пятница, 25 сентября 2015 г.

ИШАНИГА БАҒИШЛОВ (ҳажв)

    Сентябрни бемалол "Ишани ойлиги" деб атаса бўлади. Унинг атрофидаги гап-сўзу миш-мишлар ОАВда роса "ноғора" қилинди. Ҳатто, тўғрисини айтганда, жонга ҳам тегиб кетди. Сериални кўрмаганим учун "Ишани"га мухлис бўлган аёллардан сўраб, Ишани, Ранвир деганлари ким эканини, сериал сюжети қандайлигини билиб олдим. Эшитишимча, баъзи эркаклар ҳам сериалга муккасидан кетганмиш. Шу воқеалардан илҳомланиб, ҳажвий шеър ёзишга қарор қилдим. 

                     
Ишанихон, Ишани,
Бўлдинг оёқ кишани.
Юрагидан урибсан,
Ҳайкалтарош Мишани.

Сенга кўзи тушдию
Йиғиштирди тошларни.
Ётиб олиб кўрармиш,
Кечга бориб “Ёшлар”ни.

Тирикчилик ҳам ўлди,
Тоғдан тошлар йиғмасмиш.
Ишанидан бошқаси,
Юрагига сиғмасмиш.

Ранвир деган сўтакни
Кўрарга ҳеч кўзи йўқ.
Чунки латта эрингни
Эркакчалик сўзи йўқ.

Энг қизиғи, гулдайин
Хотини бор Мишани.
Сени ўйлаб ҳар сахар
Йиқитар уч шишани.

“Бошга битган балосан,
Барига сен айбдор.
Ҳаммани йўлдан урдинг
Борми сенда ўзи ор?”

Дея ёзди бонг уриб,
Газетчию блоггер.
“Телевизордан йўқол,
Ютсин сени қаро Ер!"

Муаммога ўт тушган,
Сендан бўлак, Ишани.
Кимдир қилич қайради,
Ким кўтарган тешани.

Худо бериб, баъзилар
Минди танқид тахтига.
Яхшиям бор экансан,
Ёзғувчилар бахтига.

"Ёза-ёза ахийри,
Қувилдинг-а “Ёшлар”дан?!
Бу кунингдан баттар бўл,
Йўқол, қовоқ бошлардан!”

Сен кетдингу устингдан
Ёзганга маза бўлди.
Хотин-халаж ва бизнинг
Мишага аза бўлди.


Мишажон йиғлаб-йиғлаб,
Фарҳоддек тош кесармиш.
Тунни тонгларга улаб
Бир нималар ясармиш.

Kun.uz да кеча ёзди,
Муаммолар бўлди ҳал.
Мишажон ҳовлисида
Қўйибди сенга ҳайкал!

Комментариев нет: