вторник, 17 июля 2018 г.

Хўжа кўрса-кўрмаса...


Кеча мобиль телефонимга қўнғироқ бўлди. Гўшакни олсам, нотаниш аёл:
-Ассалому алайкум! Бу Муслимжонни рақамими?
-Ва алайкум ассалом! Ҳа, шундай!
-Рақамингиз опам берди. Сизга катта раҳмат айтмоқчиман. Уйимизга Тошкентдан, вилоятдан одамлар келишди. Катта ёрдам бериб кетишди...

Бу мен айтмоқчи бўлганларимнинг лид(интернет лахжасида) қисми. Энди кенгроқ баёнига ўтсам. 

Мободо тасодиф билан кўзингиз тушган бўлса, шу йилнинг 9 июль куни шахсий блогимда “Ҳисоботни қўйинг, мана факт, мана муаммо” номли материал эълон қилгандим. Унда мендан ёрдам сўраб мурожаат қилган Андижон вилояти Балиқчи туманида истиқомат қилувчи иккинчи гуруҳ ногирони, 3 нафар фарзандини ёлғиз тарбиялаётган Наргиза Жўраеванинг оғир шароити ҳақида ёзган эдим. Бу блогпост эртаси куни uz24.uz сайтида ҳам эълон қилинди. 

Тўғрисини айтсам, бу мақола ёки ташбеҳ тўнини кийдириб айтганда “ҳайқириқ” кўлда сапчитилган тошнинг изидек сув ичра ғойиб бўлади ва бесамар кетади, деб ўйлаган эдим. Ва ана шундай бўлган тақдирда, бундан-да баландроқ “овоз”да “гапирмоқчи” эдим. Бироқ бунга эҳтиёж қолмади. 

Маълум бўлишича, мақола эълон қилинганидан 2 кун ўтар-ўтмай, 12 июль куни Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг биринчи ўринбосари Э.Мухитдинов бошчилигидаги ишчи гуруҳ аъзолари Наргиза Жўраеванинг аҳволидан хабар олиш мақсадида унинг хонадонига боришади. Ўзининг ва вояга етган болаларининг бандлигини таъминлаш, шунингдек “Ҳар бир оила-тадбиркор” давлат дастури доирасида Наргиза Жўраевага бандликни таъминлашнинг бир неча вариантлари таклиф этилади: мини печни жиҳозлаш, иссиқхона қуриш, тикув иши ёки чорвачилик. 

Хонадон эгалари шароитга кўра чорвачиликни маъқул топишгач, 2018 йилнинг 13 июль куни Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан уларга 5 та қўй (бепул) берилади ва улар учун махсус қўйхона ҳам қуриб битказилади. Шунингдек, беш кун ичида хонадонга 50 та товуқ етказиб беришга ҳам қарор қилинган. Қолаверса, хонадонда ободончилик ва оҳаклаш ишлари ҳам олиб борилган... 




(Барча расмлар Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги фейсбукдаги расмий саҳифасидан олинди)

Кеча телефонимга Наргиза Жўраеванинг кекса онасининг миннатдорлик билдирилган овозини юборишди. Наргиза опанинг ўзи ҳам қўнғироқ қилиб, раҳмат айтиб, дуо қилди. Ишқилиб, бир неча ҳафта олдин ҳам умидсиз ва чорасиз бўлган ногирон аёл қалбига ва унинг хонадонига бугун шодлик оралагани рост бўлсин! Ҳар ҳолда хонадонда шундай баланд руҳият ва ишонч қарор топиб бораётганга ўхшади... 

Давлатимиз раҳбари деярли ҳар бир маърузасида раҳбарларга кабинет қоровулламай, пастроққа тушиш, одамларнинг дарди-ҳасрати, муаммоларини ўрганиш кераклиги ҳақида кўп айтади. Бугун “пастга тушиб” ишлаётган, одамларнинг дардини хўжакўрсин, ҳисобот учун эмас, балки чин дилдан тинглаб, амалий ёрдам бераётган раҳбарлар сони кўпайиб бораётгани кишини хурсанд қилади. Тўғри, ҳали ҳам оёғи ердан узилган, бурнининг тагидан нарини билмайдиган, эскича фикрлайдиган мутасаддилар кам эмас. Бироқ Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги улардан фарқли ўлароқ, муаммоларга реал кўз билан қараб, максимал даражада ечим топаётгани кўриниб турибди. Шу ишда фаоллик кўрсатган мазкур вазирлик ва бошқа маҳаллий ташкилотларга раҳмат!

Нафсиламрини айтганда, инсонлар муаммосининг катта-кичиги бўлмайди. Ҳаммаси бирдек муҳим ва эътиборга молик. Чунки  муаммоларда одамлар тақдири, эҳтимолки, сўнаётган умидлари, дарду ҳасрати ва илинжи бор. Уларни яхшилик томон буриш, фикри ожизимча, “хўжанинг кўриши”дан кўра фойдали ва савоблидир...

понедельник, 9 июля 2018 г.

Ҳисоботни қўйинг: мана, факт, мана, муаммо!


Сиз ҳам эътибор қилгандирсиз: сўнгги вақтларда ахборот  сайтларида тез-тез аёллар билан боғлиқ нохуш воқеа-ҳодисалар, жиноятлар хусусида хабарлар бериляпти. Боласини бўғиб ўлдирган аёл, икки боласи билан ўзини сувга ташлаган она, эрини пичоқлаган аёл, таҳқирланган аёл ва ҳаказо. Аслида, бу каби воқеалар жуда қўрқинчли ва юракнинг энг ости қатларигача оғриқ етказадиган даражада зарбли...
Жамиятимизда долзарб масалалар қалашиб ётганида, айниқса аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасидаги муаммолар тинимсиз бўй кўрсатиб турган бир пайтда, афсуски, ҳали-хунуз ёлғон статистикалару “осмонўпар” ҳисоботларга андармонмиз. Тўғриси, микрофонга “ўранишиб” олиб, “Биз инсон ҳуқуқларини таъминлаш борасида фалон ишлар қилдик, пистон чора-тадбирларни амалга оширдик, ана бундоқ ютуқларга эришдик”, деган баландпарвоз гапларни киприк қоқмай айтиш учун одам ё виждонсиз, ё кўзи кўр ва қулоғи кар бўлиши керак. Тупик сачратиб баландпарвоз ҳисоботлар бериш даври аллақачон тарихга айланганини айримлар ҳали ҳам англамагани кишини хуноб қилади...    
Умумий шаблон фикрлар тугади. Энди муддаога ўтаман:
Яқинда “Фейсбук”даги шахсий саҳифамга бир аёл ёрдам сўраб, мактуб ёзди. Хатда муаллиф Андижон вилояти, Балиқчи тумани, Хўжаобод қишлоғи, Гузар маҳалласи, “Халқлар дўстлиги” кўчаси, 13-уйда истиқомат қилувчи ногиронлиги бор синглиси Наргизанинг оғир ҳаёти ҳақида ёзган. Маълум бўлишича, Наргиза турмуш ўртоғи билан бирга яшамайди. 11 йил аввал эри қорнидаги боласи билан уни уриб, моматалоқ қилиб юборганда зўрға ота уйига қочиб келади. Эрининг зулмига чидай олмай, бирга яшамасликка қарор қилади ва  фарзандлари билан ота уйида қолади. Турмуш ўртоғи турли баҳоналар билан 4 фарзандига алимент тўламайди, ёрдам ҳам бермайди. Аёл фарзандларини боқиш учун тузук-қуруқ иш топа олмагач, Россия федерациясига ишлагани кетади. У ерда бахтсиз ходиса рўй беради. Яъни Наргизани Екатеринбургда катта тезликда келаётган машина уриб юборади ва бир ойдан зиёд касалхонада бехуш ётади, бир амаллаб Ўзбекистонга қайтади. Ҳозирда аёл 2-гуруҳ ногирони, соғлигини йўқотган, тез-тез даволаниб туради. Қолаверса, хомиладорликдаги калтакларнинг асорати ўлароқ, кенжа фарзандининг қовурғалари яхши ривожланмаган, соғлигида муаммо бор. Хатда ёзилишича, улар бир ховлида сиқилишиб қолишган. Ногирон аҳволида яқинлари кўмаги билан 4 фарзандни тарбиялаётган аёлнинг уйга, шунингдек моддий ёрдамга эхтиёжи бор. Мутасаддиларга қилинган мурожаатлар эса самарасиз ва жавоблар “хўп-хўп”дан нарига ўтмаган.
Муоммонинг объекти ва субъекти аниқ. Воқеалар марказида ҳимояга мухтож ногиронлиги бор аёл ва вояга етмаган 4 нафар бола. Хўш, Худо кўрсатмасину, бирор фожиа юз бермагунича, яна “кўр” ва “кар” бўволиб ўтираверамизми? Яна “хўп-хўп ашуласи”ни айтишда давом этамизми? Бўлар энди шунча кулфат, етар энди шунча фожиа.
Хуллас, мана сизга факт ва муаммо! Мана сизга ёрдамга мухтож оғир шароитдаги ногирон аёл ва унинг фарзандлари!
Умид қиламизки, бу мақолани ўқиб, Андижон вилояти ҳокимлиги, Хотин-қизлар қўмитаси, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ёшлар иттифоқи ва бошқа тегишли барча муассасалар муаммони ижобий ҳал қилишга кўмаклашади! 
Мавзу ёпилмади...

Муслим Мирзажонов