воскресенье, 10 января 2016 г.

ЧАҚМОҚ

Кимдир Устозни "отангдан улуғ" деса, яна кимдир ҳарф талашиб "Отангдай улуғ" деб тўғрилаб гапиришга уринади. Майли-да, отаданми, отадайми, муҳими, Унинг улуғлиги ва азизлиги. Қолаверса, устознинг чин устозлиги Унинг фалончи-пистончи, яна писмадончилар менинг шогирдларим", деб мақтангани билан эмас, балки шогирдларнинг "Фалончи менинг устозим" дегани билан ҳам белгиланса ажаб эмас.

"Ёшлар" радиоси жамоаси (2012 йил, 30 август)

10 январь. 23 ёшимгача бу сана падари бузуркворимнинг туғилган куни сифатида мен учун аҳамиятли эди. 2007 йилда “Ёшлар” радиосига ишга кирганимдан бошлаб, бу сана янада муҳим кунга айланди. Чунки айнан шу санада бағрикенг инсон, билганини билдиришдан, билмаганини ўрганишда асло толмайдиган, менга кўп ёрдами теккан Ахрорбек Қўшматов(ЧАҚМОҚ) ҳам туғилган экан.

"Салом, ёшлар" кўрсатувини ёзиш аввалида (2012 йил, 13 ноябрь)

У инсонни бағрикенг дедим. Бу шунчаки айтилиши керак бўлгани учун ҳам ишлатилган таъриф эмас. Ахрор акани яқиндан билганларнинг барчасидан сўранг, буни тасдиқлашади. Радиода ишлаб юрган кезлари ёнида доим ёшлар, янги ишга келганлар бўларди. Уларнинг ёнига Республикамизнинг қарийб барча вилоятларидан шогирд бўламан, радиобошловчи бўламан, деб кўп ёшлар келган ва уларнинг барчасига қўлдан келган беғараз ёрдамини берган. Мен шахсан ўзим гувоҳман.


Уни экран орқали кўрганлар ҳаётда ҳам шунақа бақириб гапирадими, деб кўп сўрашади ёқтирмасликларини айтмоқчи бўлгандек. Йўқ. Ҳаётда жуда оғир-босиқ, бироқ қувноқ, камтар, дунёқараши кенг инсон. Дунё сиёсати, кино, тарих сохасида яхши билимган эга. Айниқса, Соҳибқирон Амир Темур бобомизнинг ҳаёти ва фаолиятини жуда чуқур ўрганган ва ҳатто бемалол тарихчилари билан беллаша олади, ишонинг. “Ёшлар” радиосида Соҳибқирон ҳазратлари ҳақида кўп қисмли радиосериал тайёрлаган. Радиода узоқ йиллар “Имкон-шоу”ни олиб борган. Қоплаб хатлар келарди. Бир ҳафтадан ҳаммасини ўқиб чиқишга улгурмасдик. Эсимда, дастур учун баъзан ишхонада тонггача ижод қилардик. Анонслар, роликлар тайёрлардик. Буларнинг барчаси мен учун мактаб.

Устоз-шогирд.

Бугун дадамга нисбатан қалбимда қандай яхши ният ва эзгу истакларим бўлса, устозим Ахрорбек Қўшматовга ҳам худди шундай тикларим бор. Айни кез жуда тақчил бўлган самимийлик, камтарлик, ҳалоллик, виждонилилик, салоҳият, оқибат ва бағрикенглик фазилатлари бизга ҳам юқсин. Айтарга гап кўп, кўмир оз, деганларидек, сўзни мухтасар қилсам: Сиздек ҳалол ва имонли инсонлар кўпайсин!


Комментариев нет: