керак.
Биласизми, Германияда нима қилишган? Транспортга пул тўламаган бир икта одамни нақ пешонасидан отган. Ана шундай кейин ҳаммаси из-изига тушиб кетган. Буларда ҳам давлат белгилаган план бор. Ойлик олиш учун шу планни бажариш керак, тоға. Сиз эса дарров онасини “йўқлайсиз”…”
Хўп, дея тилимни тишлайман. Ёнимдан бир ярим минг сўм пул олиб, чиптачига бераман. Чиптачи эса 200 сўм қайтариб, билет беради.
“Шошманг! Нега 100 сўмни сўрамаяпсиз. Рисоладагидек одам бунақа бўлмайди. Сўраш керак. Нима, сиз пулни ердан супириб олаяпсизми? Бу нечанчи маротаба содир бўлиши? Ҳисоблаб кўрдингизми? Еттинчи маротаба 100 сўмдан кам берди, тўғрими? Сўранг ҳаққингизни! Тартиб ҳаммага бирдек тегишли…
         Йўқ, келаса сафар шундай қиламан. Поезд ўтиб кетди…
         Ички овознинг кесатиши кайфиятимни бузди. Салоннинг ичкари қисмига кираман. Бир йигит тескари қараб, уйқусираганча ташқарини томоша қилиб кетаяпти. Ёнидаги каттароқ ёшли аёлни эса кўрмаяпти. Қулоғида наушник. Жой бериш хаёлида ҳам йўқ. Фаросат бўлса, берадими, дейман ўзимга.
         “Унда фаросатли йигит бўлиб айтинг, жой берсин. Нима, қўрқасизми? Онаси тенгги аёл устида девдек бўлиб турсаю, ўзини билмаганга олса. Айтинг, яхши одам!”, дейди ички овоз.

        Аста елкасидан туртаман: “Опага жой бера олмайсизми мободо?!”
Ҳар тугул болада ҳали нималардир тирик экан. Бир сўз демай, жой берди. Аёл эса “Спасибо”, деб ўриндиққа ўтирди…
      Бекатим келиб, автобусдан тушаман. Ҳамма қўлидаги билетни ерга ташлаб кетаяпти. Ахлат челак тахминан 5-6 метр узоқликда. Эринибгина ерга ташлайман.
   “Э, барака топинг, “яхши одам”. Белингиз оғриб, супирмайсизда-а кўчани?! Онангиз тенги одам саҳарда шу ерларни чиннидек қилиб ялтиратиб кетишини билмайсиз, тўғрими? Беш-олти қадам юргани эринасиз! Қани ўзгалар меҳнатини қадрлаш тушунчаси???
       Даст ортга бурилиб, ердаги ўзим ташлаган чиптани, ёнидаги яна бир иктасига қўшиб, йиғиб оламан ва тўғри ахлат челакка ташлайман!
        Энди йўлни у томонига ўтиш керак. Қарасам, машиналар узоқда. Югуриб ўтиб олмоққа шайланаман.
   “Югуринг, акаси, югуринг. Йўлнинг хоҳлаган жойидан ўтаверинг. Сизга ҳамма нарса мумкин. Машиналар? Кутади, керак бўлса! Сизни ўтказиб юбориб, кейин юради. Машина одамдан азиз бўптими?!”.
     Тоза жонга тегди шу овоз. Тишимги ғижирлатиб, чорраҳага, пиёдалар ўтиш учун мўлжалланган махсус йўл ёнига бораман. Светафорнинг қизил чироғи ёниқ. Машиналар кўринмайди. Лекин ўзимни мажбурлаб тутиб тураман. Ахир ўтишим учун яшил ёниши керак. Тартиб ҳаммага баробар.
    Қизилда қимирламай, сариқда сабр қилиб, яшилда ўтинг, деб айтганди болаликдаги ўқитувчим.
     Яшил ёниб, аста юришни бошлайман! Узоқдан бир машина катта тезликда менга қараб бостириб келаяпти. Нима бало тормози ушламай қолдими? Яқинлашиб қолди… Вой, онангни…
*       *       *
-Дадаси, хой, дадаси! Туринг, соат 6 бўлди! Вақтли тураман дегандиз!
Туш ҳам шунақаям узоқ бўладими? Сал қолса, машина босиб кетардия. Шунақаям ёмон бўладими?
-Аяси, нима деб ўйлайсиз, яхши одам бўлиш осонми-қийинми?
-Сизни яхши одам бўлишиз шартмас!
Ие, бу қанақа гап бўлди энди? Мен қандай одамман ўзи: яхшими ё ёмон?!
Ҳеч бўлмаса, шу бугун яхши одам бўлай…

1 комментарий:

Unknown комментирует...

Qoyil gap yuq