среда, 6 января 2016 г.

ХОТИНЖОННИНГ "ФАРМОНИ"


Ҳаёт—қизиқ! Баъзида,
кутмаганинг бўларкан.
Тақдир ҳатто жимгина, 
устингдан ҳам куларкан.

Ҳаммасин кўраркансан,
Омон бўлса тану жон.
Бир кечада ўзгарди, 
Қўйдек ювош хотинжон.

Рўзғор каму кўстига, 
Илгари “ғинг” демасди.
Борига шукр қилиб, 
ҳатто гўшт ҳам емасди.

Бечора бир кўйлакни, 
Йиртилгунча киярди.
“Янги ол”, деб пул берсам, 
Олмай йиғиб қўярди.

Меҳнатдан-ку, ҳеч қочмас, 
Қуёш чиқмай турарди.
Уям майли, ёзу қиш
бир калишда юрарди.

















Гоҳ-гоҳида сиқилиб,
Жиндек ичиб келардим.
Эрлигим тутиб, уни 
тупроққа ҳам белардим.

Футбол фанати каби 
Кўзин ости қизил-кўк.
Шунча калтак еса ҳам
“Кетаман”, демасди лек.

Уй-рўзғор, бола-чақа,
Борига “шукр” дерди,
Ўйлардим: “Менга тегиб, 
хотиним нима кўрди...”























Аммо у хурсанд бўлсин 
Мендек йигитга хотин.
Ҳеҳ, қанча нозаниннинг 
Тилидан тушмас отим.

Ишим йўқ кун кечгача 
Кино кўриб ётардим.
Ивирсиб жонга тегса, 
Коса-товоқ отардим.

Хуллас, энди дўстларим, 
муддаога ўтайин.
Тарих эмас, кечаги 
воқеани айтайин.

Ишхона—мажлисхона:
Бурга тепса ҳам мажлис. 
Айб қилган бошқалар,
Бўкиб дакки еган биз.

Бу гал ҳам шундай бўлди: 
Мажлисдан бўкиб қайтдим.
Тўрт соат тик қилганни 
уйгача сўкиб қайтдим.

Уйга кирсам, хотиним 
бир сериалга андармон.
Қараш ҳам кўз учида, 
Саломга койитмас жон.

Қон қайнаб, қўлимдаги 
сумкани отдим унга.
Чап бериб, улоқтирди 
телефонини менга.

Кутилмаган бу зарба
пешонам ғурра қилди.
Хушим учиб бошимдан,
чуқур нокаут бўлдим.

Кўзим очсам, тепамда 
“герой” хотин турарди.
“Шу холинг бор эканку”, 
деб устимдан куларди.

Бу гаплардан тутоқиб, 
хотинимга ташландим.
Остин-устун бўлиб уй
янги раунд бошланди.

Хотин писмиқ, негадир, 
нуқул бокс кўрарди.
Улардан ўрганибми, 
Айлантириб урарди.

Ичиб, чекиб юрганим 
Шу нуқтада панд берди.
Оқ рўмолчам силкитиб, 
хотинимга тан бердим.























Сўнг столга ўтирдим, 
У маъруза бошлади.
Енг шимариб, ёнимга
катта қоғоз ташлади:

“Бу нарсалар рўйхати! 
Бугундан тартиб шундай:
Янги музлатгич олиб, 
тўлдириб қўйинг бундай!

Кир-чир ювиб чиридим, 
Кирмошина топасиз.
Энди бозор-ўчарга 
Сиз—ўзингиз чопасиз!

Хўш, яна сизга айтсам,
Кийим керак уч сидра.
Кейин парфюмерия: 
лок, упа, атир, пудра..

Қолаверса, ҳар шанба 
ресторанга борамиз.
Сўнг театр, камига 
кино-пино кўрамиз.

Сизга айтсам, бу рўйхат: 
Мендаги минг йиллик дард:
Ҳар йил бир бор чет элда 
дам олиш зарур ва шарт!

Кейин, пиёда юриб, 
мадорим ҳам қолмади.
Ишхонамда биргина
мен машина олмадим.


















Сизга айтсам, бу ҳаёт
ҳиқилдоғимга етди.
Ижарада кун кўриш 
жонимга тегиб кетди.

Камида икки хона
Ёки ховли оласиз.
Агар шундай бўлмаса, 
Сиз кўчада қоласиз!

Ҳа, айтганча, ойликни 
баҳона қилманг яна.
Қачон, қанча оласиз, 
қизиқтирмас мояна...”

У гапларин тугатгач, 
Рўйхатни қўлга олдим.
Сўнгра парча-парчалаб, 
юзига қараб отдим.

Бундан жахлга миниб,
тарсаки тортди юзимга.
Тарсакининг зарбидан
дарров келдим ўзимга.

“Хой, дадаси, уйғонинг,
қўрқитманг, нима бўлди? 
Яшимисиз ишқилиб, 
духтирга хабар қилдим...”

“Ҳа, хотинжон, яхшиман!
Бахтимга тушим экан.
Аслида, бу туш эмас, 
бўлди мисли бир тикан...”

Шундай қилиб, қўрқинчи 
туш кўрдим чекиб заҳмат,
Айланайин хотинжон, 
Уйғотганингга раҳмат!!!

Комментариев нет: