четверг, 19 января 2017 г.
вторник, 17 января 2017 г.
Менинг онам...
Кўпинча қизларнинг ташқи кўриниши отасига,
йигитлар онасига ўхшайди. Чиндан ҳам шундай. Қизимни қиёфасида кўпроқ
ўзимни кўраман. Бошқалар ҳам шундай дейди. Ўзимни эса кўпроқ онамга ўхшашимни
айтишади. Балки шундайдир...
Онам кетма-кет уч ўғилни дунёга келтирганлар(орамиздаги
ёш фарқи 1 ярим йил). Иккита қиз билан жами 5 фарзанд. Бугун икки фарзанднинг
отаси бўлиб, ота-онамнинг 5 нафар фарзандни оқ ювиб, оқ тараб, тарбиялашдек
машаққатли меҳнатни теранроқ ҳис қилаяпман.
Онам олий маълумотли эмаслар. Сабаби, 18 ёшида
турмушга чиққанлар. Бу ёғи фарзандлар, оила-рўзғор, дегандек. Бироқ ақл-идроқ,
савод борасида асло қолишмайди. Мактабда аъло баҳога ўқиганлар, ёзган
шеърларини болаликда ёдлаганмиз, чиройли ёзувларига ҳавас қилардим. Ўқишимизни
ўзлари назорат қилардилар. Адабиётга, шеъриятга ҳавас ҳам улардан ўтган бўлса
ажаб эмас. Онамни яна бир жиҳати бор: жуда кўп мақол биладилар. Сўзга чечан,
ҳар бир гапларида кутилмаган мақолларни ишлатадилар. Кўп мақолларни онамдан
эшитганман, ўрганганман.
Бугун 17 январь. Волидамни туғилган кунлари.
53 ёшни қарши олдилар. Эрталабда табрикладим. Сўзга қашшоқ бўлмасам-да, уларга
кўўўп тилакларни билдира олмадим. “Мингга қиринг, онам”, десам, “А, йўға, шунча
йил нима қиламан? Худонинг берган умрини муносиб яшасагам катта гап”, деб
ҳазиллашдилар.
Болалигимда иситмалаб, бир оз мазам қочса,
дарров кўрпа-тўшак солиб, дори-дармонлар қилишга тушардилар. Иштахамни очиш учун
турли овқатлар пишириб берганлари, бошимда гиридкапалак бўлганлари кечагидек ёдимда...
Бугун-чи? Бугун касал бўлиб, ҳароратим 40 даражага чиқса ҳам миқ
этмайман. Бировга билдирмайман. Касални оёқда ўтказиб юборишга ҳаракат қиламан. Икки марта йиқилиб, уч марта туриб
кетишга интиламан. Ана шундай чоғларда Онамни меҳрибончиликлари ёдимга
тушади...
Талабалик чоғларимда бирорта рўмол ўраган
аёлни кўрсам, негадир, онам эсимга тушарди. Бугун эса телевизорда рўмол ўраган
аёллар кўринса, жажжи қизим “ана, бувижон”, дейди... Қизиқ-да...
* **
Менинг қалби тоза, меҳри дарё, тўғрисўз, ёлғондан
йироқ, меҳнаткаш онам!
Уйимга келса, 3 кунда уйини, набираларини,
қўни-қўшниларини соғиниб қоладиган Волидам!
Умрингиз узоқ бўлсин!
Отамни, бизнинг, набираларингизнинг бахтига
ҳамиша соғ-омон бўлинг!
Фарзанд бўлиб, ёнингизда хизматингизни қила
олмаётганимдан кўп сиқиламан.
Иш, оила, рўзғор, бола-чақага андармон бўлиб,
сизга кам вақт ажратаётганимдан қийналаман...
“Қаерда бўлсанглар ҳам тинч-тотув, иноқ
яшасанглар, мен шундан хурсанд бўламан”, деган гапларингиз доим қулоғим остида
жаранглайди...
Сизга ҳеч қачон “Сизни яхши кўраман”, деб айта
олмаганман. Нега, нима учун, билмам. Бўлмаса-ку, таърифларнинг энг
жимжимадорини, оҳори тўкилмаганини, энг янгиларини билмайманми?! Йўқ! Лекин...
Яхшилар, имкон бўлса, Онажонимнинг ҳаққига дуо
қилинглар!
среда, 4 января 2017 г.
“Like” қайғуси
“Эрталаб
уйғонасан ҳудди бир нарсадан қуруқ қолаётгандек кайфият билан. Шоша-пиша атрофдан
телефонингни қидирасан. “Оббо, тагимда қолиб кетибди-ку!” Эрталаб турганда
биринчи бўлиб, юз-қўлни ювиш кераклиги ҳақида болаликданоқ уқтирилган тартиб-қоидалар
эсингга ҳам келмайди.
“Хўш,
интернет оламида нима гап экан? Кеча кечқурун қўйган расмимга нечта “Like”
босишди экан? Хўўўш, “Instagram”да 30 та. “Facebook”да-чи?
Эҳ-е, “билдирувлар”(уведомление) мўл-ку! Қани нималар ҳақида экан?!
Оббо, аксари
аллақандай гуруҳлардаги янгиликларники экан. Ёмон жонга тегди-да, шулар!
Расмга
атиги 100 та “лайк”. Чето, камроқ. Нега? Яхши чиқмадимикан селфи?! Аввалроқ ёзган
статусимга қайтага кўпроқ одам “ёқди” ишорасини билдирганди.
“Twitter”да
нима гап? Бу ерда камроқ ретвитлар. А, ўзи бу ер унча яхши эмас экан. Ҳамма
твиттерчилар аллақандай ақлли, савдойи, футболпарастларми-ей. Хуллас, унча
ёқмади...
“Telegram”дан
кимдир ёздимикан? “IMO”, “WatsAp”, “Viber”да-чи...?
Бугун
статусга нима ёзсам экан. Қайси расмни юкласам бўлади...”
Ҳозир
ҳамма аллақандай “доимий хавотир хасталиги”га чалинганга ўхшайди, гўё. Хаёли
паришон, қўлида телефон. Умр ўтиб кетаётганини ҳам англамай қўйган. Аллакимлар
билан СМС, расм, маълумотлар, аудио-видеолар алмашади. Танишади, бахслашади,
уришади ва ҳаказо...
Вақт
ўтиб бораётгани ҳақида қайғу йўқдай...
Йўқ, қайғу бор экан. Бу кўпроқ эътибор топиш
истаги, кўпчиликка ёқиш хоҳиши, “like” қайғуси...
Бу
қайғу миллиардларни заҳарлаб улгурди. Эпидемия мисол яшин тезлигида тарқаб
бормоқда...
Ёшу
қари, оқу қора, яхшию ёмон бирдек мубтало... Янада кўпроқ “Like”, янада кўпроқ
эътибор...
У, гўёки, Юҳога айланар... Одамзодни ютар ямламай...
Юрсангам
“Like” ҳақидаги хаёл мияда айланар,
турсанг ҳам, ухласанг ҳам...
“Like”, “Like”, “Like”…
среда, 28 декабря 2016 г.
Жим! Қизим ухлаяпти! (ролик)
МУАЛЛИФ: Муслим МИРЗАЖОНОВ
Матн ўқувчи: Хуршид ДАЛИЕВ
"Зиё" студияси маҳсулоти
среда, 14 декабря 2016 г.
“Одночи”лар армияси
Кейинги йилларда саводсизлик авж
олиб кетди. Айниқса, ёшлар орасида. Бундай саводсиз, дунёқараши тор қатламга “Одночи”
деган атама қўлланила бошланди. Боиси, дастлаб “Одноклассники” ижтимоий тармоғи
ана шундай саводи ҳаминқадар бўлган навқирон қатламнинг паккасига айланди. “Одночилар” армияси ҳозир барча ижтимоий
тармоқларга мўрмалақдек бостириб кирмоқда. Гуруҳлар, саҳифалар очишмоқда.
Оҳо, у ердаги хатолар, у ердаги савиянинг даражаси... Мен гапирмай, сиз
ўқиманг! Лекин мен гапирмасам, сиз ўқимасангиз бўлмайди.
Кимга қанақа, билмадим, лекин шундай
имловий хатоларни кўрсам, асабим бузилади, жаҳлим чиқади. Ҳатто ўз исм-шарифини тўғри ёза олмайдигани қанча. (Э, ақли расо!
Биламан, миянг тўла ғиж-ғиж фикр. Қўйиб берса, отангга маслаҳат берадиган
даражадасан. Тилинг бир қарич. Қўлингда сўнгги русумдаги телефон, эгнингдаги кийимларни
олиб бергунча отангни чўнтаги шилинган. Ҳеч бўлмаса, шуларни оқла. Ҳеч бўлмаса,
ўз исм-шарифингни тўғри ёзишни ўрган!)
Ҳозирги мактабни битираётган
болаларга бир қатор гап ёздирсангиз, камида 4-5 та хато қилади. Хўш, нега
шундай? Бошланғич синф ўқитувчиси уларга қандай таълим берган? Дарсига виждонан
ёндошиб, ўқувчисига тўғри ёзишни ўргатганми? Ёки тўғри ёзишга мажбур қилганми?
Биринчи навбатда, бунга бошланғич синф ўқитувчиси айбдор!
Вақтида қаттиқ турмаган, саводини кучли назоратга олмаган. Бунинг оқибатини шаклланган
“саводсизлар армияси” мисолида кўриб турибмиз. (Ёки буни бошқачароқ талқин
қилиш мумкин: Савод ўргатадиган
ўқитувчиларнинг ўзи саводсиз! Бошқача хулоса йўқ.)
Ўқитувчилар мендан хафа
бўлишмасин! Тўғри, бу ерда тирикчиликка андармон бўлиб қолган ота-оналарнинг
ҳам масъулиятсизлиги ва лоқайдлиги бор. Бироқ энг катта жавобгарликни шахсан
сизнинг зиммангизга юклаган бўлардим. Чунки шунинг учун ўқигансиз, шунинг учун
ойлик оласиз, шунинг учун сизга ишониб, фарзандларимизни қўлингизга топширамиз.
Илтимос, саводсиз шогирдлар етиштиришни бас қилинг!
Менинг биринчи ўқитувчим Иноятхон
Алимова бўлганлар. Ҳозир ҳам Риштон туманидаги 39-ўрта мактабда ишлайдилар. Шу инсон
савод масаласига қаттиқ қарардилар. Агар дафтаримизда хато кўпайса, “лолазор”
учун қўлга ёғоч чизғич билан бир-иккита туширардилар. “О, бу қандай даҳшат,
қандай ёввойилик”, деб соч юлишга шошилманг. Боланинг бундай жисмоний жазодан
бир жойи камайиб қолмайди. Айбини ҳис қилади. Кейинги сафар хатолар такрорланмаслиги
учун кўпроқ машқ қилади, кўпроқ китоб ўқийди, ҳуснихатини тартибга келтиради. Ўшанда
ўқитувчим тўғри ҳам қилган эканлар. Бўлмаса, камида “одночи”лар армияси “офицери”
бўлишим тайин эди.
Биламан, “Ҳа, энди журналист
бўлганингдан кейин тўғри ёзишни билишинг шарт-да”, дейдиганлар ҳам йўқ эмас.
Гапингизда жон бор. Бироқ савод масаласи фақат бир касб ва соҳага тааллуқли
эмас. Бу ҳаммага бирдек тегишли масала. Савод банк ходимига муҳиммасми? Шифокорга?
Ҳуқуқшунос, ҳайдовчига? Ишонинг, савод касбидан қатъий назар, эртага ота-она
бўладиган, фарзандининг таълимини, саводини назорат қиладиган ҳар бир одам учун
муҳим.
Вақт оқар сувдек ўтиб кетади.
Бугун сиз ўтирган мансаб курсисида, сиз ишлаётган жойда ана шу “одночи”лар
ярмияси вакили бўлмаслигини кафолатлай олмайсиз. Бу жойларни бир умр сизга
боғлаб қўймаган. Бир авлод ўрнини, кейингиси тўлдириб боради. Бу табиий
қонуният. Масаланинг оғриқли томони шундаки, кексайганимизда Ватан, миллат
тақдири ана шу чаласавод авлод қўлида қолади. Шунинг учун бу масалага беписанд бўлиш, панжа
орасидан қараш керак эмас.
Ҳурматли, ука-сингиллар! Айтган гапларимни оғир олманг! Сиз бундай хатолардан ҳоли бўлсангиз,
ўша “армия”нинг вакили бўлмасангиз, унда хурсандман. Эътирозларим айнан
ўшаларга. Сиз хаёлни жойга қўйиб, ўқишда, изланишда давом этинг. “Ўшалар” ҳам
эртасига бефарқ бўлмаса, қалби “тирик” бўлса, уялиб саводини тўғрилашга
интилар...
Тенгдошларга, ота-оналик мақомидаги
инсонларга ҳам илтимосим бор: Болаларингизни саводига бефарқ бўлманг. Дафтарини
текширишга, бирга дарс тайёрлашга вақт топинг. “Болам эртага кааааатта одам
бўлади”, деб хаёл қиласизу, пойдеворини шунга яраша қўймайсиз. Илтимос, “одночи”лар
ярмияси”га “аскар” тайёрламанг!
Ҳурматли ўқитувчилар! Биламан,
болалар билан ишлаш осон эмас. Лекин бу масъулиятнинг сусайишига баҳона
бўлолмайди. Илтимос, асабларимга раҳмингиз келсин! Болаларнинг саводига қаттиқ
туринг! Шахсий муаммоларингиз кам эмаслигини, мактабдаги ўқитувчилар “йиғ-йиғ”ларини, асабингизга тегадиган ортиқча ёзув-чизувлар кўплигини ҳам биламан. Шундай
бўлса ҳам, эртанги кунни, Ватан тақдирини ўйланг.
P.S: Савод ҳақида ёзиб, хато ўтиб
кетмаганмикан, деб қайта-қайта ўқидим. Таҳрир илми нуктадонлари хатолар
топишига ишонаман! Шундай бўлса, бунинг учун узр сўрайман. Бироқ бу ҳақида
ёзмасам бўлмасди.
четверг, 24 ноября 2016 г.
Қойил, Қурбон Оға!
2009 йилда "Рубин"га устозлик қилган Қурбон Бердиев Чемпионлар лигаси доирасида Гвардиола бошчилигидаги супер "Барселона"ни ўз уйида, ҳайбатли "Камп ноу"да сенсацион тарзда мағлуб қилганди.
Кеча эса Қурбон оға камтаргина "Ростов" билан Анчелоттининг даҳшатли "Бавария"сини ер тишлатди.
Ўрган, Бабадент, йўғе, студент!
Қурбон оға, Қурбон оға,
Пеп ва Карле чурбан, оға!
Яна кимлар қолиб кетди,
Яна нечта қурбон, оға?
Пеп ва Карле чурбан, оға!
Яна кимлар қолиб кетди,
Яна нечта қурбон, оға?
вторник, 27 сентября 2016 г.
ФОТОИЖОД
Суратга тушуриш мен ёқтирган севимли машғулотлардан бири. Қўлимда фотоаппарат бўлса, кўзим илғаган ҳолатларни суратга олишга ҳаракат қиламан. Жуда чиройли, профессионал даражада суратга тушираман, дея олмайман. Шу сабаб шунчаки ҳаваскорона уриниш, дейиш мақсадга мувофиқ.
Жорий йилнинг 24-25 сентябр кунлари Тошкент вилоятига пахта териш учун ҳашарга бордик. Ўзим билан фотоаппарат ҳам олгандим. Мазкур расмлар ўша кундан эсдалик.
| АНҲОР БЎЙИДА... |
| ҚИШЛОҚНИНГ БЕҒУБОР БОЛАСИ... |
| БЕШЧАНОҚ |
| БИЗНИНГ ҲИРМОН |
среда, 17 августа 2016 г.
среда, 10 августа 2016 г.
ПОЛЬ ИСМЛИ "ТУЛПОР" ҲАҚИДА АФСОНА
Бу ердан ҳийла узоқ маконда Алекс исмли ковбой-фермер
яшарди. У ўз минтақасида донгдор, чопқир ва музаффар тулпорлар эгаси сифатида
ном қозонганди. Ковбой Алекс ёш, асов тулпорларни харид қилиб, пойгаларга
тайёрларди ва улар билан кўп мусобақаларда ғолиб чиқарди.
Ковбой Алекс кучга тўлган, оёғи қувватга бой
учқур тулпорларини уни сотиб олиш истагини билдирган пойгачи фермерларга катта
миқдордаги пулга сотиб юборарди. Орадан икки-уч йил ўтиб, ҳудди ўшандек сара
тулпорлар етиштирарди.
Бир куни Алекс қўшни қишлоққа бориб, қоп-қора тойчоқни
кўриб қолади. Унинг исми Поль эди. Алекс Полнинг туёқлари ва жуссасини кўриб,
унинг келажакда яхши пойгачи тулпор бўлишига амин бўлди. Шундан сўнг, қора
тойчоқни эгасидан сотиб олиб, ўз фермасига келтирди ва тойчоқлар тўдасига қўшиб
қўйди. Ўз тенгқурлари ичида ажралиб турувчи Поль тез ўса бошлади.
Тойчоқларнинг яйловдаги пойгаларида у зафар қучарди. Орадан кўп вақт ўтмай,
Алекс баланд бўйли, бақувват, аммо ёш тойчоқ Полни катта тулпорлар қўрасига
ўтқазди. Пойгаларга тайёрлади. Поль қишлоқдаги кичик-кичик мусобақаларда,
умумий гуруҳда қатнашиб юради.
Анча кексайиб қолган ковбой Алекснинг негадир Полга
эътибори суст эди. Балки қариянинг кўзи Пол, Уэйн, Райан, Луиш, Хавиер сингари
учқур пойгачи тулпорларга қамашгандир?! Ҳар ҳолда Полнинг келажаги ҳақида кўп ҳам
ўйламай қўйганди. Ўзи умуман сўнгги йилларда кекса Алекснинг тулпорлари катта
мусобақалардаги ғалабалар сони камайиб кетганди.
Шундай қилиб, қора тойчоқ Поль бундай эътиборсизликдан
ранжиб, фермадан қочиб кетишга қарор қилди. Кунларнинг бирида у қўшни қишлоққа
кетиб қолди. Алекс эса унинг йўқолиб қолганини билса-да, қаттиқ қайғуга
тушмади, эътибор ҳам қилмади.
Аламзада Поль қўшни қишлоқда номи чиққан кекса
синьоранинг фермасидан қўним топди. У ерда Полга жуда катта эътибор беришди,
меҳр-муҳаббатларини аяшмади. Уни катта тулпорлар билан бирга йирик
мусобақаларга тайёрлашди. Поль бу ерда ҳар томонлама улғайди, кучга тўлди. Номи
қўшни қишлоқларгача етиб борди. Уни харид қилишни истаганлар сони ортиб
борди.
Бу шов-шувлар, албатта, қария Алекснинг ҳам қулоғига
етиб борди. Аммо у мағрур эди. Бунга эътибор қилмасликка ҳаракат қиларди. Ахир
у кимсан ковбой Алекс. Хоҳласа, бундай тулпорлардан яна қанча-қанчасини
тайёлаши мумкин.
Поль доим тойлик йиллари ўтган фермани соғинарди,
қайтгиси келарди ва ҳаммага қандай кучли тулпор бўлганини кўрсатгиси келарди.
Бироқ унга кекса синьора фермасида ҳамма нарса етарли эди: ем-ҳашак, алоҳида
қўра, меҳр-эътибор...
Алекс анча қартайиб қолганди. Энди аввалгидек қуввати
йўқ эди. Фермадан кетиб, тинч-осуда кексалик гаштини суришни истарди. Бироқ
ўрнига ким тулпорларни парвариш қилишини ўйлаб, эзиларди. Кетишидан аввал ўз
тулпорлари билан маҳаллий мусобақада иштирок этиб, биринчи ўринни қўлга
киритди. Яна унинг ҳурмати ошди. Шу чоғда, ҳурмат борида фермани тарк этишга қарор
қилди. Ўз ўрнига Девид исмли ковбойни чақиришларини маслаҳат бериб, “У менинг
зафарли йўлимни давом эттиришига ишонаман”, деди. Шундай қилиб, афсонавий
ковбой Алекс узоқ йиллик фаолиятдан сўнг, фермадан нафақага чиқди ва ўрнига у
айтган Девид келди.
Айтиш керакки, Девиднинг фермада ишлари юришмади.
Чунки машҳур кекса Алекснинг ишини унинг даражасида юргизиш қийин ва кўп вақт
талаб қиларди. Ана шу кучли босим ва масъулият юки Девидга оғирлик қилди.
Маҳаллий мусобақаларда Алекснинг музаффар тулпорлари билан ғалаб қозона олмади.
Ферма эгалари эса бундай муваффақиятсизликдан сўнг
унга ишонмай, хатто вақт ҳам бермай, ишдан озод этди. Унинг ўрнига нариги
қишлоқда тулпорлари билан кўп пойга мусобақаларда ғолиб чиққан Луи исмли олифта
ковбойни ишга чақирди.
Пўрим йигит Луи жуда хотиржам равишда ўз фалсафий
қарашлари билан фермага янги об-ҳаво олиб киришга ҳаракат қилди. Қўшни
фермалардан учқур тулпорлар ҳарид қилди ва шу йўл билан пойгаларда ғолиб чиқиб,
ферманинг аввалги нуфузини қайтаришга астойдил ҳаракат қилди. Луи қўшни фермада
айни кучга тўлган Полни ҳам сотиб олишга уринди. Бироқ кекса синьора Поль
қайтишни ич-ичидан хоҳлаётган бўлса-да, қўйиб юбормади.
Луининг пойгалардаги натижалари ферма эгаларини
қониқтирмади ва шу боис, уни ишдан бўшатмай туриб, бошқа ковбой қидиришга
тушди. Улар бир неча ойдан бери ишсиз юрган Жозе исмли қайсар ковбойни мўлжал
қилишарди.
Жозе чиндан ҳам жуда оғир табиатли инсон эди. Фақат ўз
ҳисоб-китоби, ўз фикри билан иш кўрарди. Бу кўпчликка ёқмаса-да, аммо у
пойгаларнинг доимий ғолиби эди. Кўплаб қишлоқ фермаларида ишлаб, тулпорлари
билан муваффақиятга эришган кеккайма Жозенинг ўзи ҳам шу донгдор фермага
нисбатан айрича муҳаббати борлиги инкор қилмасди.
Ферма эгалари “олифта файласуф” Луига қилган
хизматлари учун раҳмат айтиб, камига қилмаган ишлари учун ҳам товон пули тўлаб,
ишдан озод қилишади. Унинг ўрнини узоқ кутилган ковбой Жозе эгаллайди.
“Мен
доим бу ферма билан ўзимда қандайдир боғлиқлик сезардим. Қачондир афсонавий
ковбой Алекснинг ўрнини эгаллашимни ўйламаган бўлсам-да, хаёлимнинг қайсидир
қисмидан бу фикр зарралик чақиндек ўчиб ёнганини инкор қила олмайман”, деди
ўзини “Биринчи рақамли ковбой” деб атовчи “камтаргина” Жозе.
Шундай қилиб, у ўзи қатнашмоқчи бўлган барча пойга ва
мусобақаларда ғолиб чиқиш орқали ферманинг нурай бошлаган нуфузини тиклашга
ваъда берди.
Жамоага ўзи мусобақаларга олиб борган Златан лақабли
асов, ёвқур тулпорни, Генрих исмли чаққон пойгачи отни, Эрик исмли қоп-қора ёш
тулпорни фермага олиб келди. Ўзига ёқмаган, пойгада умиди кам бўлган эски
отларни эса “бозор”га тайёрлаб қўйди...
Полга нима бўлди, дерсиз? Асов тулпорга Жозенинг
ҳам ишқи тушганди. У ферма эгасига “Пойгада ғолиб чиқшимизни истасанг, пулнинг
бетига қарамай, менга қора тулпор (Пол)ни олиб кел”, дейди.
Бу пайтда асов тулпор олисдаги яйловларни кезиб, кенг
далаларда ҳордиқ чиқариб юрарди. Кўнгли “биринчи муҳаббати”, яъни эски
фермада ва хаёли эса кекса синьора фермаси атрофида кечаётган мулоқотларда эди.
Кўпчилик Полнинг сотилишига ишонмаётганди. Бироқ кекса
синьоранинг фермаси катта мақсадлар билан Гонсало исмли чопқир тулпорни катта
пул (90 млн оврў)га харид қилди. Албатта, бунча харажатни қоплаш учун
“совчи”си кўпайган Полни пуллаш энг мақбул вариант эди. Бир томондан ферма
Полнинг эски “уйи”га меҳри бўлакча эканини ва уларга чиндан ҳам яхши пойгачи эканини
исботлаш истаги аланга олганини биларди. Жозедек машҳур ковбой чорлаб турган
бир пайтда, албатта, асов тулпорнинг хаёли бузилганди.
Узоқ давом этган “барака-барака” савдоларидан сўнг,
Поль эски фермасига катта пул эвазига сотилди. У пойгачи отлар тарихидаги энг
қиммат (105 млн оврўлик) тулпорга айланди.
Шундай қилиб, учқур тулпор Поль “Олд Траффорд”
қўрасига қайтди. У бу кунларни узоқ кутди, қадрдон фермасида тупроқ чангитишни
кўп туш кўрди...
Бундан чексиз қувонган жаноб Жозе “У
фермамизнинг келажаги. Унда энг зўр пойгачи от бўлиши имкони бор ва у бу учун
кўп меҳнат қилиши керак...”, деди.
Поль эса ўз олдига шундай мақсад қўйди: “Мен яна
ўз фермамдаман. Қадрдон фермага қайтганимдан хурсандман. Бу ферма доим
юрагимда бўлган. Ковбой Жозе билан ишлашни сабрсизлик билан кутаяпман. Кекса
синьора фермасида ажойиб дамларни ўтказдим, жуда кўплаб отлар билан дўстлашдим.
Бироқ энди «Олд Траффорд» қўрасига, жонажон охуримга қайтишга қарор қилдим. Бу
ерда пойгадаги барча нарсага эришишим мумкин...”
Дайди тулпор яна ўз фермасига қайтди ва мусобақаларни
сабрсизлик билан кутмоқда...
(Муаллиф: Афсонада Умар Момани карикатуралари ва интернетдаги расмлардан фойдаланилди. Айрим ўзим тайёрлаган, ўхшаб-ўхшамаган ўхшатишлару расмлар учун узр!)
понедельник, 27 июня 2016 г.
Ҳа, ҳа, айнан Сизга гапираяпман!
Қўлингиз иккита эмас, оёғингиз ҳам!
Дунёнинг ташвишларини елкага ортиб олгансиз!
Тиним борми ўзи сизда?!
Адолатсизлик билан келишишни нега билмайсиз?
Билганингизда бу касбда юрармидингиз!
Ҳаққингизни ерда қолдирмайсиз! Тўғри қиласиз!
Майдалашиб кетасиз гоҳида. Улканлашганингизда сизга қараб, бўйин оғриб қолади.
Жамиятни термитлардан тозалаб юрасиз! Софлик, покизалик ишқибозисиз! Ўзингиз, кўзингизам тоза.
Номингиз улуғ - супрангиз...(албатта тўлиқ)
Одамларга ўхшаб яшасангиз бўлмайдими? Бўлганда биз сиз билан ҳамкасб бўлмасдик!
Байрамингиз муборак бўлсин, азиз Журналистлар!
вторник, 21 июня 2016 г.
МАҒРУР ОТАХОН
Ишдан қайтишда қарийб ҳар куни
уйдаги “ошхона хўжайини”нинг буюртмалари битилган СМС-муждаси сабабли ҳарид
учун супермаркетга киришга тўғри келади.
Тунов куни ҳам Себзордаги
“Sunday” супермаркетига кириб кетаётсам, унинг эшиги яқинида бир неча
китобларни ёйиб ўтирган отахонга кўзим тушди. Шошиб турганим учун унча эътибор
бермадим.
Иккинчи куни ҳам яна ўша ерда
ўтирганди. Аста кетаётиб, ўша отахоннинг бир одамга айтаётган гаплари қулоғимга
чалинди: “Дори олишим керак, шунга китоб сотиб ўтирибман”... Хаёлдан отахон
ҳақида ҳар турфа фикрлар ўтди. Майли, бу гумонларни айтиш жойиз эмас.
Хуллас, кеча яна супермаркетга
кирадиган бўлдим. Борсам, отахон ўз жойида. “Дори учун...”, деган гаплари ўша
кунда буён хаёлимда айланиб юрувди. Бир ҳол сўрамоқчи бўлдим. Салом бериб,
ёйилган китобларни кўргандек бўлдим.
-Ие, бу китоблар муаллифи
ўзингизми?
-Ҳа, ўзим.
Янада ҳам қизиқишим ортди.
Шеърлар, насрий асарлар, журналда чоп этилган публицистик материаллар...
Танишсам, асли Шинжон(Хитой)лик ўзбек экан. Ҳозирда Тошкентда яшаб, ижод қилар
экан.
- Қалай бўлаяпти савдо?
-Ҳа, бир нави...
-Сизда кўпроқ шеър китоб экан.
Насрий асарларни бозори чаққон ҳозир...
-Шунақага ўхшайди. Мажбур
бўлмаганимда сотибам ўтирмасдим...
-Нега?
-Ўзимни ғурурим сабаб ҳаммасига?
-Тушунмадим...
-Уч ой олдин аварияга учрадим. Водийдан келишда ҳайдовчи
ухлаб қолиб, йўл четида турган Камазга бориб урди. Елкам синди, жароҳатландим.
Ўшандан бери даволанаман. Насибам бор экан, омон қолдим. Яратганга минг шукр.
Ҳайдовчи айбини тан олиб, дори-дармонларимни олиб бераман, деди. Мени ғурурим йўл
қўймади. “Йўқ, керак эмас. Ўзимни қурбим етади. Даъвоим йўқ”, деб жўнатвордим.
Ишонасизми, инсофи йўқ одам экан. Пулини олмадим, шунга яраша “Отахон,
омонмисиз”, деб ҳол сўраб турса бўлади-ку! Тўғрими? Йўқ, у ярамас шу бўйи бадар
кетди. Жуда ҳафа бўлдим.
-Нега олмадингиз бераман, деса?
-Эҳ, ўғлим. Мен доим одамларга бериб, ёрдам
қилиб ўрганиб қолган эканман. Виждоним йўл қўймади. Бор будим шу дориларга кетаяпти.
Мана, энди ҳарна деб китоб сотиб ўтирибман. Жабри ўзимга...
Уни гапларини тинглаб туриб, қандай муносабат билдиришни ҳам билмадим. Тик
оёқда турмай, дедим-да, бетонга ўтирдим. У бир қараб гапларини давом эттирди.
- Одам эртага нима бўлишини билмас экан-да. Шу
сотган китобни пулига дори оламан.
- Боя айтганимдек ҳозир кўпроқ насрий
асарларга талаб бор. Шеърга камроқ, менимча..
-Уйда насрий асарларим тиқилиб ётибди. Уларам
бир нечта китоб бўлади. Сиз нима иш қиласиз?
-Мен журналистман.
-Қаерликсиз?
-Водийлик.
-Биласизми, мен сизга иккита гап айтмоқчиман:
Бири шуки: Ҳеч қачон бетонга ўтирманг! Яхши жойларда, яхши курсиларда ўтиринг!
Сабабини билдингиз-а? Иккинчиси: Ихчамгина экансиз! Бу гавда динимиз учун айни
муддао. Ҳеч қийналмай ибодат қила олиш имконига эга экансиз! Бундан фахрланинг!
Буни айтишни Худо дилимга солди. Ҳар биримиз Яратганнинг гапларини етказувчи
воситалармиз!
Бетонга ўтирса, заҳ ўтишини билардим, лекин
ихчам жуссам ҳақида, рости, бунақа фикр ўтмаганди. Тўғри гап учун ундан
миннатдор бўлдим.
-Раҳмат, яхши фикрларингиз учун. Агар, йўқ
демасангиз, менга дориларингиз рўйхатини бир кўрсатинг.
Тўғриси, имкониятими жуда тўлиб-тошиб турмаган
бўлсам-да, чин дилдан ёрдам бергим бор эди. У эса жилмайиб турди-да, деди.
-Ука, мана шу гапингиз учун ҳам раҳмат. Айтдим-ку,
мен ҳеч қачон бировдан бир нарса олмаганман. Шу китобларнинг пулини етказиб
турибман. Раҳмат, ўғлим. Майли, жуда ёрдам бергингиз келаётган бўлса, бирорта
китобимни ҳарид қила қолинг. Ижодкор экансиз, бошқа сафар сизга албатта текинга
бераман, деди.
Мен ўзимча ўйладим. Ўзимни кимлигимни, уни тахминан танишимни айтганим учун ҳам рози бўлмади. Ийманди. Яна
ким билсин. Бироқ бир китоб сотиб олдим. Мен сотиб
олган китобга дастхат қўйиб, боғланиб туриш учун телефон рақамини ҳам ёзиб берди.
Буни қоралашимнинг сабаби бор: кимдадир шу қутлуғ, саодат эшиклари очилган Рамазон кунларида САВОБ ОЛИШ умиди бўлса, отахондан бир ҳол сўранг. У инсон ҳар куни Себзордаги «Sunday» супермаркети (“Офтоб” ресторани қаршисидаги) эшиги тагида китоб сотиб ўтиради...
![]() |
| Бу китоб ўша отахон ҳақида ёзилган. Рақамлари: 98 312-36-39 |
понедельник, 6 июня 2016 г.
ФАРИШТА (воқеи ҳикоя)
Бир
танишим бор: Қобил ака. Исми жисмига мос қобил, билимли ва яхши инсон. Бир
нечта хорижий тилларни билади. Суҳбатлашиб, асло зерикмайсан. Жуда одамохун,
мулоҳазали ва камтар инсон.
Одатий
суҳбатларнинг бирида ўша инсон ўзи билан боғлиқ воқеани гапириб берди. Улуғ Рамазон
ойида ибратли ҳикояни сизга илиндим:
“Мен
ўзимни жуда омадли ва бахтли инсонман, деб ҳисоблайман. 25 ёшимда Ҳажга бориш
насиб этган. Бу ҳам Яратганнинг марҳамати. Ўшанда Ташқи ишлар вазирлигида
ишлардим. Ўзбекистонлик ҳожиларни олиб бориш ва олиб келиш билан боғлик
ташкилий ишларга мен ва бир ўртоғим жалб қилиндик. Cафарга кетиш олдидан
ўртоғим ёнимга келиб, 3-4 ҳажмли фотосуратни бериб, “Ўртоқ, бу бобомнинг расми.
Ёшлари 91 да. Илтимос, сафарда уларга ўзинг кўз-қулоқ бўларсан”, деди. Мен
“албатта”, дея расмга бир назар ташлаб, кейин чўнтагимга солиб қўйдим.
Тайёргарликлар ниҳоясига етиб, Улуғ
шаҳар сари учдик. Етиб боргач, ҳаммаларини бирма-бир Ўзбекистонликлар
терминалидан олиб чиқиб, керакли жойга еткузгинимизча анча қийналдик. Кўп одамни
бошқариб, барча расмиятчиликларни тўғрилашнинг ҳам ўзига яраша машаққатлари
бор экан. Бу борада тажриба йўқлиги боисми, анча қийналдик, бошларим оғриб кетди. Ўтган
икки-уч кун жуда оғир ўтди. Шу боис, бир оз чалғиш ва ҳавони янгилаш мақсадида,
аэропорт яқинида айланиб юрдим.
Теварак-атрофни томоша қилиб,
ўткан-кетганларни кузатиб юрсам, четроқдаги ўриндиқда юкларига бошини қўйиб
ётган бир одамга кўзим тушди. Бирортаси чарчаб, озгина хордиқ
чиқараётгандир-да, деб ўйладим. Яқинроқ боргач, ташқи кўринишидан ўзбекка
ўхшади. Ёнига борсам, кўзини юмиб, ухлаб ётибди. Аста уйғотдим:
-Хой,
отахон! Ўзбекмисиз?
Отахон кўзини очди.
-Ҳа, ўғлим,
ўзбекман.
-Туринг, бу
ерда нима қилаяпсиз? Гуруҳдан ажраб қопсизу! Юринг, мен сизни ўзбекистонликлар
ёнига обориб қўяман.
Отахонни турғиздим ва энди
етакламоқчи бўлдим. Қарасам, юришга ҳоллари йўқдай. Сал наридаги ногиронлар
учун аравачани олиб, отахонни унга ўтқаздим ва тўғри Ўзбекистонликлар гуруҳига қўшдим.
“Бўпти, отахон, энди гуруҳдан ажраманг”, деб, зиёратчилар орасидаги иккита
ёшроқ йигитни чақириб, “Отахонга ёрдам бериб юринглар, ҳамроҳлари йўқ экан,
савоб бўлади”, деб, отахонни уларга қолдирдим ва бошқа ишларни битиргани
кетдим...
** ** **
Мадинаи мунаввара шундай улуғ
манзил. У ердаги ҳар бир ишда бир ҳикмат бор. Бунга бир неча маротаба амин
бўлдим.
Бир
куни зиёртачилар орасидаги отахонлардан бири ҳафахол, хомуш бўлиб, бир нарсалар
деб, ғудраниб ўтирибди. Аста ёнига бориб, “Тинчликми, отахон? Нима гап”, дедим.
Отахон “Ҳамёнимдаги бор пулимни ё тушириб қўйдим ёки ўғирлатдим”, деди. Мен
чўнатгимга қўл солсам, 200 АҚШ доллари илинди. Уни олиб, “Мана, отахон, олинг,
ишлатарсиз”, дедим.
Буни
кузатиб турган шеригим меҳмонхонага қайтганимиздан сўнг, “Ўзи хизмат сафаридаги
озиқ-овқат пуллари тийин-тийинигача ҳисобли бўлса, нима қилардинг бегона одамга бериб”, деди.
Мен “Майли, қўявер, кўрдинг-ку шароитларини. Чин дилдан бердим”, дедим. Дўстим
эса “э барибир, бекор бердинг”, деди. “Дўстим, бу бекор эмас. Ҳаммаси Яратганни
ҳисоб-китоби”, дедим. Шеригим ҳайрат билан “нега” деб сўради. “Биласанми, бу отахон
отамнинг синфдош дўсти бўлади, бирга ўқишган. “Ғунча” кинотеатрида контролёр бўлиб
ишлаган. Кичкина бола чоғимда кинотеатр ёнида қизиқсиниб, куймаланиб юрганимда, “Ҳой,
ўртоғимни ўғли, кел, кинога кирасанми?”, деб, кўпинча мени текинга кинотеатрга
киритиб юборарди. Кўрдингми, ҳеч бир нарса ўз-ўзидан эмас. Мана ўша пайтдаги яхшилик бугун қайтди”, дедим. Ўртоғим
русча мактабда ўқиган учун, бунақа гапларга ишонмас, тушунмасди ҳам. “Э, барибир, бекор
бердинг”, деди. Мен эса бундан фақат хурсанд бўлдим...
** ** **
Ўзбекистонлик
зиёратчилар қувайтлик одамга тегишли катта меҳмонхонага жойлашди. Расмиятчилик
туфайли, гаплашавериб, меҳмонхона директори билан анча танишиб қолдик. У жуда
самимий, камтар, саҳоватли, асл мўмин киши экан. Нархларини ҳам биз учун
тушириб берди. Нима керак бўлса, ҳаммасини тўғрилаб берарди. Ишонасизми, ўзи
миллиардер, лекин оддий мотоцикл ҳайдарди. Мободо у бу-нарса керак бўлиб қолса,
“кетдик” деб мотоциклига ўтирғизиб, ўзи бирга юриб, хожатимизни чиқарарди. Меҳнатдан
қочмасди. Қойил қолардик.
** ** **
** ** **
Муқаддас
Каъбатуллоҳни айланиш пайти. Тумонот одам, тиқилинч. Амалларни бажариб,
ташқарига чиқдик. Шеригим ранги оқариб, кесилган ҳамёнини кўрсатди. Беш юз АҚШ
долларини “уриб” кетишибди. Хонага қайтиб, кўп хуноб бўлди, ўғирлаганни бўралаб
сўкди. Мен “Ҳай, ўртоқ, қандай муқаддас жойда эканингни унутдингми? Бўлди, сиқилма.
Барибир, энди бундан фойда йўқ. Бир гап бўлар. Менда пул бор-ку” дедим. “Алам қилаяпти,
ўзинг яхши биласан-ку шароитимизни”, деди. “Майли, буни шунчаки унут. Бундан бошқа йўл
йўқ”, дедим.
Шу
пайт дўстим мен отахонга 200 долларни бериб, юборган пайтимда айтган гаплари хаёлимдан ўтди. Сабоқ чиқариши учун дўстимга ана шундай қисмат бўлди, деб
ўйладим.
** ** **
Ҳа,
айтганча, шу орада ўриндиқда ухлаб қолган отахон билан яна кўришиб қолдим. “Отахон
қийналмаяпсизми, соғлигиз яхшими”, деб хол сўраб қўйдим.
** ** **
Барча
маросимлар тугаб, юртга қайтиш вақти бўлди.
Ҳаммани бирма- бир текшириб, самолётга чиқариш бошланди. Жараённи кузатиб турсам, бир зиёратчи
назоратчининг гапини тушунмай, бесаранжом бўлиб турибди. Яқироқ борсам, яна ўша
отахон. Олдига бориб, “Отахон у сиздан паспорт сўраяпти”, деб ҳамёнларини очиб, ичидан
пасортни олдим ва ичини очиб қарадим. Не кўз билан кўрай-ки, у сафар олдидан
ўртоғим “кўз қулоқ бўлиб турарсан”, деб берган расмдаги отахон. Ишларимга
чалғиб, расм кўйлакдаги чўнатигимда, Тошкентда қолиб кетган экан. Яратганинг
ишларига қойил қолдим...
** ** **
Хуллас,
ҳожиларни самолётган чиқариб, Ватанга кузатиб қўйдик. Ўзимиз бир оз шаҳар
айланиб, дам олиб, кейинроқ қайтишга қарор қилдик. Қайтар чоғимизда ҳалиги
меҳмонхона эгаси иккимизни хонасига чақирди. Кирдик. Ўтирғизиб, кўп яхши
гапларни гапирди:
-Иккалангизга
катта раҳмат. Зўр йигит экансизлар! Хизматларингизни жуда яхши бажардингиз.
Қойил қолдим. Раҳмат сизларга! ИншОллоҳ, катта савобга эга бўлдингиз. Мени
сизларга арзимаган туҳфам бор! Шуни қабул қилинглар. Буни чин юракдан
бераяпман! Илтимос, қабул қилинглар!
У
столидаги тортмадан иккита конверт олиб бизга узатди. Биз ҳайрон бўлиб, раҳмат
айтиб чиқиб кетдик. Хонага келиб, конвертни очсак, ичида 600 динор, яъни 1.700
АҚШ долларига тенг пул. Шунда ўртоғимга “Кўрдингми, дўстим, бу ерда ҳеч бир иш
шунчаки содир бўлмайди. Менинг 200 долларим 1700 бўлиб қайтган бўлса, сен
ўғирлатган 500 долларинг 3 карра ориғи билан қайтди”, дедим. Ўртоғим бундан
қаттиқ таъсирланди. Ҳажда юриб, ибодат қилмаган одам, “Бўлди, мен ҳам намоз
ўқийман. Илтимос, менга ўргат”, деди. Мен унга намоз ўқишни ўргатдим...
** ** **
Шундай
қилиб, икки-уч кундан сўнг, Ўзбекистонга қайтдик. Уйимга бобосига қараб туришни
илтимос қилган ўртоғим келди. “Раҳмат, сенга. Бобомга у ёқда анча ёрдам
берибсан. Ҳаж муносабати билан йиғин қилаётгандик. Бобом ўртоғингни ҳам чақир,
дедилар. Алоҳида тайинладилар. Албатта, боришинг керак”, деб маросимга айтиб
кетди.
Мен
айтилган куни дўстимнинг уйига бордим.
Дарвоза қаршисида оппоқ соқолли ҳалиги отахон мени кўриб, бошқача хурсанд бўлиб
кетдилар. Бу юз-кўзларидан кўриниб турарди. Бир мудда мени маҳкам бағрига босиб турдилар. Мен нима бўлаётганини тушунмай қолдим. Нега бунақа узоқ
қучоқлаб турганларидан хижолат бўлдим. Сўнг мени уйга етаклаб кирдилар. Бир хонада бир неча онахонлар ўтиришган экан.
Отахон остонада тўхтаб, “Кампир, мен айтган фаришта - мана шу йигит!”, дедилар.
Мен “нега унақа деяптилар, ҳазил қилдилар шекилли”, деб хижолат тортдим. Уйи ичидаги
онахонлар мени узоқ дуо қилишди.
Сўнг
эркаклар тўла катта хонага олиб кириб, энг юқори жойга ўтказиб қўйдилар. Мен
нега бунчалик ҳурмат кўрсатаётганларини тушунмай, ўзимни беўнғай ҳис қилардим.
Шунда бир одам (билсам, бобонинг куёвлари экан) “Ҳожи ота, Ҳаждаги воқеани айтиб
беринг”, деди. Мен “ҳа энди, бирор бир қизиқ воқеа айтсалар керак”, деб
ўйладим.
Отахон ҳикояни бошладилар:
“Ўзи
Ҳажга ҳамроҳ билан бормоқчи эдим. Лекин сўнгги
дақиқаларда ҳужжат тўғри бўлмади. Ноилож ўзим кетадиган бўлдим. Шукрки, қўл-оёғим
бут, ўзим юра оламан, деб уйдагиларни хотиржам қилдим. Хуллас, ҳамма жараёнлар ўтиб,
Ҳажга кетдик. Аэропортдан чиқишим билан кўз олдим қоронғулашиб, хушим бошимдан
учгандек бўлди. Оёқларимдан мадор кетди. Бир амаллаб четдаги ўриндиққа етиб
олдим. Бир пас нафас ростладим. Қарасам, барибир бўлмаяпти. Сафар ҳалтани
бошимга қўйиб, бир оз нафас ростлаб олишга қарор қилдим. Кўзимни юмиб ётиб,
Аллоҳга илтижо қилдим: Э, Аллоҳ! Шунча йил сени розилигинг учун барча
буюрганларингни бажардим. Масжид кутубхонасини юритдим. Ўтинаман, мени жонимни
бу ерда эмас, ўз Ватанимда, ўз уйимда, фарзандларим ёнида ол. Сендан ёлвориб
сўрайман, ўзинг мадад, куч-қувват бер, дедим. Орадан қанча фурсат ўтганини
билмайман. Кейин билсам, ўша ерда 3 кун қимирламай ётибман...
Бир
пайт кимдир мени туртиб, ўзбекчалаб “Хой, отахон! Ўзбекмисиз? Туринг”, деяпти.
Қарасам оппоқ либосдаги Фаришта. Ўйладим, Худо нолаларимни эшитиб, менга
фариштасини юборибди-да. Яна ўзбекча гапираяпти. Ёш йигит кўринишида. Шоша-пиша
“Ҳа, ўғлим, ўзбекман”, дедим. Фаришта эса “Туринг, бу ерда нима қилаяпсиз?
Гуруҳдан ажраб қопсизу! Юринг, мен сизни ўзбекистонликлар ёнига обориб қўяман”,
деб қўлларида кўтариб, учиб ўзбекистонликлар ёнига ташлаб, кўздан ғойиб бўлди. Яратганнинг
ёрдами учун шукрона келтирдим. Бу орада ҳалиги Фаришта яна пайдо бўлиб, мендан
хол-ахвол сўраб, ғойиб бўлди. Кетаётган пайтимда аэропорт ходими арабчалаб бир
нималар деяверди. Мен унинг гапларини ҳеч тушуна олмадим. Шунда, кутилмаганда,
ҳалиги Фаришта яна пайдо бўлди. У паспортимни кўрсатишим кераклигини айтди ва
яна ғойиб бўлди. Ўша Фаришта йигит мана шу Қобилжон бўладилар. Отасига минг
раҳмат”, деди отахон...
Отахон
менга кўпдан кўп раҳмат айтиб, узоқ дуо қилдилар. Орадан бир ойлар ўтиб, ўз Ватанида, фарзанду набиралар ёнида вафот этдилар...
Бу
Ҳаж билан воқеаларнинг мингдан бири. Менимча, бундай ибратли ҳикоялар Ҳажга
борган ҳар бир инсонда бўлса керак. У ер ана шундай мўъжизавий муқаддас Маскан...”
Қобилжон ака сўйлаб берган Ҳаж ҳикоялари менга қаттиқ таъсир қилди ва буни қоғозга туширишга аҳд қилдим...
Қобилжон ака сўйлаб берган Ҳаж ҳикоялари менга қаттиқ таъсир қилди ва буни қоғозга туширишга аҳд қилдим...
Подписаться на:
Сообщения (Atom)


















