воскресенье, 22 января 2017 г.

Ахлатни сувга ташламанг, Онахон!



Ҳар куни Нурафшон кўчасидан анҳор ёқалаб юраман. Тоза, саришта жойлар. Айниқса, ёз фаслида у ердан юришнинг гашти бўлакча. Ишдан қайтишда анҳор бўйлаб юраман. Бир танишим айтганидек, “ўйлаб олиш учун” ҳам пиёда юришни яхши кўраман.
Яқинда сув ёқалаб, ҳаёлларга чўмиб кетаётгандим. Бир пайт “чалоп” этган овоз эшитилди. Қарасам, анҳорда катта қора целлофан пакет ётибди. Ичи тўла ахлати билан сувда қалқиб, сузиб кетаяпти. Не кўз билан кўрайки, анҳорнинг нариги қирғоғида тахминан 60-65 ёшлардаги супурги кўтарган онахон қолган-қутган чиқиндиларни сувга улоқтираяпти. Тўғриси, бундан қаттиқ жаҳлим чиқди. Бир кўнглимда гапирсаммикан, деб хаёл қилдим. Лекин ўзбекона андиша устун чиқди айтолмадим. Бир қарорга келгунимча, онахон дарвозасидан кириб кетди.
Бу ҳолат кўнглимни хира қилди. Умуман, дуч келган жойга чиқинди ташлайдиган, айниқса, сувга ахлат оқизадиган одамларга тоқат қила олмайман. Бу, менимча, болаликдаги тарбиянинг таъсири. Уйимизнинг яқинидан катта зовур оқиб ўтган. Ёз фаслида болалар билан маза қилиб чўмилардик. Идиш-товоқ, мол-қўй ва рўзғорга ҳам шу анҳорнинг сувидан фойдаланилар эди. Айримлар учун ичимлик суви ҳам эди. Биз эса маҳалламизга махсус сув ташиш машинасида олиб келинадиган сувдан сотиб олиб, ичардик. Уни Оқсув дердик. Тоғлардан оқиб келадиган бу сув жуда ширин, таъми ҳам бошқача. Ердан сизиб чиққан анҳордаги зах сувидан кескин фарқ қилади. Хуллас, шу зовурнинг яқин атрофдаги хонадонлар учун аҳамияти катта эди (ҳозир ҳам шундай).
Махсус чиқинди ташлаш жой бўлмагани учун қўни-қўшниларимиз кўприк ёнига, анҳор ёқасига ахлат ташлашни ўрганиб олди. Ўша пайтда раҳматли бобом шифохонада даволанаётган эдилар. Шифохонадан қайтиб, уни кўриб қолдилар. Кейин фаросатсизларча сув ёқасига ахлат ташлаган одамларни бўралатиб сўкдилар. Қанақа бефаҳм одамлар бор-а. Ўзи фойдаланади, болалари чўмилади, идиш-товоғини ювади, керак бўлса, ичади. Ахлатни турган-битгани касаллик, микроб-ку!, дедилар. Ва бизни чақириб, тозаллатирдилар. Табиийки, бундан ҳамма қўшнилар бохабар бўлди. Кейин бизга: “Ким ахлат ташлаганини кўрсанглар, менга айтасизлар. Ўзим гаплашаман ўша бефаросат билан”, дедилар. Шундан кейин ахлат ташлаш тўхтади. Бобомнинг шу каби тутумлари бизга синггандир, эҳтимол.
Ана энди анҳорга ахлат ташлаган онахон ҳақида. Наҳотки, бир умр шу анҳорни бўйида яшаб, шу ёшга кириб, сувга чиқинди ташламаслик ҳақида билмайдилар? Бунга ишониш қийин. Чунки ҳамма ўзбек хонадонида бу ҳақида обдон уқтирилади. Хўш, хонадоннинг улуғлари шундай иш қилса, болалари қандай бўлади? Жавобини ўзингиз яхши биласиз: Катта арава қаердан юрса, кичиги ҳам шу ердан юради.
Балки ташлашга жой йўқдир, дерсиз. Менинг ҳаёлимдан ҳам шундай фикр ўтди. Лекин кеча “Махсустранс”нинг чиқинди ташийдиган транспортини кўрдим. Йигитлар маҳалланинг чиқиндиларини ортишаётганди. Гапларим исботи сифатида расмга ҳам тушириб олдим.
Ҳукумат миллион-миллион пул ажратиб, Нурафшон кўчасини очди. Одамларнинг бахри дили очилсин, деб атрофини кўкаламзорлаштирди, атрофини обод қилди. Буларнинг ҳаммаси биз учун, шу эл, шу халқ учун. Лекин ҳамма ҳам буни англамайди, қадрига етмайди. Ваҳоланки, дунёдаги қанча-қанча жойлар сувга зор, турган-битгани саҳро, чўл. Олдингдан оққан сувнинг қадри йўқ, дегани шу-да.
Эътибор қилсам, онахонга ўхшаб анҳорга ёки унинг четига ахлат ташлайдиганлар кам эмас экан. Сувдан оқиб келадиган ёки анҳор бўйи ташланган чиқиндилар гапимнинг исботи.
Азизлар, чиқиндиларнинг табиатга ва одамларнинг ўзларига қанчалар зарар эканини айтиб, турли рақамлару статистикалар билан бошингизни қотирмоқчи эмасман. Интернетга кирсангиз, бу ҳақда истаганча маълумот ўқишингиз мумкин. Бобом кўп бор таъкидлардилар: “Ит ҳам ҳатто жойини думи билан супириб, кейин ётади”, деб. Ўзимиз яшайдиган, болаларимиз ўйнайдиган жойни озода тутайлик. Айниқса, анҳорларга чиқинди оқизмайлик, илтимос. Ҳеч ким кўрмагани билан жазодан қутулиб қола олмайсиз. Сиз ташлаган ахлат сабаб бўлиб, кимдир озор топса, касал юқтирса, гуноҳи сизнинг бўйнингизда. Бу аниқ!

вторник, 17 января 2017 г.

Менинг онам...



Кўпинча қизларнинг ташқи кўриниши отасига, йигитлар онасига ўхшайди. Чиндан ҳам шундай. Қизимни қиёфасида кўпроқ ўзимни кўраман. Бошқалар ҳам шундай дейди. Ўзимни эса кўпроқ онамга ўхшашимни айтишади. Балки шундайдир...

Онам кетма-кет уч ўғилни дунёга келтирганлар(орамиздаги ёш фарқи 1 ярим йил). Иккита қиз билан жами 5 фарзанд. Бугун икки фарзанднинг отаси бўлиб, ота-онамнинг 5 нафар фарзандни оқ ювиб, оқ тараб, тарбиялашдек машаққатли меҳнатни теранроқ ҳис қилаяпман.  

Онам олий маълумотли эмаслар. Сабаби, 18 ёшида турмушга чиққанлар. Бу ёғи фарзандлар, оила-рўзғор, дегандек. Бироқ ақл-идроқ, савод борасида асло қолишмайди. Мактабда аъло баҳога ўқиганлар, ёзган шеърларини болаликда ёдлаганмиз, чиройли ёзувларига ҳавас қилардим. Ўқишимизни ўзлари назорат қилардилар. Адабиётга, шеъриятга ҳавас ҳам улардан ўтган бўлса ажаб эмас. Онамни яна бир жиҳати бор: жуда кўп мақол биладилар. Сўзга чечан, ҳар бир гапларида кутилмаган мақолларни ишлатадилар. Кўп мақолларни онамдан эшитганман, ўрганганман.

Бугун 17 январь. Волидамни туғилган кунлари. 53 ёшни қарши олдилар. Эрталабда табрикладим. Сўзга қашшоқ бўлмасам-да, уларга кўўўп тилакларни билдира олмадим. “Мингга қиринг, онам”, десам, “А, йўға, шунча йил нима қиламан? Худонинг берган умрини муносиб яшасагам катта гап”, деб ҳазиллашдилар.  

Болалигимда иситмалаб, бир оз мазам қочса, дарров кўрпа-тўшак солиб, дори-дармонлар қилишга тушардилар. Иштахамни очиш учун турли овқатлар пишириб берганлари, бошимда гиридкапалак бўлганлари кечагидек ёдимда...

Бугун-чи? Бугун касал бўлиб, ҳароратим 40 даражага чиқса ҳам миқ этмайман. Бировга билдирмайман. Касални оёқда ўтказиб юборишга ҳаракат қиламан. Икки марта йиқилиб, уч марта туриб кетишга интиламан. Ана шундай чоғларда Онамни меҳрибончиликлари ёдимга тушади...   

Талабалик чоғларимда бирорта рўмол ўраган аёлни кўрсам, негадир, онам эсимга тушарди. Бугун эса телевизорда рўмол ўраган аёллар кўринса, жажжи қизим “ана, бувижон”, дейди...  Қизиқ-да...

* **
Менинг қалби тоза, меҳри дарё, тўғрисўз, ёлғондан йироқ, меҳнаткаш онам!

Уйимга келса, 3 кунда уйини, набираларини, қўни-қўшниларини соғиниб қоладиган Волидам!

Умрингиз узоқ бўлсин!

Отамни, бизнинг, набираларингизнинг бахтига ҳамиша соғ-омон бўлинг!

Фарзанд бўлиб, ёнингизда хизматингизни қила олмаётганимдан кўп сиқиламан.

Иш, оила, рўзғор, бола-чақага андармон бўлиб, сизга кам вақт ажратаётганимдан қийналаман...

“Қаерда бўлсанглар ҳам тинч-тотув, иноқ яшасанглар, мен шундан хурсанд бўламан”, деган гапларингиз доим қулоғим остида жаранглайди...

Сизга ҳеч қачон “Сизни яхши кўраман”, деб айта олмаганман. Нега, нима учун, билмам. Бўлмаса-ку, таърифларнинг энг жимжимадорини, оҳори тўкилмаганини, энг янгиларини билмайманми?! Йўқ! Лекин...

Яхшилар, имкон бўлса, Онажонимнинг ҳаққига дуо қилинглар!

среда, 4 января 2017 г.

“Like” қайғуси



“Эрталаб уйғонасан ҳудди бир нарсадан қуруқ қолаётгандек кайфият билан. Шоша-пиша атрофдан телефонингни қидирасан. “Оббо, тагимда қолиб кетибди-ку!” Эрталаб турганда биринчи бўлиб, юз-қўлни ювиш кераклиги ҳақида болаликданоқ уқтирилган тартиб-қоидалар эсингга ҳам келмайди.
“Хўш, интернет оламида нима гап экан? Кеча кечқурун қўйган расмимга нечта “Like” босишди экан? Хўўўш, “Instagram”да 30 та. “Facebook”да-чи? Эҳ-е, “билдирувлар”(уведомление) мўл-ку! Қани нималар ҳақида экан?! 
Оббо, аксари аллақандай гуруҳлардаги янгиликларники экан. Ёмон жонга тегди-да, шулар! 
Расмга атиги 100 та “лайк”. Чето, камроқ. Нега? Яхши чиқмадимикан селфи?! Аввалроқ ёзган статусимга қайтага кўпроқ одам “ёқди” ишорасини билдирганди.  
“Twitter”да нима гап? Бу ерда камроқ ретвитлар. А, ўзи бу ер унча яхши эмас экан. Ҳамма твиттерчилар аллақандай ақлли, савдойи, футболпарастларми-ей. Хуллас, унча ёқмади...
“Telegram”дан кимдир ёздимикан? “IMO”, “WatsAp”, “Viber”да-чи...?
Бугун статусга нима ёзсам экан. Қайси расмни юкласам бўлади...”
Ҳозир ҳамма аллақандай “доимий хавотир хасталиги”га чалинганга ўхшайди, гўё. Хаёли паришон, қўлида телефон. Умр ўтиб кетаётганини ҳам англамай қўйган. Аллакимлар билан СМС, расм, маълумотлар, аудио-видеолар алмашади. Танишади, бахслашади, уришади ва ҳаказо...
Вақт ўтиб бораётгани ҳақида қайғу йўқдай...
 Йўқ, қайғу бор экан. Бу кўпроқ эътибор топиш истаги, кўпчиликка ёқиш хоҳиши, “like” қайғуси...
Бу қайғу миллиардларни заҳарлаб улгурди. Эпидемия мисол яшин тезлигида тарқаб бормоқда...
Ёшу қари, оқу қора, яхшию ёмон бирдек мубтало... Янада кўпроқ “Like”, янада кўпроқ эътибор...  
У, гўёки, Юҳога айланар... Одамзодни ютар ямламай...
Юрсангам  “Like” ҳақидаги хаёл мияда айланар, турсанг ҳам, ухласанг ҳам...
“Like”, “Like”, “Like”



среда, 14 декабря 2016 г.

“Одночи”лар армияси


Кейинги йилларда саводсизлик авж олиб кетди. Айниқса, ёшлар орасида. Бундай саводсиз, дунёқараши тор қатламга “Одночи” деган атама қўлланила бошланди. Боиси, дастлаб “Одноклассники” ижтимоий тармоғи ана шундай саводи ҳаминқадар бўлган навқирон қатламнинг паккасига айланди. “Одночилар” армияси ҳозир барча ижтимоий тармоқларга мўрмалақдек бостириб кирмоқда. Гуруҳлар, саҳифалар очишмоқда. Оҳо, у ердаги хатолар, у ердаги савиянинг даражаси... Мен гапирмай, сиз ўқиманг! Лекин мен гапирмасам, сиз ўқимасангиз бўлмайди.   
Кимга қанақа, билмадим, лекин шундай имловий хатоларни кўрсам, асабим бузилади, жаҳлим чиқади. Ҳатто ўз исм-шарифини тўғри ёза олмайдигани қанча. (Э, ақли расо! Биламан, миянг тўла ғиж-ғиж фикр. Қўйиб берса, отангга маслаҳат берадиган даражадасан. Тилинг бир қарич. Қўлингда сўнгги русумдаги телефон, эгнингдаги кийимларни олиб бергунча отангни чўнтаги шилинган. Ҳеч бўлмаса, шуларни оқла. Ҳеч бўлмаса, ўз исм-шарифингни тўғри ёзишни ўрган!)  
Ҳозирги мактабни битираётган болаларга бир қатор гап ёздирсангиз, камида 4-5 та хато қилади. Хўш, нега шундай? Бошланғич синф ўқитувчиси уларга қандай таълим берган? Дарсига виждонан ёндошиб, ўқувчисига тўғри ёзишни ўргатганми? Ёки тўғри ёзишга мажбур қилганми?  
Биринчи навбатда, бунга бошланғич синф ўқитувчиси айбдор! Вақтида қаттиқ турмаган, саводини кучли назоратга олмаган. Бунинг оқибатини шаклланган “саводсизлар армияси” мисолида кўриб турибмиз. (Ёки буни бошқачароқ талқин қилиш мумкин: Савод ўргатадиган ўқитувчиларнинг ўзи саводсиз! Бошқача хулоса йўқ.)
Ўқитувчилар мендан хафа бўлишмасин! Тўғри, бу ерда тирикчиликка андармон бўлиб қолган ота-оналарнинг ҳам масъулиятсизлиги ва лоқайдлиги бор. Бироқ энг катта жавобгарликни шахсан сизнинг зиммангизга юклаган бўлардим. Чунки шунинг учун ўқигансиз, шунинг учун ойлик оласиз, шунинг учун сизга ишониб, фарзандларимизни қўлингизга топширамиз. Илтимос, саводсиз шогирдлар етиштиришни бас қилинг!
Менинг биринчи ўқитувчим Иноятхон Алимова бўлганлар. Ҳозир ҳам Риштон туманидаги 39-ўрта мактабда ишлайдилар. Шу инсон савод масаласига қаттиқ қарардилар. Агар дафтаримизда хато кўпайса, “лолазор” учун қўлга ёғоч чизғич билан бир-иккита туширардилар. “О, бу қандай даҳшат, қандай ёввойилик”, деб соч юлишга шошилманг. Боланинг бундай жисмоний жазодан бир жойи камайиб қолмайди. Айбини ҳис қилади. Кейинги сафар хатолар такрорланмаслиги учун кўпроқ машқ қилади, кўпроқ китоб ўқийди, ҳуснихатини тартибга келтиради. Ўшанда ўқитувчим тўғри ҳам қилган эканлар. Бўлмаса, камида “одночи”лар армияси “офицери” бўлишим тайин эди.
Биламан, “Ҳа, энди журналист бўлганингдан кейин тўғри ёзишни билишинг шарт-да”, дейдиганлар ҳам йўқ эмас. Гапингизда жон бор. Бироқ савод масаласи фақат бир касб ва соҳага тааллуқли эмас. Бу ҳаммага бирдек тегишли масала. Савод банк ходимига муҳиммасми? Шифокорга? Ҳуқуқшунос, ҳайдовчига? Ишонинг, савод касбидан қатъий назар, эртага ота-она бўладиган, фарзандининг таълимини, саводини назорат қиладиган ҳар бир одам учун муҳим.
Вақт оқар сувдек ўтиб кетади. Бугун сиз ўтирган мансаб курсисида, сиз ишлаётган жойда ана шу “одночи”лар ярмияси вакили бўлмаслигини кафолатлай олмайсиз. Бу жойларни бир умр сизга боғлаб қўймаган. Бир авлод ўрнини, кейингиси тўлдириб боради. Бу табиий қонуният. Масаланинг оғриқли томони шундаки, кексайганимизда Ватан, миллат тақдири ана шу чаласавод авлод қўлида қолади.  Шунинг учун бу масалага беписанд бўлиш, панжа орасидан қараш керак эмас.
Ҳурматли, ука-сингиллар! Айтган гапларимни оғир олманг! Сиз бундай хатолардан ҳоли бўлсангиз, ўша “армия”нинг вакили бўлмасангиз, унда хурсандман. Эътирозларим айнан ўшаларга. Сиз хаёлни жойга қўйиб, ўқишда, изланишда давом этинг. “Ўшалар” ҳам эртасига бефарқ бўлмаса, қалби “тирик” бўлса, уялиб саводини тўғрилашга интилар...
Тенгдошларга, ота-оналик мақомидаги инсонларга ҳам илтимосим бор: Болаларингизни саводига бефарқ бўлманг. Дафтарини текширишга, бирга дарс тайёрлашга вақт топинг. “Болам эртага кааааатта одам бўлади”, деб хаёл қиласизу, пойдеворини шунга яраша қўймайсиз. Илтимос, “одночи”лар ярмияси”га “аскар” тайёрламанг!
Ҳурматли ўқитувчилар! Биламан, болалар билан ишлаш осон эмас. Лекин бу масъулиятнинг сусайишига баҳона бўлолмайди. Илтимос, асабларимга раҳмингиз келсин! Болаларнинг саводига қаттиқ туринг! Шахсий муаммоларингиз кам эмаслигини, мактабдаги ўқитувчилар “йиғ-йиғ”ларини, асабингизга тегадиган ортиқча ёзув-чизувлар кўплигини ҳам биламан. Шундай бўлса ҳам, эртанги кунни, Ватан тақдирини ўйланг.
P.S: Савод ҳақида ёзиб, хато ўтиб кетмаганмикан, деб қайта-қайта ўқидим. Таҳрир илми нуктадонлари хатолар топишига ишонаман! Шундай бўлса, бунинг учун узр сўрайман. Бироқ бу ҳақида ёзмасам бўлмасди.