Бир
танишим бор: Қобил ака. Исми жисмига мос қобил, билимли ва яхши инсон. Бир
нечта хорижий тилларни билади. Суҳбатлашиб, асло зерикмайсан. Жуда одамохун,
мулоҳазали ва камтар инсон.
Одатий
суҳбатларнинг бирида ўша инсон ўзи билан боғлиқ воқеани гапириб берди. Улуғ Рамазон
ойида ибратли ҳикояни сизга илиндим:
“Мен
ўзимни жуда омадли ва бахтли инсонман, деб ҳисоблайман. 25 ёшимда Ҳажга бориш
насиб этган. Бу ҳам Яратганнинг марҳамати. Ўшанда Ташқи ишлар вазирлигида
ишлардим. Ўзбекистонлик ҳожиларни олиб бориш ва олиб келиш билан боғлик
ташкилий ишларга мен ва бир ўртоғим жалб қилиндик. Cафарга кетиш олдидан
ўртоғим ёнимга келиб, 3-4 ҳажмли фотосуратни бериб, “Ўртоқ, бу бобомнинг расми.
Ёшлари 91 да. Илтимос, сафарда уларга ўзинг кўз-қулоқ бўларсан”, деди. Мен
“албатта”, дея расмга бир назар ташлаб, кейин чўнтагимга солиб қўйдим.
Тайёргарликлар ниҳоясига етиб, Улуғ
шаҳар сари учдик. Етиб боргач, ҳаммаларини бирма-бир Ўзбекистонликлар
терминалидан олиб чиқиб, керакли жойга еткузгинимизча анча қийналдик. Кўп одамни
бошқариб, барча расмиятчиликларни тўғрилашнинг ҳам ўзига яраша машаққатлари
бор экан. Бу борада тажриба йўқлиги боисми, анча қийналдик, бошларим оғриб кетди. Ўтган
икки-уч кун жуда оғир ўтди. Шу боис, бир оз чалғиш ва ҳавони янгилаш мақсадида,
аэропорт яқинида айланиб юрдим.
Теварак-атрофни томоша қилиб,
ўткан-кетганларни кузатиб юрсам, четроқдаги ўриндиқда юкларига бошини қўйиб
ётган бир одамга кўзим тушди. Бирортаси чарчаб, озгина хордиқ
чиқараётгандир-да, деб ўйладим. Яқинроқ боргач, ташқи кўринишидан ўзбекка
ўхшади. Ёнига борсам, кўзини юмиб, ухлаб ётибди. Аста уйғотдим:
-Хой,
отахон! Ўзбекмисиз?
Отахон кўзини очди.
-Ҳа, ўғлим,
ўзбекман.
-Туринг, бу
ерда нима қилаяпсиз? Гуруҳдан ажраб қопсизу! Юринг, мен сизни ўзбекистонликлар
ёнига обориб қўяман.
Отахонни турғиздим ва энди
етакламоқчи бўлдим. Қарасам, юришга ҳоллари йўқдай. Сал наридаги ногиронлар
учун аравачани олиб, отахонни унга ўтқаздим ва тўғри Ўзбекистонликлар гуруҳига қўшдим.
“Бўпти, отахон, энди гуруҳдан ажраманг”, деб, зиёратчилар орасидаги иккита
ёшроқ йигитни чақириб, “Отахонга ёрдам бериб юринглар, ҳамроҳлари йўқ экан,
савоб бўлади”, деб, отахонни уларга қолдирдим ва бошқа ишларни битиргани
кетдим...
** ** **
Мадинаи мунаввара шундай улуғ
манзил. У ердаги ҳар бир ишда бир ҳикмат бор. Бунга бир неча маротаба амин
бўлдим.
Бир
куни зиёртачилар орасидаги отахонлардан бири ҳафахол, хомуш бўлиб, бир нарсалар
деб, ғудраниб ўтирибди. Аста ёнига бориб, “Тинчликми, отахон? Нима гап”, дедим.
Отахон “Ҳамёнимдаги бор пулимни ё тушириб қўйдим ёки ўғирлатдим”, деди. Мен
чўнатгимга қўл солсам, 200 АҚШ доллари илинди. Уни олиб, “Мана, отахон, олинг,
ишлатарсиз”, дедим.
Буни
кузатиб турган шеригим меҳмонхонага қайтганимиздан сўнг, “Ўзи хизмат сафаридаги
озиқ-овқат пуллари тийин-тийинигача ҳисобли бўлса, нима қилардинг бегона одамга бериб”, деди.
Мен “Майли, қўявер, кўрдинг-ку шароитларини. Чин дилдан бердим”, дедим. Дўстим
эса “э барибир, бекор бердинг”, деди. “Дўстим, бу бекор эмас. Ҳаммаси Яратганни
ҳисоб-китоби”, дедим. Шеригим ҳайрат билан “нега” деб сўради. “Биласанми, бу отахон
отамнинг синфдош дўсти бўлади, бирга ўқишган. “Ғунча” кинотеатрида контролёр бўлиб
ишлаган. Кичкина бола чоғимда кинотеатр ёнида қизиқсиниб, куймаланиб юрганимда, “Ҳой,
ўртоғимни ўғли, кел, кинога кирасанми?”, деб, кўпинча мени текинга кинотеатрга
киритиб юборарди. Кўрдингми, ҳеч бир нарса ўз-ўзидан эмас. Мана ўша пайтдаги яхшилик бугун қайтди”, дедим. Ўртоғим
русча мактабда ўқиган учун, бунақа гапларга ишонмас, тушунмасди ҳам. “Э, барибир, бекор
бердинг”, деди. Мен эса бундан фақат хурсанд бўлдим...
** ** **
Ўзбекистонлик
зиёратчилар қувайтлик одамга тегишли катта меҳмонхонага жойлашди. Расмиятчилик
туфайли, гаплашавериб, меҳмонхона директори билан анча танишиб қолдик. У жуда
самимий, камтар, саҳоватли, асл мўмин киши экан. Нархларини ҳам биз учун
тушириб берди. Нима керак бўлса, ҳаммасини тўғрилаб берарди. Ишонасизми, ўзи
миллиардер, лекин оддий мотоцикл ҳайдарди. Мободо у бу-нарса керак бўлиб қолса,
“кетдик” деб мотоциклига ўтирғизиб, ўзи бирга юриб, хожатимизни чиқарарди. Меҳнатдан
қочмасди. Қойил қолардик.
** ** **
** ** **
Муқаддас
Каъбатуллоҳни айланиш пайти. Тумонот одам, тиқилинч. Амалларни бажариб,
ташқарига чиқдик. Шеригим ранги оқариб, кесилган ҳамёнини кўрсатди. Беш юз АҚШ
долларини “уриб” кетишибди. Хонага қайтиб, кўп хуноб бўлди, ўғирлаганни бўралаб
сўкди. Мен “Ҳай, ўртоқ, қандай муқаддас жойда эканингни унутдингми? Бўлди, сиқилма.
Барибир, энди бундан фойда йўқ. Бир гап бўлар. Менда пул бор-ку” дедим. “Алам қилаяпти,
ўзинг яхши биласан-ку шароитимизни”, деди. “Майли, буни шунчаки унут. Бундан бошқа йўл
йўқ”, дедим.
Шу
пайт дўстим мен отахонга 200 долларни бериб, юборган пайтимда айтган гаплари хаёлимдан ўтди. Сабоқ чиқариши учун дўстимга ана шундай қисмат бўлди, деб
ўйладим.
** ** **
Ҳа,
айтганча, шу орада ўриндиқда ухлаб қолган отахон билан яна кўришиб қолдим. “Отахон
қийналмаяпсизми, соғлигиз яхшими”, деб хол сўраб қўйдим.
** ** **
Барча
маросимлар тугаб, юртга қайтиш вақти бўлди.
Ҳаммани бирма- бир текшириб, самолётга чиқариш бошланди. Жараённи кузатиб турсам, бир зиёратчи
назоратчининг гапини тушунмай, бесаранжом бўлиб турибди. Яқироқ борсам, яна ўша
отахон. Олдига бориб, “Отахон у сиздан паспорт сўраяпти”, деб ҳамёнларини очиб, ичидан
пасортни олдим ва ичини очиб қарадим. Не кўз билан кўрай-ки, у сафар олдидан
ўртоғим “кўз қулоқ бўлиб турарсан”, деб берган расмдаги отахон. Ишларимга
чалғиб, расм кўйлакдаги чўнатигимда, Тошкентда қолиб кетган экан. Яратганинг
ишларига қойил қолдим...
** ** **
Хуллас,
ҳожиларни самолётган чиқариб, Ватанга кузатиб қўйдик. Ўзимиз бир оз шаҳар
айланиб, дам олиб, кейинроқ қайтишга қарор қилдик. Қайтар чоғимизда ҳалиги
меҳмонхона эгаси иккимизни хонасига чақирди. Кирдик. Ўтирғизиб, кўп яхши
гапларни гапирди:
-Иккалангизга
катта раҳмат. Зўр йигит экансизлар! Хизматларингизни жуда яхши бажардингиз.
Қойил қолдим. Раҳмат сизларга! ИншОллоҳ, катта савобга эга бўлдингиз. Мени
сизларга арзимаган туҳфам бор! Шуни қабул қилинглар. Буни чин юракдан
бераяпман! Илтимос, қабул қилинглар!
У
столидаги тортмадан иккита конверт олиб бизга узатди. Биз ҳайрон бўлиб, раҳмат
айтиб чиқиб кетдик. Хонага келиб, конвертни очсак, ичида 600 динор, яъни 1.700
АҚШ долларига тенг пул. Шунда ўртоғимга “Кўрдингми, дўстим, бу ерда ҳеч бир иш
шунчаки содир бўлмайди. Менинг 200 долларим 1700 бўлиб қайтган бўлса, сен
ўғирлатган 500 долларинг 3 карра ориғи билан қайтди”, дедим. Ўртоғим бундан
қаттиқ таъсирланди. Ҳажда юриб, ибодат қилмаган одам, “Бўлди, мен ҳам намоз
ўқийман. Илтимос, менга ўргат”, деди. Мен унга намоз ўқишни ўргатдим...
** ** **
Шундай
қилиб, икки-уч кундан сўнг, Ўзбекистонга қайтдик. Уйимга бобосига қараб туришни
илтимос қилган ўртоғим келди. “Раҳмат, сенга. Бобомга у ёқда анча ёрдам
берибсан. Ҳаж муносабати билан йиғин қилаётгандик. Бобом ўртоғингни ҳам чақир,
дедилар. Алоҳида тайинладилар. Албатта, боришинг керак”, деб маросимга айтиб
кетди.
Мен
айтилган куни дўстимнинг уйига бордим.
Дарвоза қаршисида оппоқ соқолли ҳалиги отахон мени кўриб, бошқача хурсанд бўлиб
кетдилар. Бу юз-кўзларидан кўриниб турарди. Бир мудда мени маҳкам бағрига босиб турдилар. Мен нима бўлаётганини тушунмай қолдим. Нега бунақа узоқ
қучоқлаб турганларидан хижолат бўлдим. Сўнг мени уйга етаклаб кирдилар. Бир хонада бир неча онахонлар ўтиришган экан.
Отахон остонада тўхтаб, “Кампир, мен айтган фаришта - мана шу йигит!”, дедилар.
Мен “нега унақа деяптилар, ҳазил қилдилар шекилли”, деб хижолат тортдим. Уйи ичидаги
онахонлар мени узоқ дуо қилишди.
Сўнг
эркаклар тўла катта хонага олиб кириб, энг юқори жойга ўтказиб қўйдилар. Мен
нега бунчалик ҳурмат кўрсатаётганларини тушунмай, ўзимни беўнғай ҳис қилардим.
