вторник, 27 сентября 2016 г.

ФОТОИЖОД

Суратга тушуриш мен ёқтирган севимли машғулотлардан бири. Қўлимда фотоаппарат бўлса, кўзим илғаган ҳолатларни суратга олишга ҳаракат қиламан. Жуда чиройли, профессионал даражада суратга тушираман, дея олмайман. Шу сабаб шунчаки ҳаваскорона уриниш, дейиш мақсадга мувофиқ.

Жорий йилнинг 24-25 сентябр кунлари Тошкент вилоятига пахта териш учун ҳашарга бордик. Ўзим билан фотоаппарат ҳам олгандим. Мазкур расмлар ўша кундан эсдалик. 
АНҲОР БЎЙИДА...

ҚИШЛОҚНИНГ БЕҒУБОР БОЛАСИ...


БЕШЧАНОҚ

БИЗНИНГ ҲИРМОН

среда, 10 августа 2016 г.

ПОЛЬ ИСМЛИ "ТУЛПОР" ҲАҚИДА АФСОНА



Бу ердан ҳийла узоқ маконда Алекс исмли ковбой-фермер яшарди. У ўз минтақасида донгдор, чопқир ва музаффар тулпорлар эгаси сифатида ном қозонганди. Ковбой Алекс ёш, асов тулпорларни харид қилиб, пойгаларга тайёрларди ва улар билан кўп мусобақаларда ғолиб чиқарди.

Ковбой Алекс кучга тўлган, оёғи қувватга бой учқур тулпорларини уни сотиб олиш истагини билдирган пойгачи фермерларга катта миқдордаги пулга сотиб юборарди. Орадан икки-уч йил ўтиб, ҳудди ўшандек сара тулпорлар етиштирарди.

Бир куни Алекс қўшни қишлоққа бориб, қоп-қора тойчоқни кўриб қолади. Унинг исми Поль эди. Алекс Полнинг туёқлари ва жуссасини кўриб, унинг келажакда яхши пойгачи тулпор бўлишига амин бўлди. Шундан сўнг, қора тойчоқни эгасидан сотиб олиб, ўз фермасига келтирди ва тойчоқлар тўдасига қўшиб қўйди.  Ўз тенгқурлари ичида ажралиб турувчи Поль тез ўса бошлади. Тойчоқларнинг яйловдаги пойгаларида у зафар қучарди. Орадан кўп вақт ўтмай, Алекс баланд бўйли, бақувват, аммо ёш тойчоқ Полни катта тулпорлар қўрасига ўтқазди. Пойгаларга тайёрлади. Поль қишлоқдаги кичик-кичик мусобақаларда, умумий гуруҳда қатнашиб юради.

Анча кексайиб қолган ковбой Алекснинг негадир Полга эътибори суст эди. Балки қариянинг кўзи Пол, Уэйн, Райан, Луиш, Хавиер сингари учқур пойгачи тулпорларга қамашгандир?! Ҳар ҳолда Полнинг келажаги ҳақида кўп ҳам ўйламай қўйганди. Ўзи умуман сўнгги йилларда кекса Алекснинг тулпорлари катта мусобақалардаги ғалабалар сони камайиб кетганди.


Шундай қилиб, қора тойчоқ Поль бундай эътиборсизликдан ранжиб, фермадан қочиб кетишга қарор қилди. Кунларнинг бирида у қўшни қишлоққа кетиб қолди. Алекс эса унинг йўқолиб қолганини билса-да, қаттиқ қайғуга тушмади, эътибор ҳам қилмади.

Аламзада Поль қўшни қишлоқда номи чиққан кекса синьоранинг фермасидан қўним топди. У ерда Полга жуда катта эътибор беришди, меҳр-муҳаббатларини аяшмади. Уни катта тулпорлар билан бирга йирик мусобақаларга тайёрлашди. Поль бу ерда ҳар томонлама улғайди, кучга тўлди. Номи қўшни қишлоқларгача етиб борди. Уни харид қилишни истаганлар сони ортиб борди.    

Бу шов-шувлар, албатта, қария Алекснинг ҳам қулоғига етиб борди. Аммо у мағрур эди. Бунга эътибор қилмасликка ҳаракат қиларди. Ахир у кимсан ковбой Алекс. Хоҳласа, бундай тулпорлардан яна қанча-қанчасини тайёлаши мумкин.

Поль доим тойлик йиллари ўтган фермани соғинарди, қайтгиси келарди ва ҳаммага қандай кучли тулпор бўлганини кўрсатгиси келарди. Бироқ унга кекса синьора фермасида ҳамма нарса етарли эди: ем-ҳашак, алоҳида қўра, меҳр-эътибор...
        
Алекс анча қартайиб қолганди. Энди аввалгидек қуввати йўқ эди. Фермадан кетиб, тинч-осуда кексалик гаштини суришни истарди. Бироқ ўрнига ким тулпорларни парвариш қилишини ўйлаб, эзиларди. Кетишидан аввал ўз тулпорлари билан маҳаллий мусобақада иштирок этиб, биринчи ўринни қўлга киритди. Яна унинг ҳурмати ошди. Шу чоғда, ҳурмат борида фермани тарк этишга қарор қилди. Ўз ўрнига Девид исмли ковбойни чақиришларини маслаҳат бериб, “У менинг зафарли йўлимни давом эттиришига ишонаман”, деди. Шундай қилиб, афсонавий ковбой Алекс узоқ йиллик фаолиятдан сўнг, фермадан нафақага чиқди ва ўрнига у айтган Девид келди.

Айтиш керакки, Девиднинг фермада ишлари юришмади. Чунки машҳур кекса Алекснинг ишини унинг даражасида юргизиш қийин ва кўп вақт талаб қиларди. Ана шу кучли босим ва масъулият юки Девидга оғирлик қилди. Маҳаллий мусобақаларда Алекснинг музаффар тулпорлари билан ғалаб қозона олмади.

Ферма эгалари эса бундай муваффақиятсизликдан сўнг унга ишонмай, хатто вақт ҳам бермай, ишдан озод этди. Унинг ўрнига нариги қишлоқда тулпорлари билан кўп пойга мусобақаларда ғолиб чиққан Луи исмли олифта ковбойни ишга чақирди. 
          
Пўрим йигит Луи жуда хотиржам равишда ўз фалсафий қарашлари билан фермага янги об-ҳаво олиб киришга ҳаракат қилди. Қўшни фермалардан учқур тулпорлар ҳарид қилди ва шу йўл билан пойгаларда ғолиб чиқиб, ферманинг аввалги нуфузини қайтаришга астойдил ҳаракат қилди. Луи қўшни фермада айни кучга тўлган Полни ҳам сотиб олишга уринди. Бироқ кекса синьора Поль қайтишни ич-ичидан хоҳлаётган бўлса-да, қўйиб юбормади.

Луининг пойгалардаги натижалари ферма эгаларини қониқтирмади ва шу боис, уни ишдан бўшатмай туриб, бошқа ковбой қидиришга тушди. Улар бир неча ойдан бери ишсиз юрган Жозе исмли қайсар ковбойни мўлжал қилишарди.

Жозе чиндан ҳам жуда оғир табиатли инсон эди. Фақат ўз ҳисоб-китоби, ўз фикри билан иш кўрарди. Бу кўпчликка ёқмаса-да, аммо у пойгаларнинг доимий ғолиби эди. Кўплаб қишлоқ фермаларида ишлаб, тулпорлари билан муваффақиятга эришган кеккайма Жозенинг ўзи ҳам шу донгдор фермага нисбатан айрича муҳаббати борлиги инкор қилмасди.            

Ферма эгалари “олифта файласуф” Луига қилган хизматлари учун раҳмат айтиб, камига қилмаган ишлари учун ҳам товон пули тўлаб, ишдан озод қилишади. Унинг ўрнини узоқ кутилган ковбой Жозе эгаллайди. 

“Мен доим бу ферма билан ўзимда қандайдир боғлиқлик сезардим. Қачондир афсонавий ковбой Алекснинг ўрнини эгаллашимни ўйламаган бўлсам-да, хаёлимнинг қайсидир қисмидан бу фикр зарралик чақиндек ўчиб ёнганини инкор қила олмайман”, деди ўзини “Биринчи рақамли ковбой” деб атовчи “камтаргина” Жозе.

Шундай қилиб, у ўзи қатнашмоқчи бўлган барча пойга ва мусобақаларда ғолиб чиқиш орқали ферманинг нурай бошлаган нуфузини тиклашга ваъда берди.

Жамоага ўзи мусобақаларга олиб борган Златан лақабли асов, ёвқур тулпорни, Генрих исмли чаққон пойгачи отни, Эрик исмли қоп-қора ёш тулпорни фермага олиб келди. Ўзига ёқмаган, пойгада умиди кам бўлган эски отларни эса “бозор”га тайёрлаб қўйди...

Полга нима бўлди, дерсиз?  Асов тулпорга Жозенинг ҳам ишқи тушганди. У ферма эгасига “Пойгада ғолиб чиқшимизни истасанг, пулнинг бетига қарамай, менга қора тулпор (Пол)ни олиб кел”, дейди.

Бу пайтда асов тулпор олисдаги яйловларни кезиб, кенг далаларда ҳордиқ чиқариб юрарди. Кўнгли  “биринчи муҳаббати”, яъни эски фермада ва хаёли эса кекса синьора фермаси атрофида кечаётган мулоқотларда эди.
                
Кўпчилик Полнинг сотилишига ишонмаётганди. Бироқ кекса синьоранинг фермаси катта мақсадлар билан Гонсало исмли чопқир тулпорни катта пул (90 млн оврў)га харид қилди.  Албатта, бунча харажатни қоплаш учун “совчи”си кўпайган Полни пуллаш энг мақбул вариант эди. Бир томондан ферма Полнинг эски “уйи”га меҳри бўлакча эканини ва уларга чиндан ҳам яхши пойгачи эканини исботлаш истаги аланга олганини биларди. Жозедек машҳур ковбой чорлаб турган бир пайтда, албатта, асов тулпорнинг хаёли бузилганди.

Узоқ давом этган “барака-барака” савдоларидан сўнг, Поль эски фермасига катта пул эвазига сотилди. У пойгачи отлар тарихидаги энг қиммат (105 млн оврўлик) тулпорга айланди.    

Шундай қилиб, учқур тулпор Поль “Олд Траффорд” қўрасига қайтди. У бу кунларни узоқ кутди, қадрдон фермасида тупроқ чангитишни кўп туш кўрди...

Бундан чексиз қувонган жаноб Жозе “У фермамизнинг келажаги. Унда энг зўр пойгачи от бўлиши имкони бор ва у бу учун кўп меҳнат қилиши керак...”, деди.

Поль эса ўз олдига шундай мақсад қўйди: “Мен яна ўз фермамдаман. Қадрдон фермага қайтганимдан хурсандман. Бу ферма доим юрагимда бўлган. Ковбой Жозе билан ишлашни сабрсизлик билан кутаяпман. Кекса синьора фермасида ажойиб дамларни ўтказдим, жуда кўплаб отлар билан дўстлашдим. Бироқ энди «Олд Траффорд» қўрасига, жонажон охуримга қайтишга қарор қилдим. Бу ерда пойгадаги барча нарсага эришишим мумкин...”

Дайди тулпор яна ўз фермасига қайтди ва мусобақаларни сабрсизлик билан кутмоқда... 

(Муаллиф: Афсонада Умар Момани карикатуралари ва интернетдаги расмлардан фойдаланилди. Айрим ўзим тайёрлаган, ўхшаб-ўхшамаган ўхшатишлару расмлар учун узр!)

понедельник, 27 июня 2016 г.

Ҳа, ҳа, айнан Сизга гапираяпман!

Қўлингиз иккита эмас, оёғингиз ҳам!

Дунёнинг ташвишларини елкага ортиб олгансиз!

Тиним борми ўзи сизда?!

Адолатсизлик билан келишишни нега билмайсиз?
Билганингизда бу касбда юрармидингиз!

Ҳаққингизни ерда қолдирмайсиз! Тўғри қиласиз!

Майдалашиб кетасиз гоҳида. Улканлашганингизда сизга қараб, бўйин оғриб қолади.

Жамиятни термитлардан тозалаб юрасиз! Софлик, покизалик ишқибозисиз! Ўзингиз, кўзингизам тоза.

Номингиз улуғ - супрангиз...(албатта тўлиқ)

Одамларга ўхшаб яшасангиз бўлмайдими? Бўлганда биз сиз билан ҳамкасб бўлмасдик!

Байрамингиз муборак бўлсин, азиз Журналистлар!

вторник, 21 июня 2016 г.

МАҒРУР ОТАХОН

   

                           
Ишдан қайтишда қарийб ҳар куни уйдаги “ошхона хўжайини”нинг буюртмалари битилган СМС-муждаси сабабли ҳарид учун супермаркетга киришга тўғри келади.

Тунов куни ҳам Себзордаги “Sunday” супермаркетига кириб кетаётсам, унинг эшиги яқинида бир неча китобларни ёйиб ўтирган отахонга кўзим тушди. Шошиб турганим учун унча эътибор бермадим.

Иккинчи куни ҳам яна ўша ерда ўтирганди. Аста кетаётиб, ўша отахоннинг бир одамга айтаётган гаплари қулоғимга чалинди: “Дори олишим керак, шунга китоб сотиб ўтирибман”... Хаёлдан отахон ҳақида ҳар турфа фикрлар ўтди. Майли, бу гумонларни айтиш жойиз эмас.

Хуллас, кеча яна супермаркетга кирадиган бўлдим. Борсам, отахон ўз жойида. “Дори учун...”, деган гаплари ўша кунда буён хаёлимда айланиб юрувди. Бир ҳол сўрамоқчи бўлдим. Салом бериб, ёйилган китобларни кўргандек бўлдим.
-Ие, бу китоблар муаллифи ўзингизми?
-Ҳа, ўзим.

Янада ҳам қизиқишим ортди. Шеърлар, насрий асарлар, журналда чоп этилган публицистик материаллар... Танишсам, асли Шинжон(Хитой)лик ўзбек экан. Ҳозирда Тошкентда яшаб, ижод қилар экан.
- Қалай бўлаяпти савдо?
-Ҳа, бир нави...
-Сизда кўпроқ шеър китоб экан. Насрий асарларни бозори чаққон ҳозир...
-Шунақага ўхшайди. Мажбур бўлмаганимда сотибам ўтирмасдим...
-Нега?
-Ўзимни ғурурим сабаб ҳаммасига?
-Тушунмадим...
-Уч ой олдин аварияга учрадим. Водийдан келишда ҳайдовчи ухлаб қолиб, йўл четида турган Камазга бориб урди. Елкам синди, жароҳатландим. Ўшандан бери даволанаман. Насибам бор экан, омон қолдим. Яратганга минг шукр. Ҳайдовчи айбини тан олиб, дори-дармонларимни олиб бераман, деди. Мени ғурурим йўл қўймади. “Йўқ, керак эмас. Ўзимни қурбим етади. Даъвоим йўқ”, деб жўнатвордим. Ишонасизми, инсофи йўқ одам экан. Пулини олмадим, шунга яраша “Отахон, омонмисиз”, деб ҳол сўраб турса бўлади-ку! Тўғрими? Йўқ, у ярамас шу бўйи бадар кетди. Жуда ҳафа бўлдим.
-Нега олмадингиз бераман, деса?
-Эҳ, ўғлим. Мен доим одамларга бериб, ёрдам қилиб ўрганиб қолган эканман. Виждоним йўл қўймади. Бор будим шу дориларга кетаяпти. Мана, энди ҳарна деб китоб сотиб ўтирибман. Жабри ўзимга...

Уни гапларини тинглаб туриб,  қандай муносабат билдиришни ҳам билмадим. Тик оёқда турмай, дедим-да, бетонга ўтирдим. У бир қараб гапларини давом эттирди.
- Одам эртага нима бўлишини билмас экан-да. Шу сотган китобни пулига дори оламан.
- Боя айтганимдек ҳозир кўпроқ насрий асарларга талаб бор. Шеърга камроқ, менимча..
-Уйда насрий асарларим тиқилиб ётибди. Уларам бир нечта китоб бўлади. Сиз нима иш қиласиз?
-Мен журналистман.
-Қаерликсиз?
-Водийлик.
-Биласизми, мен сизга иккита гап айтмоқчиман: Бири шуки: Ҳеч қачон бетонга ўтирманг! Яхши жойларда, яхши курсиларда ўтиринг! Сабабини билдингиз-а? Иккинчиси: Ихчамгина экансиз! Бу гавда динимиз учун айни муддао. Ҳеч қийналмай ибодат қила олиш имконига эга экансиз! Бундан фахрланинг! Буни айтишни Худо дилимга солди. Ҳар биримиз Яратганнинг гапларини етказувчи воситалармиз!

Бетонга ўтирса, заҳ ўтишини билардим, лекин ихчам жуссам ҳақида, рости, бунақа фикр ўтмаганди. Тўғри гап учун ундан миннатдор бўлдим.

-Раҳмат, яхши фикрларингиз учун. Агар, йўқ демасангиз, менга дориларингиз рўйхатини бир кўрсатинг.
Тўғриси, имкониятими жуда тўлиб-тошиб турмаган бўлсам-да, чин дилдан ёрдам бергим бор эди. У эса жилмайиб турди-да, деди.
-Ука, мана шу гапингиз учун ҳам раҳмат. Айтдим-ку, мен ҳеч қачон бировдан бир нарса олмаганман. Шу китобларнинг пулини етказиб турибман. Раҳмат, ўғлим. Майли, жуда ёрдам бергингиз келаётган бўлса, бирорта китобимни ҳарид қила қолинг. Ижодкор экансиз, бошқа сафар сизга албатта текинга бераман, деди.

Мен ўзимча ўйладим. Ўзимни кимлигимни, уни тахминан танишимни айтганим учун ҳам рози бўлмади. Ийманди. Яна ким билсин. Бироқ бир китоб сотиб олдим. Мен сотиб олган китобга дастхат қўйиб, боғланиб туриш учун телефон рақамини ҳам ёзиб берди. 

Буни қоралашимнинг сабаби бор: кимдадир шу қутлуғ, саодат эшиклари очилган Рамазон кунларида САВОБ ОЛИШ умиди бўлса, отахондан бир ҳол сўранг. У инсон ҳар куни Себзордаги «Sunday» супермаркети (“Офтоб” ресторани қаршисидаги) эшиги тагида китоб сотиб ўтиради... 

Бу китоб ўша отахон ҳақида ёзилган. Рақамлари: 98 312-36-39




понедельник, 6 июня 2016 г.

ФАРИШТА (воқеи ҳикоя)


Бир танишим бор: Қобил ака. Исми жисмига мос қобил, билимли ва яхши инсон. Бир нечта хорижий тилларни билади. Суҳбатлашиб, асло зерикмайсан. Жуда одамохун, мулоҳазали ва камтар инсон.
Одатий суҳбатларнинг бирида ўша инсон ўзи билан боғлиқ воқеани гапириб берди. Улуғ Рамазон ойида ибратли ҳикояни сизга илиндим:
“Мен ўзимни жуда омадли ва бахтли инсонман, деб ҳисоблайман. 25 ёшимда Ҳажга бориш насиб этган. Бу ҳам Яратганнинг марҳамати. Ўшанда Ташқи ишлар вазирлигида ишлардим. Ўзбекистонлик ҳожиларни олиб бориш ва олиб келиш билан боғлик ташкилий ишларга мен ва бир ўртоғим жалб қилиндик. Cафарга кетиш олдидан ўртоғим ёнимга келиб, 3-4 ҳажмли фотосуратни бериб, “Ўртоқ, бу бобомнинг расми. Ёшлари 91 да. Илтимос, сафарда уларга ўзинг кўз-қулоқ бўларсан”, деди. Мен “албатта”, дея расмга бир назар ташлаб, кейин чўнтагимга солиб қўйдим.
            Тайёргарликлар ниҳоясига етиб, Улуғ шаҳар сари учдик. Етиб боргач, ҳаммаларини бирма-бир Ўзбекистонликлар терминалидан олиб чиқиб, керакли жойга еткузгинимизча анча қийналдик. Кўп одамни бошқариб, барча расмиятчиликларни тўғрилашнинг ҳам ўзига яраша машаққатлари бор экан. Бу борада тажриба йўқлиги боисми, анча қийналдик, бошларим оғриб кетди. Ўтган икки-уч кун жуда оғир ўтди. Шу боис, бир оз чалғиш ва ҳавони янгилаш мақсадида, аэропорт яқинида айланиб юрдим.
       Теварак-атрофни томоша қилиб, ўткан-кетганларни кузатиб юрсам, четроқдаги ўриндиқда юкларига бошини қўйиб ётган бир одамга кўзим тушди. Бирортаси чарчаб, озгина хордиқ чиқараётгандир-да, деб ўйладим. Яқинроқ боргач, ташқи кўринишидан ўзбекка ўхшади. Ёнига борсам, кўзини юмиб, ухлаб ётибди.  Аста уйғотдим:
-Хой, отахон! Ўзбекмисиз?
 Отахон кўзини очди.
-Ҳа, ўғлим, ўзбекман.
-Туринг, бу ерда нима қилаяпсиз? Гуруҳдан ажраб қопсизу! Юринг, мен сизни ўзбекистонликлар ёнига обориб қўяман.
            Отахонни турғиздим ва энди етакламоқчи бўлдим. Қарасам, юришга ҳоллари йўқдай. Сал наридаги ногиронлар учун аравачани олиб, отахонни унга ўтқаздим ва тўғри Ўзбекистонликлар гуруҳига қўшдим. “Бўпти, отахон, энди гуруҳдан ажраманг”, деб, зиёратчилар орасидаги иккита ёшроқ йигитни чақириб, “Отахонга ёрдам бериб юринглар, ҳамроҳлари йўқ экан, савоб бўлади”, деб, отахонни уларга қолдирдим ва бошқа ишларни битиргани кетдим...
                        **                   **                   ** 
            Мадинаи мунаввара шундай улуғ манзил. У ердаги ҳар бир ишда бир ҳикмат бор. Бунга бир неча маротаба амин бўлдим.
Бир куни зиёртачилар орасидаги отахонлардан бири ҳафахол, хомуш бўлиб, бир нарсалар деб, ғудраниб ўтирибди. Аста ёнига бориб, “Тинчликми, отахон? Нима гап”, дедим. Отахон “Ҳамёнимдаги бор пулимни ё тушириб қўйдим ёки ўғирлатдим”, деди. Мен чўнатгимга қўл солсам, 200 АҚШ доллари илинди. Уни олиб, “Мана, отахон, олинг, ишлатарсиз”, дедим.
Буни кузатиб турган шеригим меҳмонхонага қайтганимиздан сўнг, “Ўзи хизмат сафаридаги озиқ-овқат пуллари тийин-тийинигача ҳисобли бўлса, нима қилардинг бегона одамга бериб”, деди. Мен “Майли, қўявер, кўрдинг-ку шароитларини. Чин дилдан бердим”, дедим. Дўстим эса “э барибир, бекор бердинг”, деди. “Дўстим, бу бекор эмас. Ҳаммаси Яратганни ҳисоб-китоби”, дедим. Шеригим ҳайрат билан “нега” деб сўради. “Биласанми, бу отахон отамнинг синфдош дўсти бўлади, бирга ўқишган. “Ғунча” кинотеатрида контролёр бўлиб ишлаган. Кичкина бола чоғимда кинотеатр ёнида қизиқсиниб, куймаланиб юрганимда, “Ҳой, ўртоғимни ўғли, кел, кинога кирасанми?”, деб, кўпинча мени текинга кинотеатрга киритиб юборарди. Кўрдингми, ҳеч бир нарса ўз-ўзидан эмас. Мана ўша пайтдаги яхшилик бугун қайтди”, дедим. Ўртоғим русча мактабда ўқиган учун, бунақа гапларга ишонмас, тушунмасди ҳам. “Э, барибир, бекор бердинг”, деди. Мен эса бундан фақат хурсанд бўлдим...
**                   **                   **
Ўзбекистонлик зиёратчилар қувайтлик одамга тегишли катта меҳмонхонага жойлашди. Расмиятчилик туфайли, гаплашавериб, меҳмонхона директори билан анча танишиб қолдик. У жуда самимий, камтар, саҳоватли, асл мўмин киши экан. Нархларини ҳам биз учун тушириб берди. Нима керак бўлса, ҳаммасини тўғрилаб берарди. Ишонасизми, ўзи миллиардер, лекин оддий мотоцикл ҳайдарди. Мободо у бу-нарса керак бўлиб қолса, “кетдик” деб мотоциклига ўтирғизиб, ўзи бирга юриб, хожатимизни чиқарарди. Меҳнатдан қочмасди. Қойил қолардик.
**                   **                   **
Муқаддас Каъбатуллоҳни айланиш пайти. Тумонот одам, тиқилинч. Амалларни бажариб, ташқарига чиқдик. Шеригим ранги оқариб, кесилган ҳамёнини кўрсатди. Беш юз АҚШ долларини “уриб” кетишибди. Хонага қайтиб, кўп хуноб бўлди, ўғирлаганни бўралаб сўкди. Мен “Ҳай, ўртоқ, қандай муқаддас жойда эканингни унутдингми? Бўлди, сиқилма. Барибир, энди бундан фойда йўқ. Бир гап бўлар. Менда пул бор-ку” дедим. “Алам қилаяпти, ўзинг яхши биласан-ку шароитимизни”, деди. “Майли, буни шунчаки унут. Бундан бошқа йўл йўқ”, дедим.
Шу пайт дўстим мен отахонга 200 долларни бериб, юборган пайтимда айтган гаплари хаёлимдан ўтди. Сабоқ чиқариши учун дўстимга ана шундай қисмат бўлди, деб ўйладим.
                        **                   **                   **
Ҳа, айтганча, шу орада ўриндиқда ухлаб қолган отахон билан яна кўришиб қолдим. “Отахон қийналмаяпсизми, соғлигиз яхшими”, деб хол сўраб қўйдим.
                        **                   **                   **
Барча маросимлар тугаб, юртга қайтиш вақти бўлди.  Ҳаммани бирма- бир текшириб, самолётга чиқариш бошланди.  Жараённи кузатиб турсам, бир зиёратчи назоратчининг гапини тушунмай, бесаранжом бўлиб турибди. Яқироқ борсам, яна ўша отахон. Олдига бориб, “Отахон у сиздан паспорт сўраяпти”, деб ҳамёнларини очиб, ичидан пасортни олдим ва ичини очиб қарадим. Не кўз билан кўрай-ки, у сафар олдидан ўртоғим “кўз қулоқ бўлиб турарсан”, деб берган расмдаги отахон. Ишларимга чалғиб, расм кўйлакдаги чўнатигимда, Тошкентда қолиб кетган экан. Яратганинг ишларига қойил қолдим...
                        **                   **                   **      
Хуллас, ҳожиларни самолётган чиқариб, Ватанга кузатиб қўйдик. Ўзимиз бир оз шаҳар айланиб, дам олиб, кейинроқ қайтишга қарор қилдик. Қайтар чоғимизда ҳалиги меҳмонхона эгаси иккимизни хонасига чақирди. Кирдик. Ўтирғизиб, кўп яхши гапларни гапирди:
-Иккалангизга катта раҳмат. Зўр йигит экансизлар! Хизматларингизни жуда яхши бажардингиз. Қойил қолдим. Раҳмат сизларга! ИншОллоҳ, катта савобга эга бўлдингиз. Мени сизларга арзимаган туҳфам бор! Шуни қабул қилинглар. Буни чин юракдан бераяпман! Илтимос, қабул қилинглар!
У столидаги тортмадан иккита конверт олиб бизга узатди. Биз ҳайрон бўлиб, раҳмат айтиб чиқиб кетдик. Хонага келиб, конвертни очсак, ичида 600 динор, яъни 1.700 АҚШ долларига тенг пул. Шунда ўртоғимга “Кўрдингми, дўстим, бу ерда ҳеч бир иш шунчаки содир бўлмайди. Менинг 200 долларим 1700 бўлиб қайтган бўлса, сен ўғирлатган 500 долларинг 3 карра ориғи билан қайтди”, дедим. Ўртоғим бундан қаттиқ таъсирланди. Ҳажда юриб, ибодат қилмаган одам, “Бўлди, мен ҳам намоз ўқийман. Илтимос, менга ўргат”, деди. Мен унга намоз ўқишни ўргатдим...
**                   **                   **
Шундай қилиб, икки-уч кундан сўнг, Ўзбекистонга қайтдик. Уйимга бобосига қараб туришни илтимос қилган ўртоғим келди. “Раҳмат, сенга. Бобомга у ёқда анча ёрдам берибсан. Ҳаж муносабати билан йиғин қилаётгандик. Бобом ўртоғингни ҳам чақир, дедилар. Алоҳида тайинладилар. Албатта, боришинг керак”, деб маросимга айтиб кетди.
Мен айтилган куни дўстимнинг уйига  бордим. Дарвоза қаршисида оппоқ соқолли ҳалиги отахон мени кўриб, бошқача хурсанд бўлиб кетдилар. Бу юз-кўзларидан кўриниб турарди. Бир мудда мени маҳкам бағрига босиб турдилар. Мен нима бўлаётганини тушунмай қолдим. Нега бунақа узоқ қучоқлаб турганларидан хижолат бўлдим. Сўнг мени уйга етаклаб кирдилар.  Бир хонада бир неча онахонлар ўтиришган экан. Отахон остонада тўхтаб, “Кампир, мен айтган фаришта - мана шу йигит!”, дедилар. Мен “нега унақа деяптилар, ҳазил қилдилар шекилли”, деб хижолат тортдим. Уйи ичидаги онахонлар мени узоқ дуо қилишди. 
Сўнг эркаклар тўла катта хонага олиб кириб, энг юқори жойга ўтказиб қўйдилар. Мен нега бунчалик ҳурмат кўрсатаётганларини тушунмай, ўзимни беўнғай ҳис қилардим. Шунда бир одам (билсам, бобонинг куёвлари экан) “Ҳожи ота, Ҳаждаги воқеани айтиб беринг”, деди. Мен “ҳа энди, бирор бир қизиқ воқеа айтсалар керак”, деб ўйладим. 
Отахон ҳикояни бошладилар:
“Ўзи Ҳажга ҳамроҳ билан бормоқчи эдим. Лекин  сўнгги дақиқаларда ҳужжат тўғри бўлмади. Ноилож ўзим кетадиган бўлдим. Шукрки, қўл-оёғим бут, ўзим юра оламан, деб уйдагиларни хотиржам қилдим. Хуллас, ҳамма жараёнлар ўтиб, Ҳажга кетдик. Аэропортдан чиқишим билан кўз олдим қоронғулашиб, хушим бошимдан учгандек бўлди. Оёқларимдан мадор кетди. Бир амаллаб четдаги ўриндиққа етиб олдим. Бир пас нафас ростладим. Қарасам, барибир бўлмаяпти. Сафар ҳалтани бошимга қўйиб, бир оз нафас ростлаб олишга қарор қилдим. Кўзимни юмиб ётиб, Аллоҳга илтижо қилдим: Э, Аллоҳ! Шунча йил сени розилигинг учун барча буюрганларингни бажардим. Масжид кутубхонасини юритдим. Ўтинаман, мени жонимни бу ерда эмас, ўз Ватанимда, ўз уйимда, фарзандларим ёнида ол. Сендан ёлвориб сўрайман, ўзинг мадад, куч-қувват бер, дедим. Орадан қанча фурсат ўтганини билмайман. Кейин билсам, ўша ерда 3 кун қимирламай ётибман...
Бир пайт кимдир мени туртиб, ўзбекчалаб “Хой, отахон! Ўзбекмисиз? Туринг”, деяпти. Қарасам оппоқ либосдаги Фаришта. Ўйладим, Худо нолаларимни эшитиб, менга фариштасини юборибди-да. Яна ўзбекча гапираяпти. Ёш йигит кўринишида. Шоша-пиша “Ҳа, ўғлим, ўзбекман”, дедим. Фаришта эса “Туринг, бу ерда нима қилаяпсиз? Гуруҳдан ажраб қопсизу! Юринг, мен сизни ўзбекистонликлар ёнига обориб қўяман”, деб қўлларида кўтариб, учиб ўзбекистонликлар ёнига ташлаб, кўздан ғойиб бўлди. Яратганнинг ёрдами учун шукрона келтирдим. Бу орада ҳалиги Фаришта яна пайдо бўлиб, мендан хол-ахвол сўраб, ғойиб бўлди. Кетаётган пайтимда аэропорт ходими арабчалаб бир нималар деяверди. Мен унинг гапларини ҳеч тушуна олмадим. Шунда, кутилмаганда, ҳалиги Фаришта яна пайдо бўлди. У паспортимни кўрсатишим кераклигини айтди ва яна ғойиб бўлди. Ўша Фаришта йигит мана шу Қобилжон бўладилар. Отасига минг раҳмат”, деди отахон...
Отахон менга кўпдан кўп раҳмат айтиб, узоқ дуо қилдилар. Орадан бир ойлар ўтиб, ўз Ватанида, фарзанду набиралар ёнида вафот этдилар...
Бу Ҳаж билан воқеаларнинг мингдан бири. Менимча, бундай ибратли ҳикоялар Ҳажга борган ҳар бир инсонда бўлса керак. У ер ана шундай мўъжизавий муқаддас Маскан...”
Қобилжон ака сўйлаб берган Ҳаж ҳикоялари менга қаттиқ таъсир қилди ва буни қоғозга туширишга аҳд қилдим...

вторник, 24 мая 2016 г.

Эй, дўстим!


(шу номли машҳур қўшиққа пародия)

Эй дўстим!
Савлатинг, тилпонинг бўлса,
Интернет чопарга айпонинг бўлса,
Соққалар сиғмаган ҳамёнинг бўлса,
Энг аввал ОДНОга профиль очгин,
Энг аввал ОДНОга расмлар сочгин!

Зеб-зийнат устунмас профилингдан,
Мол-давлат устунмас профилингдан,
Ҳашамат устунмас профилингдан,
Маишат устунмас профилингдан...
Энг аввал ОДНОга профиль очгин,
Энг аввал ОДНОга СТС сочгин!

Бугун қошлар қоқиб турган дилбарлар,
Суратинг остига "КИЛАСС" босарлар,
Одам бўлиб, шунга солгин бир назар,
Энг аввал ОДНОга профиль очгин,
Энг аввал ОДНОга суратлар сочгин!

Сариқ рангларида сабр бешиги,
Комментлар қатори—сатр бешиги.
Сен очиб кирмасанг,  на бир эшигин,
Қарсиллатиб ёпсанг қадр эшигин,
Улгур ёпилмасдан лимит эшиги,
Энг аввал ОДНОга профиль очгин,
Энг аввал ОДНОга суратлар сочгин!

Бу ОДНО нимадир, бу ОДНО ўйин,
Бугун кирсанг, эрта кирмасинг тайин.
Бошқа ишингни қўй, эй лох, бейтайин,
Энг аввал ОДНОга профиль очгин,
Бўлмаса, энг зўри ФБга қочгин!

Айлама



понедельник, 23 мая 2016 г.

Тушимдамас, ўнгимда...



Ортиқча қоғозбозлик, вақт исрофи ва яна сиз билган “қоғозбозлик”... Қизимни боғчага беришга қарор қилганимизда худди шу фикрлар миямда ғужғон ўйнарди. Ўйласам, юрагим сиқиларди. Иш билан оввора бўлиб, буни анча вақт ортга суриб юрдим.
“Қизим яқинда икки ёшга тўлади, ана шундан кейин бемалол бораман. Ҳақ талашишга ҳам юридик асосим бўлади”, деб вазият етилишини кутдим.
Ўша вақт келиб, уйим яқинидаги боғчалардан бирига кириб, тўғри мудирага учрашдим. Хаёлимда мингта фикр: “Қанча сўраркан, қимматмасмикан, мободо шунақа деса, унга қарши қандай қонуний гапларим бор?”. Ҳар ҳолда журналистман. Агар пулнинг ҳиди чиқса, ёвлашишга тайёр эдим...
Хуллас, мудира аёлга мен қизимни боғчага бермоқчи эканимни айтдим. У аёл гапларимни диққат билан эшитиб, бир парча қоғоз берди ва “Мана шу ҳужжатлар билан РайОНОга боринг, йўлланма олиб келинг. Жон деб қабул қиламиз”, деди. Юз-кўзидан зиёли, инсофли аёл экани кўриниб турарди.
Керакли ҳужжатларни йиғиб, боғчага йўлланма олиш учун РайОНОга бордим. Қабулдагилар очиқ чеҳра билан кутиб олишди, икки дақиқада анкета тўлдирдим. Ҳужжатларимни олиб, “жума куни хабар олинг, жавоби чиқади”, дейишди. Наҳотки ишим тез, осон ва рисоладагидек битса, деб ўйладим ва раҳмат айтиб, чиқиб кетдим.
Жума куни айтилган вақтга бордим. Одам кўп, навбатга турдим. Муддатим келиб, кирдим ва йўлланмани сўрадим. Қидириб, топишди ва қўлимга тутқазишди.
-Мана йўлланма, соғ бўлинг!
Мен уни оларканман, хайрон бўлиб бир оз туриб қолдим.
-Мендан ҳеч нарса керак эмасми?
-Нега энди, керакли нарсаларни олдик, ҳужжатингиз тайёр. Йўлланмани бериб, болангизни олиб кираверинг.
        Кўчада кетиб борар эканманман кўнгилда хотиржамлик ўрмалади. Тугунлар ечилгандек бўлди: “Бўларкану одам сарсон-саргардон бўлмай иш битирса ҳам”... 
       Ўзимни чимчилаб ҳам кўраман, мободо, туш кўрмаяпманми, деб. Ана шундай ортиқча овворагарчиликларсиз иши тез ва осон битадиган одамларнинг қанчалик бахтиёр эканини ҳис қилдим.
    Ўзи шу кунларда барча ишим ҳамирдан қил суғургандек осон битди. Натариусда ҳам шартномани ҳеч қандай муаммосиз, тез ва осон туздим, вақтинчалик рўйхатга қўйиш масалаласи ҳам ана шундай ортиқча овворагарчиликларсиз ҳал бўлди.
Ўйлаб қолдим: менинг омадим чопдими ёки чиндан ҳам ана шундай даврлар келаяптими?! 

понедельник, 25 апреля 2016 г.

БИР КУНЛИК ЯХШИ ОДАМ



Бир одатим бор. Бунга қандай нисбат беришни ҳам билмайман: бу яхшими ёки ёмон?!
Шу одатим ҳеч қолмади-қолмади. Болалигимдаям уйқудан аввал “эртага яхши бола бўламан, ҳамма ҳавас қилади”, деб ўзимга ўзим кўўўўп сўз берганман. Бунинг устидан чиқанмидим-йўқми, тўғриси, айта олмайман. Эсимда ҳам йўқ.
Ўзи яхши одам қандай одам? Тартиблими? Меҳрибонми? Қоидага амал қиладиганми? Ёки қадриятларга ҳурмати баланд инсонми? Билимли, ўз ишини яхши биладиганми?!
Келинг, ҳаммасини тўғри, дея қолайлик.
Бугун ҳам эртага рисоладагидек одам бўламан, деб ният қилдим. Шу пайт қайсидир ақли кўп одамнинг “Эрта бугундан бошланади”, деган пурҳикмат гапи ёдимга тушиб қолди. Тўғри-да, яхши одам бўлиб уйғониш учун яхши одам бўлиб ухлаш керак(бу ўзим ўйлаб топган афоризм :) ).
Хуллас, қўлимдаги смартфон будильнигининг соатини тонгги олтига қўйдим.
-Аяси, эртага вақтли туришим керак! Мободо эшитмай қолсам, 6 да уйғотиб қўярсиз!
Э, қойил, ярим кечагача телефон кавламай, вақтлироқ ухласа ҳам бўларкан!    
*       *       *
Тонг. Рафиқам ошхонада нонуштага ҳаракат бошлаб юборган. Юз қўлимни ювиб чиқаман. Хўп, мен яхши одам бўлмоқчи эдим-а?!
-Ассалому алайкум! Онаси, яхши дам олдиларми? Мободо ёрдам керакмасми? (яхши одамлар шунақа бўладию)
Хотиним “Ассалому алайкум, йўқ, йўқ, раҳмат” деб бир оз ҳайрат билан тикилди.
-Бугундан бошлаб, ҳар куни бир соат югураман! Соғлиққа қарамасам бўлмайди. Чойхонама-чойхона юравериб, қоматам беўхшов бўпкетаяпти. Эрталаб югуриш кун давомидаги яхши кайфият, дегани. Калла ҳам яхши ишлайди, меҳнат унумдорлигиям ошади. Буни кеча интернетда ўқидим. Чойни келиб, ичаман!
Эшикни очишим билан подъездаги сассиқ ҳид бурнимга урилади, оёғим юмшоқ нарсага тегади. Оббо, яна тўғридаги бефаросат қўшним ахлатини эшик тагига қўйибди. Э, сани фаросатингга….
“Ҳай-ҳай-ҳай, тилга эрк берманг, биродар! Сиз ахир яхши одам бўлмоқчисиз-ку”, деди ичимдаги кимдир.
Хўп, яхши одам нима қилади бу вазиятда? Албатта вазиятни анализ қилади: Демак, қўшнимнинг эри яна хизмат сафарида. Ёш боласи билан кечаси ахлат ташлашга чиқа олмайди. Тўғри тушуниш керак одам деган. Ундан кўра, индамасдан олиб чиқиб, ахлат идишга ташлаб келмайдими?! Қўни-қўшни деган шунақа пайтларда синалади. Одамга савобам керак, биродар. Келин эрталаб чиқади ва кўрса-ки, чиқинди йўқ. “Барака топгур қўшни олиб чиқиб ташлабди”, деб алқайди…
Ҳа, майли, шундай бўла қолсин! Ахлатни қўлимга олиб, чиқиндилар тўпланадиган жойга қараб йўл оламан. Хийла узоқ. Боришга эринаман. Мен ахлат ташлашга эмас, югургани чиққанман ахир.
У ёқ бу ёққа қарайман, ҳеч ким йўқ.  Секин йўл четига ўтиб, чакалакзор бўлиб ётган жойга бораман ва…
“Хой, жигит, ахир сиз ваъда берувдингиз. Яхши одам унақа бўлмайди-да. Қани виждон? Атиги 500 метрга ҳам эринадими? Шу яқин атрофдагиларни ўйламайдими? Ақл жойидами ишқилиб?”
Бу ички овозни ҳудди биқинимга учли бармоғи билан нуққандек бўлади. Ахлатни олиб, махсус идишга ташлайман.
Кейин енгил югуришни бошлайман…
*       *       *
         Нонушта. Эрталаб бир тўғрам нон ҳам ўтмайди. Одатда иссиқ чой ичиб, ишга кетардим. Бугун-чи? Яхши одам нима қилади? Албатта, эрталаб яхши нонушта қилади.
-Аяси, атаганларингизни дастурхонга қўйинг!
Яхши одам бўлиб, чойга новот қўшаман (аслида эса ширинликка сира хушим йўқ). Қувват бўлади. Кетидан колбаса, пишлоқ… Мажбурлаб ейман!
        -Дадаси, қизимизнинг боғчаси нима бўлаяпти?
        -Бўлди, ҳужжатлар тайёр. Топширсам, рухсат беришса бас. Қатнайверади.
    -Мудирани қўлига беш-ўн сўм берсангиз, ўзи тўғрилаб бераркан. Бўлмаса, рухсат йўқ, деб чўзармиш. Қўшнимам 100 доллар бериб, жойлабди боласини.
     Пул ошиб-тошиб турмаган бир вазиятимда бу гаплар мойдек ёқди, деб ўйлайсизми? Лекин болангиз учун мажбурсиз.
         -Ҳа, тўғри. Бир нима қилармиз!
“Шошма, шошма! Яхши одам шунақа бўладими? Пора берарканми? Олгангаям, бергангаям қонуний жазо бор. Диндаям бу қаттиқ қораланади. Нима деяпсиз, акаси?! Коррупцияни боғчадан бошласангиз, қачон тонг отади?! Ҳужжатлар ҳаммаси жойидами? А, яшанг, демак ҳаммасини қонуний қиласиз! Гап тамом! Бирорта муаммо чиқса, прямой вазирига ёзинг! Ҳукумат порталига ёзинг! Нега билмайсиз ҳақ-ҳуқуқингизни? Берадиган бўлмаса, оладиганам бўлмайди!”
Ички овознинг жахли қаттиқ чиққан кўринади. Бўлди, ҳаммаси у айтгандек қиламан!

         *       *       *
Бекатдаман. Автобусни кутиб турганимга ярим соат бўлди. Ҳеч келгиси йўқ. Нима бало қирон келганми ярамасларга? Ишга кеч қоламану бунақада! Э, сени, ўша…
“Ўўўў, яхши одам. Дунёда сабр-тоқат деган гаплар бор. Тилни тош қўрғонга қаманг, акаси. Ҳозир келади. Уларнинг ҳам ўз вақти бор. Ҳудди ишни қойил қиладигандек шошиласиз. Ундан кўра, яхши ният қилинг: автобус кутган кунларам ҳали ширин тарих бўлади. Машина ҳайдаб ҳам чарчайман, деб…”
Тўғри айтасан, бир умр автобусга осилиб юрмайману!
Тошбақадек судралиб келаётган автобуснинг қораси, йўғе, яшили кўринади. Энди бир амаллаб чиқиб олсам…
Автобус бекатда тўхтайди. Бир гуруҳ ёш-яланглар қатор бўволиб ойлик йўл чиптасини кўрсатиб тушишади. Чиптачи аёлнинг шу пайтдаги юзига қараганмисиз? Уч йилдан бери берган қарзини ололмаётган одамнинг гезарган юзига ўхшайди? Пичирлаб алланималар дейди.
Бироз бўшаган автобусга чиқаман. Эх, хотин бечора саҳар туриб дазмоллаган шим, тозалаган туфли… Бекор кетарканда.
“За проезд, пажалиста”, деб шанғиллаб қолади қулоғимни тагида бир эркаксифат аёл.
“Оббоооо, секинроқ э, кенейи! Қулоғимни тешвордизу”, демоқчи бўлиб, энди оғиз жуфтласам, “Ўзингизни босинг, тақсир! Яхши одам унақа бўлмайди. У ўз ишини қилаяпти. Бақириб, ҳозир пул олмаса, сизга ўхшамаган ёмон одамлар кўзини шамлағат қилиб,  пул тўламай, секин суриб қолади. Бунақаларнинг таъзирини бериш керак.
Биласизми, Германияда нима қилишган? Транспортга пул тўламаган бир икта одамни нақ пешонасидан отган. Ана шундай кейин ҳаммаси из-изига тушиб кетган. Буларда ҳам давлат белгилаган план бор. Ойлик олиш учун шу планни бажариш керак, тоға. Сиз эса дарров онасини “йўқлайсиз”…”
Хўп, дея тилимни тишлайман. Ёнимдан бир ярим минг сўм пул олиб, чиптачига бераман. Чиптачи эса 200 сўм қайтариб, билет беради.
“Шошманг! Нега 100 сўмни сўрамаяпсиз. Рисоладагидек одам бунақа бўлмайди. Сўраш керак. Нима, сиз пулни ердан супириб олаяпсизми? Бу нечанчи маротаба содир бўлиши? Ҳисоблаб кўрдингизми? Еттинчи маротаба 100 сўмдан кам берди, тўғрими? Сўранг ҳаққингизни! Тартиб ҳаммага бирдек тегишли…
         Йўқ, келаса сафар шундай қиламан. Поезд ўтиб кетди…
         Ички овознинг кесатиши кайфиятимни бузди. Салоннинг ичкари қисмига кираман. Бир йигит тескари қараб, уйқусираганча ташқарини томоша қилиб кетаяпти. Ёнидаги каттароқ ёшли аёлни эса кўрмаяпти. Қулоғида наушник. Жой бериш хаёлида ҳам йўқ. Фаросат бўлса, берадими, дейман ўзимга.
         “Унда фаросатли йигит бўлиб айтинг, жой берсин. Нима, қўрқасизми? Онаси тенгги аёл устида девдек бўлиб турсаю, ўзини билмаганга олса. Айтинг, яхши одам!”, дейди ички овоз.

        Аста елкасидан туртаман: “Опага жой бера олмайсизми мободо?!”
Ҳар тугул болада ҳали нималардир тирик экан. Бир сўз демай, жой берди. Аёл эса “Спасибо”, деб ўриндиққа ўтирди…
      Бекатим келиб, автобусдан тушаман. Ҳамма қўлидаги билетни ерга ташлаб кетаяпти. Ахлат челак тахминан 5-6 метр узоқликда. Эринибгина ерга ташлайман.
   “Э, барака топинг, “яхши одам”. Белингиз оғриб, супирмайсизда-а кўчани?! Онангиз тенги одам саҳарда шу ерларни чиннидек қилиб ялтиратиб кетишини билмайсиз, тўғрими? Беш-олти қадам юргани эринасиз! Қани ўзгалар меҳнатини қадрлаш тушунчаси???
       Даст ортга бурилиб, ердаги ўзим ташлаган чиптани, ёнидаги яна бир иктасига қўшиб, йиғиб оламан ва тўғри ахлат челакка ташлайман!
        Энди йўлни у томонига ўтиш керак. Қарасам, машиналар узоқда. Югуриб ўтиб олмоққа шайланаман.
   “Югуринг, акаси, югуринг. Йўлнинг хоҳлаган жойидан ўтаверинг. Сизга ҳамма нарса мумкин. Машиналар? Кутади, керак бўлса! Сизни ўтказиб юбориб, кейин юради. Машина одамдан азиз бўптими?!”.
     Тоза жонга тегди шу овоз. Тишимги ғижирлатиб, чорраҳага, пиёдалар ўтиш учун мўлжалланган махсус йўл ёнига бораман. Светафорнинг қизил чироғи ёниқ. Машиналар кўринмайди. Лекин ўзимни мажбурлаб тутиб тураман. Ахир ўтишим учун яшил ёниши керак. Тартиб ҳаммага баробар.
    Қизилда қимирламай, сариқда сабр қилиб, яшилда ўтинг, деб айтганди болаликдаги ўқитувчим.
     Яшил ёниб, аста юришни бошлайман! Узоқдан бир машина катта тезликда менга қараб бостириб келаяпти. Нима бало тормози ушламай қолдими? Яқинлашиб қолди… Вой, онангни…
*       *       *
-Дадаси, хой, дадаси! Туринг, соат 6 бўлди! Вақтли тураман дегандиз!
Туш ҳам шунақаям узоқ бўладими? Сал қолса, машина босиб кетардия. Шунақаям ёмон бўладими?
-Аяси, нима деб ўйлайсиз, яхши одам бўлиш осонми-қийинми?
-Сизни яхши одам бўлишиз шартмас!
Ие, бу қанақа гап бўлди энди? Мен қандай одамман ўзи: яхшими ё ёмон?!
Ҳеч бўлмаса, шу бугун яхши одам бўлай…