среда, 1 июля 2015 г.

                                          ҚАЙРАҒОЧ (болалик хотиралари)
                   
Ишдан таътил олиб, Фарғонага бордим. Эътибор берсам, кўчамиз бошидаги қайрағоч дарахти соя берадиган даражага етибди. Ўтган кетганлар салқинлаб, дам олиши учун тагига махсус ўриндиқ ҳам ўрнатилган. Ёнидан ўтиб кетаётиб, бундан 16-17 йиллар бурунги воқелар хаёлимдан ўтди: Кўчамиз бошидаги Тутмозор эшиги ён атрофига раҳматли бобом акам, мен ва укамни олиб чиқиб 3 туп қайрағоч дарахти экдик. Тўғрисини айтганда, биз бобомга норози оҳангда "нима қиласиз кўчага дарахт экиб, нима фойдаси бор", дедик. Бобом эса "Катта кўчадаги катта чинорни биласизлар-а? Соясида маза қилиб ўтирасизлар, тўғрими?", деди. Биз тасдиқладик. Кесулгинича ўша дарахтдан етган фойда эккан одамига савоб ёзади" деди. "Эртага сизларни ҳам ана шу дарахтни фалончи эккан, деб алқаб юришади", деб қўшимча қилди. Кейинчалик билсак, ўша катта 2-3 та чинорни бобом ёшлигида эккан эканлар. Хуллас, биз бобомни қистови билан 3 та дарахт экдик. Ҳар куни эрталаб 3 ўғлон пақир(челак)лаб сув қуярдик. Мен кўчада пақир кўтариб, дарахтга сув қуйишдан негадир уялардим. Ҳудди одамлар ичида "кўчага дарахт экишга бало борми" деётгандек туюларди. Бобомни қистови билан қилардик бу ишни. Бирор йиллар ўтиб-ўтмай бобом қазо қилди. Кейин эса ота-онамни "Бобонг эктирган дарахталар сув қуйиб келинглар, савоб бўлади" деган гаплари учун қилардик. Биз эккан дарахтнинг фақат биттаси кўклади. Қолган иктасини болалар футбол ўйнаб синдиришди. Бугун эса кўча бошига соя ташлайдиган даражага етган. Қайрағоч соясида ўтириб, шулар ҳақида ўйладим. Савобу гунох нима эканини, тўғрисўзлик, мардлик, меҳнатсеварликни ўргатган бобомни кўп эслайман. Билсам, чиндан хонадонимиз файзи бўлган эканлар. Ўзбекнинг файзли нуронийлари бор бўлишсин!

Комментариев нет: