четверг, 27 августа 2015 г.

ОШҚОЗОНМИ Ё ТОШҚОЗОН?!


 Хўрдани ҳам, бурдани ҳам бирдек паққос туширадиганларни халқимиз “ошқозони тошни ҳам хазм қиладиган”, деб таърифлайди. Хазил ўз йўлига, аммо чиндан ҳам тош, темир-терсак, шиша бўлакларини ейдиган одамларнинг борлиги ҳақиқат. Марҳамат, танишинг: 

                    Шишахўр Ван Сиянджунь


Маълумки, хитойликликлар, муболаға билан айтганда, “тиш ўтадиган” қарийб барча нарсаларни ейишади. Хитойнинг Сичуань провинциясида истиқомат қилувчи Ван Сиянджунни қўни-қўшниларидан кимдир дайди, кимдир масхарабоз, яна кимдир шайтон дейди. Сабаби, у 12 ёшидан бери лампочка истеъмол қилади. Ҳисоб-китобларга қараганда, шу пайтагача у еган лампочкалар сони 1 ярим минг донадан ортган. Ваннинг айтишича, мактабда ўқиб юрган пайтларида бир куни балиқ суягини ютиб юборади. Аммо унда ота-онаси хавотир олгандек ёмон холат кузатилмади. 12 ёшида эса у энди синган ойна бўлакларини ютиб юборади. Аммо бу сафар шиша синиқлари унга жуда хушхўр туюлади. Шундай қилиб, аста-секин нонушта менюсига бошқа шиша маҳсулотлари қўшилиб боради. Йиллар ўтиб, Ван Сиянджун “туппа-тузук шишахўр”га айланди-қолди.

                      Металлхўр Мишель Лотито

1950 йилда Франциянинг Гренобль шаҳрида дунёга келган Месье Лотито телешоулардаги антиқа чиқишлари билан одамларга танилади. Аниқроқ айтганда, у ҳеч нарсадан таъб тортмайдиган “иштаха”си бутун дунё оғзига тушади. Айниқса, у велосипедларни жуда ҳам яхши кўради. Айтишларича, у шу пайтга қадар 18 та велосипедни “паққос” туширган.      
Мешел еган “таомлар” ичида энг тўйимлиси кичкина «Сессна 150» самолёти бўлиб, уни тошқозон, йўғе ошқозон нақ икки йил, 1978-1980 йилларда хазм қилади. 
Жаноб Лотито 16 ёшида еббўлмас нарсаларни истеъмол қила бошлайди ва бундан яхшигина пул ҳам ишлаб олади. Аммо санъат махсус диеатани ҳам талаб қиларди. Шу боис у кунига 1 кг.дан ортиқ металл, пластика, резина ва ойна емасди. 
Ҳар бир овқатланиш олдидан у бир чашка минерал мой ва кўп миқдорда сув тайёр туриши шарт. Француз банан ва қайнатилган тухумни умуман ётирмайди. Маълум бўлишича, у 1959 йилдан 1997 йилгача тахминан 9 тонна металл истеъмол қилган.      
       Мишель Лотито 2007 йилнинг 25 июнида вафот этади.

                       "МЕЧКАЙ ТАРРАРЕ"

  1.  Лион(Франция)лик бу инсон очофат деган насбатнинг айнан тирик намунаси деса бўлади. Оиласи унинг карнай иштахасидан жуда қийналишган. Инқилоб пайтида уни ҳарбий хизматга жўнатишиб, аранг қутулишди. Тарраре айнан армияда ақл бовар қилмас даражадаги иштаха билан тирик жонларни ейишни бошлади. 
    Умуман олганда, Тарраре ерда ёки деворда юрган ҳамма жонзотни ушлаб ерди.  Бир куни аскар госпиталга тушиб қолади. Доктор унинг иштахасини, қанча овқатни ея олиши мумкинлигини синовдан ўтказишни мақсад қилади. Бироқ уруш, етишмовчилик. Ноилож доктор мечкай аскарнинг хонасига тирик мушукни киритиб юборади. Тошни еб юборишга тайёр Тарраре, киприк қоқмай, бечора мушкуни “паққос” тушуради. Доктор хайратда. Кетидан кучуклар, калтакесак, илонларни олиб киради. Улар ҳам Тарраре учун ермак вазифасини ўтайди, холос.

  Айтиш керакки, бу мешполвондан армияда яхши фойдаланишди. Унга махфий маълумотлар жойлашган махсус идишни ютишни топширишади ва у буйруқни яхши адо этган. Бунақа қорин билан узоқ яшаш қийинлигини ҳамма яхши билади. Мечкай Тарраре 26 ёшда силдан вафот этди. Мутахассислар Тарраренинг ошқозонини текширишиб, ошқозони чиндан ҳам бошқаларникига қараганда каттароқ эканини ва ичи тўла яра эканини аниқлашди. Қолаверса, унинг ошқозонидан тилла санчқи ҳам топилади.    


суббота, 22 августа 2015 г.

XXI асрда Матриархат? Ҳудди шундай!


Дунё ажойиб ва қизиқ. Одамзод фазони забт этиб, хаёлий нарсалар ҳақиқатга айланаётган бир пайтда, Матриархат (Она хукмронлиги) тузумида яшовчи қабилалар борлигига нима дейсиз? Келинг, улар билан танишамиз.     

МОСУОЛАР
Хитойнинг Юннань ва Сичуань провинцияларида, Тибет тоғолди ҳудудларида истиқомат қилувчи мосуо этник гуруҳи шу пайтгача мартриархат анъналарини сақлаб қолаётган энг машхур қабилалардан бири саналади. Мосуо ёки Мосу элати катта-кичик қишлоқларда йирик оила бўлиб яшайди. Ҳар бир оилада Аёл бош. Унинг сўзи қонун ва хал қилувчи қарорларни улар қабул қилишади. Авлодлар бардавомлиги аёл оиласи бўйича юритилади.Болалар аёллар хонадонида улғаяди. Никоҳ ҳам шу мантиқ асосида. Яъни, қизлар ўзлари ёқтирган йигитларга совчи қўйишади. Қизиғи шундаки, эру хотин бошқа-бошқа оилада истиқомат қилишади. Ҳеч қачон бирга тунашмайди. Ҳатто болалар отаси кимлигини бир умр билмаслиги мумкин. Ана шунақа!    
                                               МИНАНГКАБАУЛАР       
         Минангкабау халқи Индонезиянинг Суматра ороли ғарбида истиқомат қилади. Жамият ва иқтисодиёт бошқаруви ҳам “заифалар” назоратида. Мол-мулк ва бошқарув онадан қизга мерос бўлиб қолдирилади. Онанинг мавқеи ниҳоятда баланд. Оилавий муносабатларда бир оз тенглик мавжуд. Яъни эр хотинининг уйида тунаши мумкин. Бироқ ўз она уйидаги эрталабки нонушта пайти дастурхон қаршисида бўлиши шарт. Қишлоқларда эркаклар ва аёлларнинг алоҳида кварталлари мавжуд. Болалар 10 ёшидан сўнг эркаклар орасида яшаб, диндан сабоқ олади, хунар эгаллайди, овқат пиширишни ўрганади.

                                               АКАНЛАР      
    Акан халқи Гана республикасида миллий кўпчиликни ташкил этади ва мамлакат бошқарувида ҳам муҳим ўринга эга. Бу халқларда ҳам матриархат анъаналари ҳукмрон. Барча жабҳаларда аёллар фикри бирламчи аҳамиятга эга. Сиёсат ва ижтимоий фаолият эркаклар учун бизнес. Улар ўз оналари, опа сингиллари ва қизларидан кўп молиявий ёрдам олишади.

                         БРИБРЛАР


13 минг нафарлик мазкур экзотик қабила Коста-Риканинг Панама билан чегараддош ҳудудида умргузаронлик қилади. Уларни “таламанкалар” деб ҳам аташади. Брибрларда пул деярли ишлатилмайди. Чунки улар ўзаро маҳсулот айрибошлаш орқали ҳаётий эҳтиёжларини таъминлаб борадилар. Бир олилада 25-30 нафаргача одам яшайди ва уларга Она бошчилик қилади. Улардаги муҳим диний маросимларида фойдаланадиган какао тайёрлаш ҳуқуқи ҳам аёлларда.

НАГОВИСИ

Наговиси халқи Папуа-Янги Гвинеянинг Бугенвиль оролларида яшайди. Аёллар барча мулклар эгаси, диний маросимларнинг бошқарувчиси. Уларда никоҳ деган тушунчасининг ўзи йўқ. Аёл қай бир эркакни боқса, қорнини тўйдирса, улар бир оила саналади. Бордию ўша эркакка бошқа бир манзилда, бошқа бир аёл томонидан “ғамхўрлик” қилина бошланса, бу қонуний ажралишни ифода этади.      



           

СОҲИР ТОНГЛАР



Хушбахт маконларда тириклик тошар,
Дилдан беиз тушдек ёйилар ғамлар.
Бугундан барокот топмоққа шошар,
Офтобдан илгари турган Одамлар!

Тоғдан баланд кўкси осмонга туташ,
Лафзни юксакда кўрган одамлар!
Ғайрат, шижоати хирмонга туташ,
Офтобдан илгари турган Одамлар!

Бир нақли – бир китоб! Сўзи озода,
Муҳаббатга меҳроб кўзи озода,
Имони, ҳам ризқу рўзи озода,
Офтобдан илгари турган Одамлар!

Меҳмонига интиқ тўрда жойи тахт,
Юзи каби иссиқ нону чойи тахт,
Қозонларга сиғмас оши, мойи тахт,
Офтобдан илгари турган Одамлар!

Саришта ҳовлига тушмай гарду чанг,
Дарбоза овози – янги кунга бонг!
Ғафлатни ғафлатда қолдирар ҳар тонг,
Офтобдан илгари турган Одамлар!

Не топса, барини тўйларга атар,
“Болам” деб, бой бўлиб юрган одамлар!
Офтобни уйига кузатиб, қайтар,
Офтобдан илгари турган Одамлар!




                                                                                    Муслим МИРЗАЖОНОВ

ҲАЗИЛТЕПА

***
ДОНОлик қилгандан кўра, ДОНОРлик қил, ҳар томонлама фойда!

***
-“Алиф” денг, ўғлим!
-Нима, мени “алиф” билан “калтак”ни фарқига бормайди, деб ўйлаяпсизми, устоз??

***
-Ўртоқ, калланг борми?
-Бор! Нечи кило тортай?

***
-Исминг нима, оғайни?
-Нимайди?
-Танишганимдан хурсандман! 

***
Учрашувда.
Қиз: Ўзингиздан қолар гап йўқ. Ҳаммада ҳам камчилик бор.
Йигит: Қанақа камчилигингиз бор?
Қиз: Шу...характерим оғир...
Йигит: Йўғе...тахминан нечи кило чиқади???

***
Яна ўша учрашувда:
Йигит: Насиб қилса, тўйни данғиллатиб қиламиз. Озоду Озодалар навбат пойлайди. Ўртакаш Ургант. Дежурний Эминем. Даврани африкалик шомонлар ўз довулларини билан очиб беради. Хуллас, Дода тўй бўлади.
ҚИЗ: О,о,о! Қандай соз. Ҳимматингизни чеки йўқ, шаҳзодам!
ЙИГИТ: Нега энди? Чек ёзиб берайми ишонишинг учун?!

***
-Ғалаба дегин-чи!
-...нима ...ба?
-Воййй, она тилингни унутиб қўйдингми, питбўлчи болам?!

***
Футболни яхши курмайсиз?! Унда ё кўзингизда муаммо бор ёки футболдан олдин яшагансиз...

***
АҚШда солиқ ва ўлимдан, Тошкентда солиқ, ўлим ва ЯМАлардан қочиб қутулиб бўлмайди. 

***
Кетаверади, кетаверади, орқа-олдига қарамайди. Эски топишмоқнинг янги жавоби: ДОЛЛАР $

 ***
Бизнинг футболчиларда на маҳорат бор, на таҳорат!

***
Сув истеъмол қилсанг, майли, суиистеъмол қилма-да, барака топгур!


***
География дарсида ўқитувчи ўқувчиларидан сўради:
-Хўш болажонлар, ким айтади, уммонлар сони нечта?
Ҳамма болакайлар бирваракайига қўл кўтаришди. Ўқитувчи ўтган дарсни болалар жуда аъло ўзлаштирганидан хурсанд бўлиб, биринчи қўл кўтарган ўқувчини турғазди.
-Устоз, 3 та уммон бор.
-Йўғе, қани, санаб берчи...
-Зоҳид, Жасур, Шоҳрух!

                                                  ДАВОМИ БЎПҚОЛАР...




четверг, 20 августа 2015 г.

ЖОНСИЗ БУЮМЛАР БИЛАН АНТИҚА НИКОҲЛАР

Тасаввур қилинг, сиз Франциядаги машҳур Эйфель минораси олдидасиз. Бир аёл ўзини сизга таништирар экан, минорани кўрсатиб, унинг совуқ темирларини силаб, “Бу менинг турмуш ўртоғим”, деди. Сиз уни ё хазил қилаяпти деб ўйласиз , ё ақли ноқис одамга чиқарасиз. Аслида эса бу айни ҳақиқат.
          
Эйфель минораси билан никоҳ.
АҚШлик собиқ ҳарбий хизматчи аёл ўзига рамзий “қайлиқ” сифатида Франциядаги машҳур Эйфель минорасини танлайди. 2007 йилда, бир неча гувоҳлар кўз ўнгида, Эйфелга мангу муҳаббатини изхор қилиб, совуқ металларини ўпди ва унга турмушга чиқди.  Шунингдек, хоним ўз исми-шарифини  Эрик Ля Тур Эйфель деб ўзгартирди.


    Америкалик хонимнинг француз металига муҳаббати абадий бўладими-йўқми, бир нарса дейиш қийин. Чунки, Сан-Францискода туриб, минглаб километр узоқликдаги Эйфелни “севиш” ва у билан эр-хотинлик муносабатлари масаласи, шунчаки ақлга сиғмайди.

Ёстиққа уйланди
         2010 йилнинг баҳорида кореялик Ли Жин-кью ўз ёстиғининг “қўлини сўради”.  Ёстиқ жавоб бермади, аммо Ли “Сукут—аломати ризо” дея, унга уйланди.


Айтиш керакки, бундай ёстиқлар (“дакимакура”)  Шарқий Осиё мамлакатларида анча машхур. Ли “ёстиқ хоним”га Фейт Тестаросса номли персонаж тасвири туширилди. Маросимда “икки ёш”ни маҳаллий руҳоний никоҳлаган.  Албатта, бу ахмоқона никоҳни Джин-кьюнинг қариндошлари қораламоқдалар ва уларнинг “ажралиш”ларидан умидвор.  
        
Берлин деворига турмушга чиқди
1979 йилда 25 ёшли “қари қиз” Эйя Рита икки Германияни ажратиб турган Берлин деворига турмушга чиқади ва ўз шарифини Берлинер-Мауэр деб ўзгартиради. Маълум бўлишича, Эйя Рита деворни болалигдаёқ “ёқтириб қолган” ва бир неча йил Берлинга келиш учун пул йиғади.
Орадан 10 йил ўтиб, Берлин девори қулади ва швед хоними “бева қолди”. Бироқ, “эри”нинг “хотира”сини “абадийлаштириш” мақсадида ўз уйи яқинида Берлин девори макетини ўрнатди. 



Компьютер ўйини персонажига уйланди
2010 йилнинг ноябрь ойида Саи9000 номи билан танилган япониялик йигит “Лов плюс” виртуал ўйининг қаҳрамонларидан бири Нене Анегасакига уйланди.  Никоҳ тўйи Гуам оролларида бўлиб ўтди. Сабаби у ерда нафақат жонсиз буюмлар, балки хаёлий қаҳрамонлар билан ҳам турмуш қуриш мумкин.
Японияликнинг “хотини” бўлган Саи «Нинтендо DSi LL/XL» гаджетида яшайди.  Яъни у чўнтак “Нинтенто”нинг энг йирик экранлиси. Ёзишларича, ўтган йилларда ёшлар орасида “Лов плюс” қаҳрамонлари бўлган қизларга “уйланиш” эпидемияси тарқалган.



 ҚИССАДАН ХИССА


Ҳар кимнинг ҳаёти ўз қўлида. Бироқ инсоний анъаналарга содиқ қолиш барча даврларнинг ҳам мутлоқ ҳақиқати эканини унутмаслик лозим. 

понедельник, 3 августа 2015 г.

“Селфипараст этдинг мани...”

(Охирги икки-уч йил ичида эпидемия мисол кенг тарқаган “селфипарастлик”дан илҳомланиб, бир нимарса қоралаб эдим. Каму кўстига роза бўласиз!)

Бу кун кангулда не мурод, гурлар гумонлар гулхани,
Айтгин, нечун, «дилифоним», селфипараст этдинг мани?

Қаён борсам, телбавордек селфига ракурс изладим,
Топсам, яйрар тану жоним, селфипараст этдинг мани.

Юриб тушдим, туриб тушдим, ҳар мақомга йўрғалабон,
Қолмади ҳеч бир имконим, селфипараст этдинг мани.

Тўю тўйчиқ, маракалар, азаларда ҳеч тинмадим,
“Селфия”га тўла оним, селфипараст этдинг мани.

Питболчими, машшоқми у, шоиру хофиз мубтало,
Воҳ, не дардга тўлди қоним, селфипараст этдинг мани.

Йўлда тушдим, рулда тушдим, сўнг ГАИда қўлга тушдим,
Куйди роса хону моним, селфипараст этинг мани.

Ошпаз тушар шўрва бирлан, гадо тушар тўрва бирлан,
Сочдин бошлаб то товоним, селфипараст этдинг мани.

Уч савдои темир йўлда селфи чоғи хазон бўлди,
Шокка тушди Ҳиндистоним, селфипараст этдинг мани.

Бу не савдо, бу не ҳасрат, кечмоққа борму чоралар,
Эй, айфону смартфоним, селфипараст этдинг мани.

Тоғу тошлар ҳамроҳ ўлди, қолмади ҳеч касу нокас,
Холим расво, ярим ноним, селфипараст этдинг мани.

Аё, Муслим, бу дардимни еткур ўшал “ишқ ахли”га,
Ойда тушсам йўқ армоним, селфипараст этдинг мани.