четверг, 21 апреля 2016 г.

Жим-м-м, қизим ухлаяпти!



Куни бўйи бир ўзи уйда ўйнаб зериккан икки ёшли қизим ишдан келишим билан оёғимга осилади. “Опане”, “опане” дейди. Бу “мени кўтаринг”, дегани. Қанчалик хорғинлик сезмай, кун бўйи дадасини кутган қизимни кўтариб, ўйнатишдан чарчамайман. Гоҳида ўн иккигача ҳам ўйнаб чиқамиз. Охири қўлимда кўзчаларини уйқу элитади. Бу пайтда эса ўзим ҳам “накдаун” бўлиб, “кўзга гугуртчўп тираб”, аранг уйқудан ўзимни ушлаб турган бўламан.

Ошхонада идишларнинг тарақ-туруқи эшитилади. Қизим кўзларини очади. Онасининг эҳтиётсизлигидан жахлим қайнайди. Яхшилаб танбеҳ бергим келади...

Яна қизимни аллалашга тушаман. Тезроқ ухласаю ёстиқни қучоқлаб, уйқу денгизига чўкиб кетсам...

Шу пайт ташқарида машинанинг сигнализацияси чалинади. Қизим яна безовталанади. Мен тишларимни ғичирлатиб, машина эгасини ичимда бўралаб сўккан бўламан. Бориб, деразани зичлаб ёпаман. Шовқин тингач, қизим яна уйқуга кетади...

“Тиқ” этган товуш эшитилмаслигига тиришаман...

Ниҳоят қизим бир маромда, жимитдек буринчаларидан нафас олиб, уйқуга кетади...
       
  Мен буни шунчаки ёзмадим. Шунчаки бекорчиликдан битмадим...

Ана шундай кунларнинг бирида, уйқум ўчган кезларда ўйлаб қолдим:

Бир пайтлар суриялик, ироқлик ва бошқа жаҳаннам ўчоғига айлантирилган мамлакатлардаги Оталарнинг ҳам шундай ширин ташвиши бўлган. Улар ҳам аёлининг турли арзимас шовқинлари фарзандлари уйқусини ўчирганда ёхуд машинанинг овозидан ғазабланган...

Бугун-чи? Жажжиларининг қулоқлари шовқинларга, беғубор кўзлари қип-қизил қонга ўрганди...
Энди у оталар биз каби шунчаки деразани ёпиш билан ташқаридаги шовқин-суронни тиндира олмайди...

Интернету телевизорда кўрган тасвирлар кўз олдимдан ўта бошлайди:

Боласининг бомбадан сочилиб кетган танасини қучоқлаб, фарёд чекаётган, ҳеч нарса қўлидан келмаётган ғариб Оталар...

Денгизга ғарқ бўлган боласини қутқариб қолишга ҳоли келмаган ғамнок, ғазабнок, аламзада Оталар...

Тинч жой излаб, ота-бобоси минг йиллардан буён яшаб келган қадрдон юртини ташлаб, болаларини елкасига кўтариб бораётган жўмард Оталар...

Қорни овқатга, кўзи уйқуга, қалби ҳаловатга тўймаган жафокаш Оталар...

*            *        *

         -Дадаси, ҳалиги...


         -Т-с-с-с, қизим ухлаяпти! 

вторник, 5 апреля 2016 г.

Ўзгариш


“Ўзгарибсиз” дейсан. Бўлиши мумкин:
ахир бошдан оёқ ўзгарди дунё.
Одам, ҳаво, тупроқ аввалгидекмас,
Менда ўзгаришлар бўлмайди ё?


Оқибатни кўмдик охир-оқибат,
Ҳуқуқлар ҳақида кимдир чертар соз...
Хов иссиқ юртларда полапонлар оч, 
Менинг эса сочим тўкилган бир оз...


Гўдаклар, гўдаклар, маъсум гўдаклар,
Балиққа айланиб кетди қанчаси...
Ерталаш, зарталаш—сарсон-саргардон 
эрта манзилига етди қанчаси...


“Ўзгарибсиз”, дейсан. Ҳа, мен ўзгардим:
дийдам қотди анча, кечдим рўёдан. 
Саҳрои Кабирга қор ёғди, ахир,
Ўзгармай бўларми шундай дунёда?!


Ўзгардим. Сезибсан. Аввалги “мен” йўқ,
Ишга кўмилганман эртадан то кеч. 
Музтоғ эримоқда, мен худбин эса,
Онамни кўргани вақт топмайман ҳеч.


Майли, хайрон бўлма, ҳаммаси яхши
Ҳеч кимнинг айби йўқ—ўзимдан гинам.
Кўп нарса ўзгарди, тўғри ва лекин
Меҳрим ўзгармади сенга биргина...


воскресенье, 27 марта 2016 г.

Омадли одамларнинг 13 қоидаси


Омадли одамлар ҳеч қандай сеҳр-жоду ишлатмайди. Улар шунчаки тушкунликка асир бўлмайди, улар ўз ҳаётларини назорат қила олади ва эртанга куни бугунгидан кўра яхши бўлиши учун интилади. Улар энг яхши, энг кучли бўлишга интилади, мақсадни аниқ қўйиб, меҳнатдан қочмайди. Муваффақиятларининг асоси ҳам шунда. Мутахассислар омадли инсонларни обдон ўрганиб, уларга хос қуйидаги қоидаларни қайд этишди.

1. Омадли одамлар ёмон нарса ҳақида ўйлашмайди. Аслида, сизу биз тўқнаш келган ёмон нарсалар ўй-фикрларимиз маҳсули. Улар тез хулоса чиқариш тўғри эмаслигини ҳам яхши билишади. Улар одамлардан шубҳаланишмайди(“Бордию унга ёқмасам, мен ҳақимда нима деб ўйлайди”, деган фикрга бормайди). Балки одамларнинг ишончини қозониш учун бор иқтидорини ишга солади.
2. Омадли одамлар ҳеч қачон ёлғон гапиришмайди. Сароб саналмиш ёлғонлардан йироқ ва хотиржам яшашга интилишади. Агар инсон позитив бўлса, у одамнинг кўзига тик қараб, гаплашади. Муаммоларини ҳал қилиш учун ўзларини оқлашмайди.
3. Омадли одамлар хафагарчиликларни юракда узоқ ушламайди. Чунки улар қалбдаги гина-кудурат, хафагарчилик салбий хиссиётларга сабаб бўлишини яхши билишади. Шунинг учун хафагарчиликларни дарров унутишга, воқеанинг моҳиятини англаб, уни эсдан чиқаришни одат қилишади.
4. Улар майда деталларни доим эсда тутишади. Маълумки, ҳаётдаги унча-мунча майда воқеа-ходисалар осон унутилади. Бироқ омадли инсонлар бундай қилишмайди. Улар ўзининг буюкликка эришишига ҳисса қўшган ҳар қандай яхшиликни қадрлайди, ёдда тутишади. Ва омад ана шундай яхшиликлар йиғиндиси эканини яхши билишади.
5. Омадли одамлар ўз ишига доим масъулия билан қарашади. Улар ўз бахтининг меъмори ўзлари эканини, ўзлари билан боғлиқ барча нарсаларга ўзлари жавоб бериши шарт эканини яхши билишади. Омадли одамлар ҳеч қачон кечикишмайди, автомобиллар тирбандлигини баҳона қилиб, ўзини оқлашга уринишмайди.
6. Омадли одамлар учун муаммонинг ўзи йўқ. Улар муаммоларни одамларнинг ўзи чақириб олади, деб ҳисоблашади. Шунинг учун ҳаёт мураккабликлари ҳақида ортиқча бош қотиришмайди. Улар ҳаётдаги турли ғов-тўсиқларни енгиб ўтиг энг яхши нарсаларга эришитиришини яхши билишади. Улар ўз меҳнатлари қадрига етишади ва имкониятларини янада кенгайтиришга интилишади.
7. Омадли одамлар қийин вазиятларга тез мослашади. Кўпчиликнинг фикрича, ҳаёт барбод бўлган умидлар, омадсизликка учраган ғоялар дайдиб юрадиган синган тақдирларнинг макони. Бироқ омадли одамлар имконсиз нарса йўқлигини, ҳар қандай вазиятда инсон ўзига мос шароитни яратиш мумкинлигини яхши билишади.
8. Омадли одамлар “ҳеч нарса”дан ҳеч нарса чиқмайди, деб ҳисоблашади. Улар қилинган оғир ва машаққатли меҳнатлари, кун келиб, албатта, мукофотланишини кутиб ўтиришмайди. Улар қатъий ва бир маромдаги интилишлари билан мақсад чўққисини забт этишади. Улар муваффақият ҳақида кўп ўйлашмайди, балки ўйлайдиган вақтларини ҳам меҳнатга сарфлашади.
9. Омадли одамлар умидсизликка берилмайди, зерикишмайди ҳам. Эслаб қолинг, ижод ва илҳом зерикиш сабабли барбод бўлади. Омадли одамлар эса теварак-атрофдан илҳом олади, руҳланади ва катта иштиёқ билан ўрганади.
10. Омадли одамлар ўз имкониятини юқори баҳолайди. Улар ўзларини бошқалар билан қиёслаб, солиштириб ўтиришмайди, балки ҳар кимда ҳар турли ўзига хос куч ва қобилият бор, деб ҳисоблашади. Улар қарама-қарши томонга, бошқаларнинг ишига ортиқча аҳамият беришмайди. Бор диққат-эътиборларини ўз ишлари ва ўз режаларига қаратади.
11. Улар омадсизликлардан ортиқча азоб чекишмайди. Позитив кайфият эгаларига омадсизликлар чикора. Улар муваффақиятсизликдан сабоқ чиқаришади. Кейинги ютуқлар йўлидаги кўмакчи, деб ҳисоблашади.
12. Омадли одамлар учун ҳаракат айни лаҳзадан бошланади. Улар ўтмишга кўп ҳам қарайверишмайди. Якунланган ишлар ва идеаллар, муваффақиятлар энди фойдасиз эканини яхши билишади. Масалан, сиз бугунги кун спорт билан шуғулланишни бошлаш ёки умуман бошқа ишлар старти учун жуда яхши кун эканини ўйлайсиз. Уларнинг фикрича эса, бирор нарсани бошлаш учун идеал вақт деган тушуча мавжуд эмас. Англаш керакки, айнан ҳозир, айни лаҳза ҳар ишни бошлашнинг энг яхши вақти.
13. Улар бекорчилар билан вақт ўтказишмайди. Омадли одамлар ўз атрофига позитив руҳият эгаларини, интилувчан инсонларни тўплашга, ана шундайлар билан мулоқот қилишга интилишади. Улар атрофидагиларнинг энг яхши, энг кучли, намунали бўлиши учун кўмак беришади.
Булар «омадли» деган нисбатга, улкан муваффақиятларга эришган инсонларнинг қоидалари. Эҳтимол, улар орасида ўзингиздаги мавжуд қарашларни ҳам топгандирсиз?! Ҳар ҳолда ўзини омадли сановчи ҳар қандай одамнинг тутумлари  бу қоидаларнинг айримлари билан ўхшаш экани табиий ҳол. Қолганларини ўзлаштириш учун эса ҳозир вақтингиз бор. Ахир, омадли одамлар айтишди-ку, «ҳар ишни бошлаш учун энг яхши фурсат – айни лаҳза», деб.

понедельник, 21 марта 2016 г.

*********************************************************************************
Камтарона ижодимизни кузатиб бораётган ёхуд адашиб кириб қолган, азиз ўқувчим! Юртимнинг гўзал айёми - Наврўз муборак бўлсин! 

Қалбингизга мудом қувонч сиғсин! Вақтингиз, унга қўшилиб, умрингиз ҳам баракали бўлсин! Яратган энг яхши совғалар билан сийласин!

Хурмат билан Муслим Мирзажонов.





воскресенье, 20 марта 2016 г.

Қалб осмонидан бир томчи ёмғиршеър...


Сенинг ичинг қора, юрагинг қора,
Дилни адаштирар нафасинг—туман.
Сенинг қалбинг яра, кўзларинг яра,
Имонга тиғ тираб ўтирган, гумон!

Сенинг шубҳа отлиғ гумашталаринг
Қора тулпорида кезиб юради...
Биламан, иблисга малайсан баринг,
Биламан, У мени яхши кўради!

                              16.03.2016

суббота, 23 января 2016 г.

ФЛАГМЕН ВАСВАСАСИ


Маркетологлар шундай пиар қилишдики, бугун одамлар оммавий равишда энг қиммат, энг сўнги смартфон моделларини сотиб олиш истаги билан ёнмоқда. Ҳа, бу рост. Айрим мамлакатларда янги смартфонлар учун томдан ташлаётганларни ҳам учратаяпмиз. Бу ҳам бир касалликнинг янги тури-да.

Бироқ, аслида, ўша қимматбаҳо телефонларсиз ҳам яшаш мумкинлигини барчамиз яхши биламиз. Ҳар ҳолда одамзод шу пайтгача “ақлли” матоҳларга ошно бўлмаган. Агар сизни ҳам ана шундай брендларга ишқивозлик касаллиги қийнаётган бўлса, асло куйинманг. Юракка оғир олиб, дард ортириб олманг тағин. Ҳозир сизга қимматбаҳо смартфон-флагменларни сотиб олмасликнинг мутахассислар айтган 5 та асосий сабабини келтирамиз. Эринмасангиз, ўқиб кўринг. Фойдаси тегиши, бир оз тинчлантириши мумкин.
1. Қиммат нарх
Албатта, яхши маҳсулот ҳеч қачон арзон бўлмайди. Айниқса, гаджетлар. Янги ва яхшироқ авлоди чиқмагунича смартфон-флагменлар нархи асло арзонламайди. Бренд фирма маҳсулоти ҳамма жойда баланд нархда. Шундай экан, оддий телефон учун катта пул сарфлаб нима қиласиз?!

2. Флагмен технологияларсиз ҳам яшаш мумкин
Бугун ишлаб чиқарувчилар орасида аёвсиз рақобат кечмоқда. Ҳамма компаниялар мегапикселларни ошириш, процессорни янада кучайтириш, аккумулятор қувватига қувват қўшиш “пойга”сида қатнашмоқда. Бироқ арзимаган мегапикселларсиз, телефон қуввати ўша қиммат моделдан ярим соатга камроқ бўлса, ҳаёт тўхтаб қоладими? Йўқ, албатта. Бугун чираниб, кучли хоҳиш истаклар турткиси билан қўлга киритганингиз абадий қолмаслигини биларсиз балки!? Ишонмасангиз, смартфонингизни “акаси”, яъни бир йилгина аввал ишлаб чиқарилган модель билан солиштириб кўринг:
Процессор икки марта кучлироқми? Қурилманинг тезлигига унга боғлиқ эмас. Муҳими, операцион тизимининг оптималлаштирилиши.
Камера мегапиксели каттароқ эканми? Ишонинг, бу ерда деталлаштиришда фарқ бор холос. Аммо тасвирлар сифатида жуда катта фарқ бўлмайди. Мегапиксель қанча катта бўлса, унинг тасвиридаги шовқин ҳам шунча кучаяди. Бунда муҳими матрицанинг ўлчамидир. Қанча катта бўлса, шунча яхши.
Оператив хотира 4 ГБгача катталашдими? Android-смартфонларнинг яхши ишлаши, шунингдек, турли ўйинлар, мусиқа, рисолдаги веб-серфинг учун 2 ГБ хотира етарли, аслида. Келинг, яхшиси, смартфон компьютер эмаслигини унутмайлик.
Full HD кўрсаткичли 4К-дисплей? Сал хирароқ бўлса нима қилибди? Юздаги ажинлару хуснбузарлар кўринмаса, кўринбмади-да.

3. Ўртачаси ҳам ёмон эмас
Ҳар нарсада ўртачалик яхши, дейишади. Смартфонингиз йирик, тиниқ, ёрқин экран, бармоқ сканери, металл корпус, яхши камерага эгами? “Оғир” ўйинлар(Asphalt 8, Modern Combat 5)ни ўйнай оладими? Демак, сиз ўртача яхши телефонга эгасиз ва бу етарли. Нархи ҳам қиммат эмас.

4. Флагмендан муддао не?
Кўпчлик одамларнинг сотиб олган сўнги русумдаги қимматбаҳо смартфони турли ижтимоий тармоқлардаги мулоқот, селфи, қўшиқ тинглаш ёки “енгил” ўйинлар ўйнаш учун хизмат қилади. Алал-оқибати шу бўлса, қиммат нархга флагмен смартфон олишдан не наф?
 5. Бугунги флагмен — эртага оддий телефон
Сир эмас, ишлаб чиқарувчи ўз флагменларини йилига бир марта янгилайди. Яъни сиз яқинда сотиб олган смартфонингиз тез “қарийди” ёки кейингиси чиқарилиши билан “эски модель”га айланади. Бу бор гап. Лекин унинг техник тавсифида кўп ҳам ўзгариш бўлмайди. Замон билан ҳамиша ҳамқадам юрувчилар “эски” деган нисбатни кўтара олмай, доим янгисига интилади. Бу истакни ишлаб чиқарувчилар аввалданоқ яхши билишади. Йилига янги маҳсулот чиқариш орқали эса “истак қуллари”нинг чўнтакларини боплаб шилиб олишади.

“Лирик” чекиниш
Яқинда News.com.au сайти TNS компаниясининг 16 ёшдан 30 ёшгача бўлган одамлар орасида Австралияда ўтказган тадқиқоти натижаларини эълон қилди. Унда ёзилишича, смартфон фойдаланувчилари умумий ҳисобда йилига 49 кун ўз севимли гаджети билан мулоқот қилар экан. Шунингдек, кунига ўртача 3,2 соат вақтини қурилма экранига термулиб ўтказади.

Экпертларнинг ҳисоб-китобига кўра, телефон фойдаланувчиси кунига 150 марта экранга қарайди. 63 фоиз “смартфон-бандалари” ижтимоий тармоқлардаги хабарлар лентасини кузатса, 50 фоизга яқини турли видеороликларни кўради. Маълум бўлишича, замонавий смартфонларга 60 тадан 70 тагача иловалар ўрнатилган бўлса-да, шулардан, нари борса, 10 таси фаол ишлатилади, холос.
Қиссадан ҳисса

Телефон дегани, унутмангки, биринчи галда, оддий алоқа воситаси. “Энг сўнгиси” кетидан қувмай, ҳозиргисига ҳам қаноат қилиш мумукин. Ва юқорида таъкидланган сабаблар вазиятни ойдинлаштириб олиш учун етарли, деб умид қиламиз. Ўзбекча қилиб айтганда, кўп ҳам нафсингизга эрк бермай, кўрпага қараб, оёқ узатаверинг, кам бўлмайсиз!

воскресенье, 10 января 2016 г.

ЧАҚМОҚ

Кимдир Устозни "отангдан улуғ" деса, яна кимдир ҳарф талашиб "Отангдай улуғ" деб тўғрилаб гапиришга уринади. Майли-да, отаданми, отадайми, муҳими, Унинг улуғлиги ва азизлиги. Қолаверса, устознинг чин устозлиги Унинг фалончи-пистончи, яна писмадончилар менинг шогирдларим", деб мақтангани билан эмас, балки шогирдларнинг "Фалончи менинг устозим" дегани билан ҳам белгиланса ажаб эмас.

"Ёшлар" радиоси жамоаси (2012 йил, 30 август)

10 январь. 23 ёшимгача бу сана падари бузуркворимнинг туғилган куни сифатида мен учун аҳамиятли эди. 2007 йилда “Ёшлар” радиосига ишга кирганимдан бошлаб, бу сана янада муҳим кунга айланди. Чунки айнан шу санада бағрикенг инсон, билганини билдиришдан, билмаганини ўрганишда асло толмайдиган, менга кўп ёрдами теккан Ахрорбек Қўшматов(ЧАҚМОҚ) ҳам туғилган экан.

"Салом, ёшлар" кўрсатувини ёзиш аввалида (2012 йил, 13 ноябрь)

У инсонни бағрикенг дедим. Бу шунчаки айтилиши керак бўлгани учун ҳам ишлатилган таъриф эмас. Ахрор акани яқиндан билганларнинг барчасидан сўранг, буни тасдиқлашади. Радиода ишлаб юрган кезлари ёнида доим ёшлар, янги ишга келганлар бўларди. Уларнинг ёнига Республикамизнинг қарийб барча вилоятларидан шогирд бўламан, радиобошловчи бўламан, деб кўп ёшлар келган ва уларнинг барчасига қўлдан келган беғараз ёрдамини берган. Мен шахсан ўзим гувоҳман.


Уни экран орқали кўрганлар ҳаётда ҳам шунақа бақириб гапирадими, деб кўп сўрашади ёқтирмасликларини айтмоқчи бўлгандек. Йўқ. Ҳаётда жуда оғир-босиқ, бироқ қувноқ, камтар, дунёқараши кенг инсон. Дунё сиёсати, кино, тарих сохасида яхши билимган эга. Айниқса, Соҳибқирон Амир Темур бобомизнинг ҳаёти ва фаолиятини жуда чуқур ўрганган ва ҳатто бемалол тарихчилари билан беллаша олади, ишонинг. “Ёшлар” радиосида Соҳибқирон ҳазратлари ҳақида кўп қисмли радиосериал тайёрлаган. Радиода узоқ йиллар “Имкон-шоу”ни олиб борган. Қоплаб хатлар келарди. Бир ҳафтадан ҳаммасини ўқиб чиқишга улгурмасдик. Эсимда, дастур учун баъзан ишхонада тонггача ижод қилардик. Анонслар, роликлар тайёрлардик. Буларнинг барчаси мен учун мактаб.

Устоз-шогирд.

Бугун дадамга нисбатан қалбимда қандай яхши ният ва эзгу истакларим бўлса, устозим Ахрорбек Қўшматовга ҳам худди шундай тикларим бор. Айни кез жуда тақчил бўлган самимийлик, камтарлик, ҳалоллик, виждонилилик, салоҳият, оқибат ва бағрикенглик фазилатлари бизга ҳам юқсин. Айтарга гап кўп, кўмир оз, деганларидек, сўзни мухтасар қилсам: Сиздек ҳалол ва имонли инсонлар кўпайсин!


среда, 6 января 2016 г.

ХОТИНЖОННИНГ "ФАРМОНИ"


Ҳаёт—қизиқ! Баъзида,
кутмаганинг бўларкан.
Тақдир ҳатто жимгина, 
устингдан ҳам куларкан.

Ҳаммасин кўраркансан,
Омон бўлса тану жон.
Бир кечада ўзгарди, 
Қўйдек ювош хотинжон.

Рўзғор каму кўстига, 
Илгари “ғинг” демасди.
Борига шукр қилиб, 
ҳатто гўшт ҳам емасди.

Бечора бир кўйлакни, 
Йиртилгунча киярди.
“Янги ол”, деб пул берсам, 
Олмай йиғиб қўярди.

Меҳнатдан-ку, ҳеч қочмас, 
Қуёш чиқмай турарди.
Уям майли, ёзу қиш
бир калишда юрарди.

















Гоҳ-гоҳида сиқилиб,
Жиндек ичиб келардим.
Эрлигим тутиб, уни 
тупроққа ҳам белардим.

Футбол фанати каби 
Кўзин ости қизил-кўк.
Шунча калтак еса ҳам
“Кетаман”, демасди лек.

Уй-рўзғор, бола-чақа,
Борига “шукр” дерди,
Ўйлардим: “Менга тегиб, 
хотиним нима кўрди...”























Аммо у хурсанд бўлсин 
Мендек йигитга хотин.
Ҳеҳ, қанча нозаниннинг 
Тилидан тушмас отим.

Ишим йўқ кун кечгача 
Кино кўриб ётардим.
Ивирсиб жонга тегса, 
Коса-товоқ отардим.

Хуллас, энди дўстларим, 
муддаога ўтайин.
Тарих эмас, кечаги 
воқеани айтайин.

Ишхона—мажлисхона:
Бурга тепса ҳам мажлис. 
Айб қилган бошқалар,
Бўкиб дакки еган биз.

Бу гал ҳам шундай бўлди: 
Мажлисдан бўкиб қайтдим.
Тўрт соат тик қилганни 
уйгача сўкиб қайтдим.

Уйга кирсам, хотиним 
бир сериалга андармон.
Қараш ҳам кўз учида, 
Саломга койитмас жон.

Қон қайнаб, қўлимдаги 
сумкани отдим унга.
Чап бериб, улоқтирди 
телефонини менга.

Кутилмаган бу зарба
пешонам ғурра қилди.
Хушим учиб бошимдан,
чуқур нокаут бўлдим.

Кўзим очсам, тепамда 
“герой” хотин турарди.
“Шу холинг бор эканку”, 
деб устимдан куларди.

Бу гаплардан тутоқиб, 
хотинимга ташландим.
Остин-устун бўлиб уй
янги раунд бошланди.

Хотин писмиқ, негадир, 
нуқул бокс кўрарди.
Улардан ўрганибми, 
Айлантириб урарди.

Ичиб, чекиб юрганим 
Шу нуқтада панд берди.
Оқ рўмолчам силкитиб, 
хотинимга тан бердим.























Сўнг столга ўтирдим, 
У маъруза бошлади.
Енг шимариб, ёнимга
катта қоғоз ташлади:

“Бу нарсалар рўйхати! 
Бугундан тартиб шундай:
Янги музлатгич олиб, 
тўлдириб қўйинг бундай!

Кир-чир ювиб чиридим, 
Кирмошина топасиз.
Энди бозор-ўчарга 
Сиз—ўзингиз чопасиз!

Хўш, яна сизга айтсам,
Кийим керак уч сидра.
Кейин парфюмерия: 
лок, упа, атир, пудра..

Қолаверса, ҳар шанба 
ресторанга борамиз.
Сўнг театр, камига 
кино-пино кўрамиз.

Сизга айтсам, бу рўйхат: 
Мендаги минг йиллик дард:
Ҳар йил бир бор чет элда 
дам олиш зарур ва шарт!

Кейин, пиёда юриб, 
мадорим ҳам қолмади.
Ишхонамда биргина
мен машина олмадим.


















Сизга айтсам, бу ҳаёт
ҳиқилдоғимга етди.
Ижарада кун кўриш 
жонимга тегиб кетди.

Камида икки хона
Ёки ховли оласиз.
Агар шундай бўлмаса, 
Сиз кўчада қоласиз!

Ҳа, айтганча, ойликни 
баҳона қилманг яна.
Қачон, қанча оласиз, 
қизиқтирмас мояна...”

У гапларин тугатгач, 
Рўйхатни қўлга олдим.
Сўнгра парча-парчалаб, 
юзига қараб отдим.

Бундан жахлга миниб,
тарсаки тортди юзимга.
Тарсакининг зарбидан
дарров келдим ўзимга.

“Хой, дадаси, уйғонинг,
қўрқитманг, нима бўлди? 
Яшимисиз ишқилиб, 
духтирга хабар қилдим...”

“Ҳа, хотинжон, яхшиман!
Бахтимга тушим экан.
Аслида, бу туш эмас, 
бўлди мисли бир тикан...”

Шундай қилиб, қўрқинчи 
туш кўрдим чекиб заҳмат,
Айланайин хотинжон, 
Уйғотганингга раҳмат!!!