суббота, 23 января 2016 г.

ФЛАГМЕН ВАСВАСАСИ


Маркетологлар шундай пиар қилишдики, бугун одамлар оммавий равишда энг қиммат, энг сўнги смартфон моделларини сотиб олиш истаги билан ёнмоқда. Ҳа, бу рост. Айрим мамлакатларда янги смартфонлар учун томдан ташлаётганларни ҳам учратаяпмиз. Бу ҳам бир касалликнинг янги тури-да.

Бироқ, аслида, ўша қимматбаҳо телефонларсиз ҳам яшаш мумкинлигини барчамиз яхши биламиз. Ҳар ҳолда одамзод шу пайтгача “ақлли” матоҳларга ошно бўлмаган. Агар сизни ҳам ана шундай брендларга ишқивозлик касаллиги қийнаётган бўлса, асло куйинманг. Юракка оғир олиб, дард ортириб олманг тағин. Ҳозир сизга қимматбаҳо смартфон-флагменларни сотиб олмасликнинг мутахассислар айтган 5 та асосий сабабини келтирамиз. Эринмасангиз, ўқиб кўринг. Фойдаси тегиши, бир оз тинчлантириши мумкин.
1. Қиммат нарх
Албатта, яхши маҳсулот ҳеч қачон арзон бўлмайди. Айниқса, гаджетлар. Янги ва яхшироқ авлоди чиқмагунича смартфон-флагменлар нархи асло арзонламайди. Бренд фирма маҳсулоти ҳамма жойда баланд нархда. Шундай экан, оддий телефон учун катта пул сарфлаб нима қиласиз?!

2. Флагмен технологияларсиз ҳам яшаш мумкин
Бугун ишлаб чиқарувчилар орасида аёвсиз рақобат кечмоқда. Ҳамма компаниялар мегапикселларни ошириш, процессорни янада кучайтириш, аккумулятор қувватига қувват қўшиш “пойга”сида қатнашмоқда. Бироқ арзимаган мегапикселларсиз, телефон қуввати ўша қиммат моделдан ярим соатга камроқ бўлса, ҳаёт тўхтаб қоладими? Йўқ, албатта. Бугун чираниб, кучли хоҳиш истаклар турткиси билан қўлга киритганингиз абадий қолмаслигини биларсиз балки!? Ишонмасангиз, смартфонингизни “акаси”, яъни бир йилгина аввал ишлаб чиқарилган модель билан солиштириб кўринг:
Процессор икки марта кучлироқми? Қурилманинг тезлигига унга боғлиқ эмас. Муҳими, операцион тизимининг оптималлаштирилиши.
Камера мегапиксели каттароқ эканми? Ишонинг, бу ерда деталлаштиришда фарқ бор холос. Аммо тасвирлар сифатида жуда катта фарқ бўлмайди. Мегапиксель қанча катта бўлса, унинг тасвиридаги шовқин ҳам шунча кучаяди. Бунда муҳими матрицанинг ўлчамидир. Қанча катта бўлса, шунча яхши.
Оператив хотира 4 ГБгача катталашдими? Android-смартфонларнинг яхши ишлаши, шунингдек, турли ўйинлар, мусиқа, рисолдаги веб-серфинг учун 2 ГБ хотира етарли, аслида. Келинг, яхшиси, смартфон компьютер эмаслигини унутмайлик.
Full HD кўрсаткичли 4К-дисплей? Сал хирароқ бўлса нима қилибди? Юздаги ажинлару хуснбузарлар кўринмаса, кўринбмади-да.

3. Ўртачаси ҳам ёмон эмас
Ҳар нарсада ўртачалик яхши, дейишади. Смартфонингиз йирик, тиниқ, ёрқин экран, бармоқ сканери, металл корпус, яхши камерага эгами? “Оғир” ўйинлар(Asphalt 8, Modern Combat 5)ни ўйнай оладими? Демак, сиз ўртача яхши телефонга эгасиз ва бу етарли. Нархи ҳам қиммат эмас.

4. Флагмендан муддао не?
Кўпчлик одамларнинг сотиб олган сўнги русумдаги қимматбаҳо смартфони турли ижтимоий тармоқлардаги мулоқот, селфи, қўшиқ тинглаш ёки “енгил” ўйинлар ўйнаш учун хизмат қилади. Алал-оқибати шу бўлса, қиммат нархга флагмен смартфон олишдан не наф?
 5. Бугунги флагмен — эртага оддий телефон
Сир эмас, ишлаб чиқарувчи ўз флагменларини йилига бир марта янгилайди. Яъни сиз яқинда сотиб олган смартфонингиз тез “қарийди” ёки кейингиси чиқарилиши билан “эски модель”га айланади. Бу бор гап. Лекин унинг техник тавсифида кўп ҳам ўзгариш бўлмайди. Замон билан ҳамиша ҳамқадам юрувчилар “эски” деган нисбатни кўтара олмай, доим янгисига интилади. Бу истакни ишлаб чиқарувчилар аввалданоқ яхши билишади. Йилига янги маҳсулот чиқариш орқали эса “истак қуллари”нинг чўнтакларини боплаб шилиб олишади.

“Лирик” чекиниш
Яқинда News.com.au сайти TNS компаниясининг 16 ёшдан 30 ёшгача бўлган одамлар орасида Австралияда ўтказган тадқиқоти натижаларини эълон қилди. Унда ёзилишича, смартфон фойдаланувчилари умумий ҳисобда йилига 49 кун ўз севимли гаджети билан мулоқот қилар экан. Шунингдек, кунига ўртача 3,2 соат вақтини қурилма экранига термулиб ўтказади.

Экпертларнинг ҳисоб-китобига кўра, телефон фойдаланувчиси кунига 150 марта экранга қарайди. 63 фоиз “смартфон-бандалари” ижтимоий тармоқлардаги хабарлар лентасини кузатса, 50 фоизга яқини турли видеороликларни кўради. Маълум бўлишича, замонавий смартфонларга 60 тадан 70 тагача иловалар ўрнатилган бўлса-да, шулардан, нари борса, 10 таси фаол ишлатилади, холос.
Қиссадан ҳисса

Телефон дегани, унутмангки, биринчи галда, оддий алоқа воситаси. “Энг сўнгиси” кетидан қувмай, ҳозиргисига ҳам қаноат қилиш мумукин. Ва юқорида таъкидланган сабаблар вазиятни ойдинлаштириб олиш учун етарли, деб умид қиламиз. Ўзбекча қилиб айтганда, кўп ҳам нафсингизга эрк бермай, кўрпага қараб, оёқ узатаверинг, кам бўлмайсиз!

воскресенье, 10 января 2016 г.

ЧАҚМОҚ

Кимдир Устозни "отангдан улуғ" деса, яна кимдир ҳарф талашиб "Отангдай улуғ" деб тўғрилаб гапиришга уринади. Майли-да, отаданми, отадайми, муҳими, Унинг улуғлиги ва азизлиги. Қолаверса, устознинг чин устозлиги Унинг фалончи-пистончи, яна писмадончилар менинг шогирдларим", деб мақтангани билан эмас, балки шогирдларнинг "Фалончи менинг устозим" дегани билан ҳам белгиланса ажаб эмас.

"Ёшлар" радиоси жамоаси (2012 йил, 30 август)

10 январь. 23 ёшимгача бу сана падари бузуркворимнинг туғилган куни сифатида мен учун аҳамиятли эди. 2007 йилда “Ёшлар” радиосига ишга кирганимдан бошлаб, бу сана янада муҳим кунга айланди. Чунки айнан шу санада бағрикенг инсон, билганини билдиришдан, билмаганини ўрганишда асло толмайдиган, менга кўп ёрдами теккан Ахрорбек Қўшматов(ЧАҚМОҚ) ҳам туғилган экан.

"Салом, ёшлар" кўрсатувини ёзиш аввалида (2012 йил, 13 ноябрь)

У инсонни бағрикенг дедим. Бу шунчаки айтилиши керак бўлгани учун ҳам ишлатилган таъриф эмас. Ахрор акани яқиндан билганларнинг барчасидан сўранг, буни тасдиқлашади. Радиода ишлаб юрган кезлари ёнида доим ёшлар, янги ишга келганлар бўларди. Уларнинг ёнига Республикамизнинг қарийб барча вилоятларидан шогирд бўламан, радиобошловчи бўламан, деб кўп ёшлар келган ва уларнинг барчасига қўлдан келган беғараз ёрдамини берган. Мен шахсан ўзим гувоҳман.


Уни экран орқали кўрганлар ҳаётда ҳам шунақа бақириб гапирадими, деб кўп сўрашади ёқтирмасликларини айтмоқчи бўлгандек. Йўқ. Ҳаётда жуда оғир-босиқ, бироқ қувноқ, камтар, дунёқараши кенг инсон. Дунё сиёсати, кино, тарих сохасида яхши билимган эга. Айниқса, Соҳибқирон Амир Темур бобомизнинг ҳаёти ва фаолиятини жуда чуқур ўрганган ва ҳатто бемалол тарихчилари билан беллаша олади, ишонинг. “Ёшлар” радиосида Соҳибқирон ҳазратлари ҳақида кўп қисмли радиосериал тайёрлаган. Радиода узоқ йиллар “Имкон-шоу”ни олиб борган. Қоплаб хатлар келарди. Бир ҳафтадан ҳаммасини ўқиб чиқишга улгурмасдик. Эсимда, дастур учун баъзан ишхонада тонггача ижод қилардик. Анонслар, роликлар тайёрлардик. Буларнинг барчаси мен учун мактаб.

Устоз-шогирд.

Бугун дадамга нисбатан қалбимда қандай яхши ният ва эзгу истакларим бўлса, устозим Ахрорбек Қўшматовга ҳам худди шундай тикларим бор. Айни кез жуда тақчил бўлган самимийлик, камтарлик, ҳалоллик, виждонилилик, салоҳият, оқибат ва бағрикенглик фазилатлари бизга ҳам юқсин. Айтарга гап кўп, кўмир оз, деганларидек, сўзни мухтасар қилсам: Сиздек ҳалол ва имонли инсонлар кўпайсин!


среда, 6 января 2016 г.

ХОТИНЖОННИНГ "ФАРМОНИ"


Ҳаёт—қизиқ! Баъзида,
кутмаганинг бўларкан.
Тақдир ҳатто жимгина, 
устингдан ҳам куларкан.

Ҳаммасин кўраркансан,
Омон бўлса тану жон.
Бир кечада ўзгарди, 
Қўйдек ювош хотинжон.

Рўзғор каму кўстига, 
Илгари “ғинг” демасди.
Борига шукр қилиб, 
ҳатто гўшт ҳам емасди.

Бечора бир кўйлакни, 
Йиртилгунча киярди.
“Янги ол”, деб пул берсам, 
Олмай йиғиб қўярди.

Меҳнатдан-ку, ҳеч қочмас, 
Қуёш чиқмай турарди.
Уям майли, ёзу қиш
бир калишда юрарди.

















Гоҳ-гоҳида сиқилиб,
Жиндек ичиб келардим.
Эрлигим тутиб, уни 
тупроққа ҳам белардим.

Футбол фанати каби 
Кўзин ости қизил-кўк.
Шунча калтак еса ҳам
“Кетаман”, демасди лек.

Уй-рўзғор, бола-чақа,
Борига “шукр” дерди,
Ўйлардим: “Менга тегиб, 
хотиним нима кўрди...”























Аммо у хурсанд бўлсин 
Мендек йигитга хотин.
Ҳеҳ, қанча нозаниннинг 
Тилидан тушмас отим.

Ишим йўқ кун кечгача 
Кино кўриб ётардим.
Ивирсиб жонга тегса, 
Коса-товоқ отардим.

Хуллас, энди дўстларим, 
муддаога ўтайин.
Тарих эмас, кечаги 
воқеани айтайин.

Ишхона—мажлисхона:
Бурга тепса ҳам мажлис. 
Айб қилган бошқалар,
Бўкиб дакки еган биз.

Бу гал ҳам шундай бўлди: 
Мажлисдан бўкиб қайтдим.
Тўрт соат тик қилганни 
уйгача сўкиб қайтдим.

Уйга кирсам, хотиним 
бир сериалга андармон.
Қараш ҳам кўз учида, 
Саломга койитмас жон.

Қон қайнаб, қўлимдаги 
сумкани отдим унга.
Чап бериб, улоқтирди 
телефонини менга.

Кутилмаган бу зарба
пешонам ғурра қилди.
Хушим учиб бошимдан,
чуқур нокаут бўлдим.

Кўзим очсам, тепамда 
“герой” хотин турарди.
“Шу холинг бор эканку”, 
деб устимдан куларди.

Бу гаплардан тутоқиб, 
хотинимга ташландим.
Остин-устун бўлиб уй
янги раунд бошланди.

Хотин писмиқ, негадир, 
нуқул бокс кўрарди.
Улардан ўрганибми, 
Айлантириб урарди.

Ичиб, чекиб юрганим 
Шу нуқтада панд берди.
Оқ рўмолчам силкитиб, 
хотинимга тан бердим.























Сўнг столга ўтирдим, 
У маъруза бошлади.
Енг шимариб, ёнимга
катта қоғоз ташлади:

“Бу нарсалар рўйхати! 
Бугундан тартиб шундай:
Янги музлатгич олиб, 
тўлдириб қўйинг бундай!

Кир-чир ювиб чиридим, 
Кирмошина топасиз.
Энди бозор-ўчарга 
Сиз—ўзингиз чопасиз!

Хўш, яна сизга айтсам,
Кийим керак уч сидра.
Кейин парфюмерия: 
лок, упа, атир, пудра..

Қолаверса, ҳар шанба 
ресторанга борамиз.
Сўнг театр, камига 
кино-пино кўрамиз.

Сизга айтсам, бу рўйхат: 
Мендаги минг йиллик дард:
Ҳар йил бир бор чет элда 
дам олиш зарур ва шарт!

Кейин, пиёда юриб, 
мадорим ҳам қолмади.
Ишхонамда биргина
мен машина олмадим.


















Сизга айтсам, бу ҳаёт
ҳиқилдоғимга етди.
Ижарада кун кўриш 
жонимга тегиб кетди.

Камида икки хона
Ёки ховли оласиз.
Агар шундай бўлмаса, 
Сиз кўчада қоласиз!

Ҳа, айтганча, ойликни 
баҳона қилманг яна.
Қачон, қанча оласиз, 
қизиқтирмас мояна...”

У гапларин тугатгач, 
Рўйхатни қўлга олдим.
Сўнгра парча-парчалаб, 
юзига қараб отдим.

Бундан жахлга миниб,
тарсаки тортди юзимга.
Тарсакининг зарбидан
дарров келдим ўзимга.

“Хой, дадаси, уйғонинг,
қўрқитманг, нима бўлди? 
Яшимисиз ишқилиб, 
духтирга хабар қилдим...”

“Ҳа, хотинжон, яхшиман!
Бахтимга тушим экан.
Аслида, бу туш эмас, 
бўлди мисли бир тикан...”

Шундай қилиб, қўрқинчи 
туш кўрдим чекиб заҳмат,
Айланайин хотинжон, 
Уйғотганингга раҳмат!!!

вторник, 5 января 2016 г.

МА-ОШ ҲАҚИДА БАЛЛАДА

Тонгдан хотин аридек,
Ғўнғирлар бир нима деб.
"Концерти" тугар балки, 
Мендан калтак-палтак еб.

Кўз очмоққа хоҳиш йўқ,
Хоҳиш бўлса, йўқ мадор. 
Қулоқ қимирлатмоққа,
Холим йўқ, ўчган матор.

Кайфиятиям кийилиб,
Эзилган калиш мисол.
Белимдан қувват қочган, 
Қирққа кирмай, бўлдим чол.

Ҳолим кўрим хотиним,
Чой-пой қилди, югуриб.
Қорин оч, лек иштаха, 
Ўлган кучли ток уриб.

Э, нодон, бу иштаха
Балки кетган бош олиб? 
Шунақанги ейсан-а
Турса дастурхон тўлиб.

Кўнгилга қил сиғмайди,
Мия ғовлар, тирриқ таъб.
Кимларнидир тик қилиб,
Cўкким келар бўралаб...

Бечора хотин бўлса,
Тилдан қўймас узрни.
Бир оз чалғийман дея,
Қўйдим телевизорни.

Қайда, уям бефойда,
Нуқул “динғир-динғир”-а!
Қай бирига ўтмайин,
Бир-хил “минғир-минғир”-а!

Нажот истаб, дўстларнинг
Рақамини тераман.
“Мана ман”, деганидан
Ёрдам сўраб кўраман.

Хурсанд бўлиб, булбул қиз
Сайраб, асабни ейди.
“Кечирасиз, ҳисобда
Маблағингиз кам”, дейди.

“Дард устига чипқон” бу,
Йиғлайинми, кулайми?
Ёки бор аламимни 
Хотинимдан олайми?

Йўқ-йўқ, бундай тилакнинг 
Эллик грамм давоси.
Дарддан тўлган юракнинг
Янгиланар ҳавоси.

Оқил фикр куч бериб,
Мисли қушдек учаман.
Ошхонадаги оппоқ,
Музлатгични қучаман...

Дилда минг бир хаяжон,
Томоқ бўлса, тақиллар.
Меҳримдан қувват олиб,
Музлатгич ҳам шақиллар.


Тамшаниб, аста очсам,
Турар бўм-бўш, хувиллаб.
Ўлжаси йўқ бўридек,
Юбораман увиллаб.

Бош айланиб, кўз олдим,
Қоп қора тутун бўлди.
Умидсиз ва мажолсиз,
Ерга ўтириб қолдим.

Бир пайт ўнг оёғим,
Қалтирайди ўзгача.
Баъзўр чидаб турибман,
“Тўхтайман”, демас ҳеч-а!

Охири чидай олмай,
Пайпаслаб кўрдим аста.
Билсам, у чўнтакдаги
Телефон-вибрация.

Қарасам, ишхонамдан,
Ҳеч гаплашгим келмади.
Қайта-қайта қўнғироқ,
Кўтармасам бўлмади.

Касалга солиб жиндай,
Салом бердим, амаллаб.
Деди: “Ака, кечиринг,
Безор қилдим сахарлаб.

Ҳозиргина эшитдим:
Суюнчини тайёрланг!
Бугун байрам, кечгача
Шиша билан бўлар жанг!”

Дедим: “Ука, мазам йўқ,
Бу сафар мен захира.
Шамолладим шекилли,
Жангга холим йўқ сира!”

“Майли, ака, омонлик,
Муродингизга етинг!
Ҳа айтганча, кассадан 
Ойликни ола кетинг!”

Ойлик деган каломдан,
Кўзлар мошдек очилди.
Танамга танда қурган,
Дардлар ҳар ён сочилди...