Шунда бир одам (билсам, бобонинг куёвлари экан) “Ҳожи ота, Ҳаждаги воқеани айтиб
беринг”, деди. Мен “ҳа энди, бирор бир қизиқ воқеа айтсалар керак”, деб
ўйладим.
Отахон ҳикояни бошладилар:
“Ўзи
Ҳажга ҳамроҳ билан бормоқчи эдим. Лекин сўнгги
дақиқаларда ҳужжат тўғри бўлмади. Ноилож ўзим кетадиган бўлдим. Шукрки, қўл-оёғим
бут, ўзим юра оламан, деб уйдагиларни хотиржам қилдим. Хуллас, ҳамма жараёнлар ўтиб,
Ҳажга кетдик. Аэропортдан чиқишим билан кўз олдим қоронғулашиб, хушим бошимдан
учгандек бўлди. Оёқларимдан мадор кетди. Бир амаллаб четдаги ўриндиққа етиб
олдим. Бир пас нафас ростладим. Қарасам, барибир бўлмаяпти. Сафар ҳалтани
бошимга қўйиб, бир оз нафас ростлаб олишга қарор қилдим. Кўзимни юмиб ётиб,
Аллоҳга илтижо қилдим: Э, Аллоҳ! Шунча йил сени розилигинг учун барча
буюрганларингни бажардим. Масжид кутубхонасини юритдим. Ўтинаман, мени жонимни
бу ерда эмас, ўз Ватанимда, ўз уйимда, фарзандларим ёнида ол. Сендан ёлвориб
сўрайман, ўзинг мадад, куч-қувват бер, дедим. Орадан қанча фурсат ўтганини
билмайман. Кейин билсам, ўша ерда 3 кун қимирламай ётибман...
Бир
пайт кимдир мени туртиб, ўзбекчалаб “Хой, отахон! Ўзбекмисиз? Туринг”, деяпти.
Қарасам оппоқ либосдаги Фаришта. Ўйладим, Худо нолаларимни эшитиб, менга
фариштасини юборибди-да. Яна ўзбекча гапираяпти. Ёш йигит кўринишида. Шоша-пиша
“Ҳа, ўғлим, ўзбекман”, дедим. Фаришта эса “Туринг, бу ерда нима қилаяпсиз?
Гуруҳдан ажраб қопсизу! Юринг, мен сизни ўзбекистонликлар ёнига обориб қўяман”,
деб қўлларида кўтариб, учиб ўзбекистонликлар ёнига ташлаб, кўздан ғойиб бўлди. Яратганнинг
ёрдами учун шукрона келтирдим. Бу орада ҳалиги Фаришта яна пайдо бўлиб, мендан
хол-ахвол сўраб, ғойиб бўлди. Кетаётган пайтимда аэропорт ходими арабчалаб бир
нималар деяверди. Мен унинг гапларини ҳеч тушуна олмадим. Шунда, кутилмаганда,
ҳалиги Фаришта яна пайдо бўлди. У паспортимни кўрсатишим кераклигини айтди ва
яна ғойиб бўлди. Ўша Фаришта йигит мана шу Қобилжон бўладилар. Отасига минг
раҳмат”, деди отахон...
Отахон
менга кўпдан кўп раҳмат айтиб, узоқ дуо қилдилар. Орадан бир ойлар ўтиб, ўз Ватанида, фарзанду набиралар ёнида вафот этдилар...
Бу
Ҳаж билан воқеаларнинг мингдан бири. Менимча, бундай ибратли ҳикоялар Ҳажга
борган ҳар бир инсонда бўлса керак. У ер ана шундай мўъжизавий муқаддас Маскан...”
Қобилжон ака сўйлаб берган Ҳаж ҳикоялари менга қаттиқ таъсир қилди ва буни қоғозга туширишга аҳд қилдим...
Қобилжон ака сўйлаб берган Ҳаж ҳикоялари менга қаттиқ таъсир қилди ва буни қоғозга туширишга аҳд қилдим...
Комментариев нет:
Отправить комментарий