вторник, 21 июня 2016 г.

МАҒРУР ОТАХОН

   

                           
Ишдан қайтишда қарийб ҳар куни уйдаги “ошхона хўжайини”нинг буюртмалари битилган СМС-муждаси сабабли ҳарид учун супермаркетга киришга тўғри келади.

Тунов куни ҳам Себзордаги “Sunday” супермаркетига кириб кетаётсам, унинг эшиги яқинида бир неча китобларни ёйиб ўтирган отахонга кўзим тушди. Шошиб турганим учун унча эътибор бермадим.

Иккинчи куни ҳам яна ўша ерда ўтирганди. Аста кетаётиб, ўша отахоннинг бир одамга айтаётган гаплари қулоғимга чалинди: “Дори олишим керак, шунга китоб сотиб ўтирибман”... Хаёлдан отахон ҳақида ҳар турфа фикрлар ўтди. Майли, бу гумонларни айтиш жойиз эмас.

Хуллас, кеча яна супермаркетга кирадиган бўлдим. Борсам, отахон ўз жойида. “Дори учун...”, деган гаплари ўша кунда буён хаёлимда айланиб юрувди. Бир ҳол сўрамоқчи бўлдим. Салом бериб, ёйилган китобларни кўргандек бўлдим.
-Ие, бу китоблар муаллифи ўзингизми?
-Ҳа, ўзим.

Янада ҳам қизиқишим ортди. Шеърлар, насрий асарлар, журналда чоп этилган публицистик материаллар... Танишсам, асли Шинжон(Хитой)лик ўзбек экан. Ҳозирда Тошкентда яшаб, ижод қилар экан.
- Қалай бўлаяпти савдо?
-Ҳа, бир нави...
-Сизда кўпроқ шеър китоб экан. Насрий асарларни бозори чаққон ҳозир...
-Шунақага ўхшайди. Мажбур бўлмаганимда сотибам ўтирмасдим...
-Нега?
-Ўзимни ғурурим сабаб ҳаммасига?
-Тушунмадим...
-Уч ой олдин аварияга учрадим. Водийдан келишда ҳайдовчи ухлаб қолиб, йўл четида турган Камазга бориб урди. Елкам синди, жароҳатландим. Ўшандан бери даволанаман. Насибам бор экан, омон қолдим. Яратганга минг шукр. Ҳайдовчи айбини тан олиб, дори-дармонларимни олиб бераман, деди. Мени ғурурим йўл қўймади. “Йўқ, керак эмас. Ўзимни қурбим етади. Даъвоим йўқ”, деб жўнатвордим. Ишонасизми, инсофи йўқ одам экан. Пулини олмадим, шунга яраша “Отахон, омонмисиз”, деб ҳол сўраб турса бўлади-ку! Тўғрими? Йўқ, у ярамас шу бўйи бадар кетди. Жуда ҳафа бўлдим.
-Нега олмадингиз бераман, деса?
-Эҳ, ўғлим. Мен доим одамларга бериб, ёрдам қилиб ўрганиб қолган эканман. Виждоним йўл қўймади. Бор будим шу дориларга кетаяпти. Мана, энди ҳарна деб китоб сотиб ўтирибман. Жабри ўзимга...

Уни гапларини тинглаб туриб,  қандай муносабат билдиришни ҳам билмадим. Тик оёқда турмай, дедим-да, бетонга ўтирдим. У бир қараб гапларини давом эттирди.
- Одам эртага нима бўлишини билмас экан-да. Шу сотган китобни пулига дори оламан.
- Боя айтганимдек ҳозир кўпроқ насрий асарларга талаб бор. Шеърга камроқ, менимча..
-Уйда насрий асарларим тиқилиб ётибди. Уларам бир нечта китоб бўлади. Сиз нима иш қиласиз?
-Мен журналистман.
-Қаерликсиз?
-Водийлик.
-Биласизми, мен сизга иккита гап айтмоқчиман: Бири шуки: Ҳеч қачон бетонга ўтирманг! Яхши жойларда, яхши курсиларда ўтиринг! Сабабини билдингиз-а? Иккинчиси: Ихчамгина экансиз! Бу гавда динимиз учун айни муддао. Ҳеч қийналмай ибодат қила олиш имконига эга экансиз! Бундан фахрланинг! Буни айтишни Худо дилимга солди. Ҳар биримиз Яратганнинг гапларини етказувчи воситалармиз!

Бетонга ўтирса, заҳ ўтишини билардим, лекин ихчам жуссам ҳақида, рости, бунақа фикр ўтмаганди. Тўғри гап учун ундан миннатдор бўлдим.

-Раҳмат, яхши фикрларингиз учун. Агар, йўқ демасангиз, менга дориларингиз рўйхатини бир кўрсатинг.
Тўғриси, имкониятими жуда тўлиб-тошиб турмаган бўлсам-да, чин дилдан ёрдам бергим бор эди. У эса жилмайиб турди-да, деди.
-Ука, мана шу гапингиз учун ҳам раҳмат. Айтдим-ку, мен ҳеч қачон бировдан бир нарса олмаганман. Шу китобларнинг пулини етказиб турибман. Раҳмат, ўғлим. Майли, жуда ёрдам бергингиз келаётган бўлса, бирорта китобимни ҳарид қила қолинг. Ижодкор экансиз, бошқа сафар сизга албатта текинга бераман, деди.

Мен ўзимча ўйладим. Ўзимни кимлигимни, уни тахминан танишимни айтганим учун ҳам рози бўлмади. Ийманди. Яна ким билсин. Бироқ бир китоб сотиб олдим. Мен сотиб олган китобга дастхат қўйиб, боғланиб туриш учун телефон рақамини ҳам ёзиб берди. 

Буни қоралашимнинг сабаби бор: кимдадир шу қутлуғ, саодат эшиклари очилган Рамазон кунларида САВОБ ОЛИШ умиди бўлса, отахондан бир ҳол сўранг. У инсон ҳар куни Себзордаги «Sunday» супермаркети (“Офтоб” ресторани қаршисидаги) эшиги тагида китоб сотиб ўтиради... 

Бу китоб ўша отахон ҳақида ёзилган. Рақамлари: 98 312-36-39




Комментариев нет: